Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:21

"Катта еттилик" Россияни "масъулиятсизлик ва зарарли ҳаракатлар"да айблади


"Катта еттилик" ташқи ишлар вазирлари Лондондаги саммитда - 4 май, 2021
"Катта еттилик" ташқи ишлар вазирлари Лондондаги саммитда - 4 май, 2021

Чоршанба куни дунёнинг саноати ривожланган етти давлати вакилларининг сўнгги икки йилдаги илк юзма-юз учрашуви якунланди. G7 гуруҳи дунёдаги энг долзарб геосиёсий масалалар, шу жумладан, иқлим ўзгариши ва пандемиядан кейинги тикланиш каби мавзуларни қамраб олган якуний баёнот эълон қилди.

Баёнотда «Катта еттилик» Хитойни инсон ҳуқуқларини бузишда ва демократия тарафдорларига тазйиқ ўтказишда айблади ҳамда Россиянинг Украинага қарши тажовузидан хавотир изҳор қилди.

Шунингдек, мезбон Буюк Британия ҳамда АҚШ, Франция, Германия, Италия, Канада ва Япония ташқи ишлар вазирлари Теҳронни Эрон қамоқхоналарида сақланаётган чет эл фуқароларини ва икки давлат фуқаролигига эга шахсларни озод қилишга чақирдилар.

Бундан ташқари, «Катта еттилик» ташқи ишлар вазирлари февраль ойида давлат тўнтаришини амалга оширган Мьянма ҳарбийларига қарши янги санкция жорий қилинишини айтиб таҳдид солдилар.

Лондон марказида учрашган вазирлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX (Камбағал давлатларга коронавирусга қарши эмлашда ёрдам) халқаро механизмини қўллашга келишиб олдилар.

Аммо камбағал давлатларни вакцина билан таъминлаш мақсадида қўшимча маблағ ажратилиши тўғрисида ҳеч қандай баёнот эълон қилинмади.

Келаси ой Англиянинг Корнуолл шаҳрида «Катта еттилик» раҳбарлари саммити бўлиб ўтади. Унда АҚШ президенти Жо Байден илк маротаба қатнашади.

«Биз ҳамкор мамлакатлар билан кўп қиррали тизим доирасида сайёрамиз учун янада тоза, эркин, адолатли ва хавфсизроқ келажак қуриш йўлида биргаликда ишлашни ваъда қиламиз», дейилади гуруҳ ташқи ишлар вазирлари эълон қилган қўшма баёнотда.

Хитой ва Россия танқиди

«Катта еттилик» ташқи ишлар вазирлари баёнотида Хитой кескин танқид қилинди. Вазирлар Пекинни халқаро ва маҳаллий қонунлар бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришга чақиришди.

Дипломатлар Шинжонда ва Тибетда озчилик гуруҳлар ҳуқуқлари бузилаётганидан «чуқур хавотир» изҳор қилдилар ва Гонконгда ҳуқуқ намойишчиларига босимни тўхтатишга чақирдилар.

Айни дамда, гуруҳ Пекин билан ҳамкорлик қилишга ҳозир эканини изҳор қилди.

«Биз минтақавий ва глобал тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни тарғиб қилишда Хитой билан ишлаш имкониятларини излашда давом этамиз», дейилади гуруҳ баёнотида.

«Катта еттилик» дипломатлари раҳбарлари сўнгги йилларда кучайиб бораётган унилатерализм ва глобал институтлардан чекиниш сиёсатидан воз кечиб, глобал таҳдидларга қарши биргаликда курашиш аҳамиятини урғуладилар.

Улар Украина чегарасида қўшин тўплаган Россияни «масъулиятсиз ва беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатлар», «зарарли кибер-фаолият», дезинформация ва ғаразли разведка фаолияти билан шуғулланишда айбладилар.

Коронавирус вакцинаси

Фаоллар «Катта еттилик»ни коронавирус пандемиясига қарши курашдаги тенгсизликларни бартараф этишга чақириб келади. Ғарб давлатлари ўз эмлаш кампанияларини кучайтириб, иқтисодиётларини қайта очар экан, камбағал давлатлар ортда қолмоқда.

Глобал миқёсда аҳоли 1.2 миллиарддан ортиқ доза COVID-19 вакцинаси билан эмланган, аммо бу дозаларнинг бир фоиздан камроғи энг кам ривожланган мамлакатларга тўғри келади.

COVAX дастуридан кўзланган мақсад бадавлат давлатлар кўмаги билан қашшоқ давлатларни вакцина билан таъминлашдир. «Катта еттилик» ташқи ишлар вазирлари COVAX ва бошқа эмлаш дастурларини давом этишларини изҳор қилдилар, аммо бу дастурлар учун қўшимча маблағ ажратмадилар.

XS
SM
MD
LG