Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:44

“Малика” ярмаркаси ёпилганида норозилик билдирганлардан дўконлари олиб қўйилди


Тошкентдаги “Малика” ярмаркаси (“Флешка” савдо маркази) тадбиркорларининг Озодликка айтишича, ўтган ой ярмарка 15 кунга ёпиб қўйилган пайтда ошкора норозилик билдирган тадбиркорлардан дўконлари олиб қўйилган.

Дўконсиз қолган дўкондорлар

Тошкентдаги “Малика” ярмаркасида савдо қилувчи тадбиркорлардан олинган маълумотга кўра, шу пайтгача якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатиб келган савдогарлар эндиликда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши ва дўконда ишлайдиган ишчилар билан меҳнат шартномаси тузиши шарт қилиб қўйилган.

Озодликка мурожаат қилган тадбиркорларга кўра, ярмаркада ишлаб келган тадбиркорларнинг 30 фоизи билан янги шартнома имзоланмаган:

“Мен 2012 йилдан бери шу ярмаркада ишлаб келганман. "А" блокда аппаратура сотганман. Дўконни таъмир қилиш учун жами 7 минг доллар сарфлаганман. Жумладан, эшик-ойналарини 1700 долларга алмаштирганман. Бугунга келиб дўконимни олиб қўйишди. Фақат 70 фоиз тадбиркор янги шартномага эга бўлди”, деди исмини очиқламасликни сўраган тадбиркор.

Бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, у билан ҳам шартнома имзолашдан бош тортишган:

“Мен билан шартнома имзоламаганларининг сабаби – март-апрель ойида ярмаркани ёпиб қўйган пайти матбуотга чиқиб, гапирган эдим. Шунинг учун менга шартнома беришмади. Эсласангиз, тадбиркорлар йиғилиб, кичик норозилик ҳам ўтказганди. Шу норозилик пайти актив қатнашганлар ҳам шартномасиз қолди”, деди тадбиркор йигит.

Апрель бошида ўтказилган 500 кишилик норозилик митингидан олингани айтилаётган сурат
Апрель бошида ўтказилган 500 кишилик норозилик митингидан олингани айтилаётган сурат

Шартномасиз қолган тадбиркорлар иддаосига кўра, айрим тадбиркорлар “хайрия пули” сифатида сўралган пулни бермагани учун дўкони олиб қўйилган:

“Тадбиркорлардан 82 миллион сўм пул сўрашди. Кўпчилик бир пачка “кўки”дан- 10 минг долларни нақд бериб, янги шартномалик бўлишди ва дўконларини сақлаб қолишди. Айримлар бу суммани счёт орқали ўтказиб берди. Буни ярмаркани таъмирлаш учун “хайрия пули” сифатида расмийлаштиришди. Лекин мен пул беришга қўрқдим. Ярмарка раҳбарияти тез-тез алмашаяпти. Яна бошқа одамга ўтиб кетса, нима қиламан. Пул бериб, куйиб қолмай деб, пул бермадим. Шу сабаб дўконсиз қолдим”, дея иддао қилди исмини очиқламасликни сўраган тадбиркор.

“Малика”га ҳокимлик эга чиқди

Ўзбекистон Давлат мулк қўмитасининг 1994 йил 28 июндаги қарори билан, "Малика" Трикотаж ишлаб чиқариш бирлашмаси акционерлик жамиятига ўзгартирилган ва акцияларнинг 29 фоизи рус инвесторларига сотилган.

2009 йилда банкрот ҳолатига келиб қолган "Малика" АЖси 55,86% улуши билан янги ташкил этилган "Lessor Plyus” ширкатига сотилган.

“Малика” ярмаркаси орадан 24 йил ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига қайтарилди.

Ҳокимлик ходимига кўра, суд 24 йил аввал “Малика” ярмаркаси хусусийлаштирилган пайтда қонунбузилишларга йўл қўйилганини аниқлагани сабаб, савдо маркази ҳокимликка қайтарилган.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатда 2017 йил Тошкентнинг собиқ прокурори Мирағлам Мирзаевнинг шахсий имзоси остида “Малика” ОАЖи мулкига 1994 йилда берилган давлат ордерлари ва ҳуқуқий ҳужжатлари “ҳақиқий эмас деб топиш” ҳамда “Lessor Plyus” эгалигидаги бинолар “давлат ҳисобига қайтариш” тўғрисида киритган даъво аризаси борлигини ҳам кўриш мумкин.

"Lessor Plyus” ширкати расмийлари "савдо мажмуаси Мирағлам Мирзаев одамлари томонидан рейдерлик йўли билан тортиб олингани" иддаоси билан Европа судига мурожаат қилган. Ҳозирча суд жараёни бошланмади.

1 март куни Озодлик Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари мулозимлари ва бевосита гувоҳларга таянган ҳолда¸ расмий лавозимига кўра¸ Тошкент шаҳар прокурорининг 1-ўринбосари бўлгани ҳолда¸ бутун прокуратура тизимини бошқариб келгани айтиладиган Мирағлам Мирзаев¸ унинг хотини ва ўғлининг 23 февраль куни махсус рейд билан олиб кетилганини хабар қилган эди.

Бу хабарни 22 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси тасдиқлаган.

Уч томонлама шартнома

Озодликка 24 май куни маълум бўлишича, ярмаркани шаҳар ҳокимлигига қайтариш борасидаги қарор жорий йил февралида қабул қилинган бўлиб, уни бош вазир Абдулла Арипов имзолаган.

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Premium Prime Service фирмаси ҳокимликнинг Бинолардан фойдаланиш департаменти ва Давлат мулкини ижарага бериш маркази билан уч томонлама шартнома тузиб, “Малика” ярмаркасини ижарага олган.

“Ҳозир ярмарканинг бир квадрат метри учун 200 минг сўмдан зиёдроқ миқдорда ижара пули тўланаяпти. Бу бир миллиард сўмга яқин пул бўлади. Ярмарка хусусий бўлган пайти тўловлар атиги 100 миллион сўм атрофида бўлган” деди ҳокимлик ходими.

Озодлик Premium prime service муассисларидан бири – Сардор исмли шахс билан телефон орқали боғланди. Бироқ Сардор саволларимизни эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Пул айланмаси бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил этиши айтиладиган, маиший ускуналар савдосига ихтисослашган “Флешка” дўконлари кейинги 7 йил ичида бир неча бор кўчирилди.

Шаҳар марказида жойлашган Навоий кўчасидаги савдо расталарида сотувчилик қилган тадбиркорлар 2011 йилда кутилмаганда кўчиш ҳақидаги буйруқни олган ва уч кун ичида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган собиқ "Малика" тикув фабрикаси ўрнидаги янги савдо марказига кўчирилган эди.

Навоий кўчасидаги ярмаркалар бузилиб, уларнинг ўрнида кўп қаватли уйлар қурилди.

XS
SM
MD
LG