Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:09

Блогер руҳий касалхонага очлик эълон қилгани учун ётқизилгани маълум бўлди. Омбудсман уни бориб кўрди


 Блогер Шабнам (Нафосат) Оллашукурова.
Блогер Шабнам (Нафосат) Оллашукурова.

21 октябрь куни Омбудсман бошчилигидаги махсус комиссия руҳий касалликлар диспансерига мажбуран ётқизилган блогер Нафосат (Шабнам) Оллашукурова билан учрашди.

Шу куни Оллашукурова яқинлари билан ҳам учраштирилди.

Ушбу учрашув арафасида тармоқларда тарқатилган видеодан маълум бўлишича, Нафосат Оллашукурова 10 кунлик қамоқ жазосини ўтаётган пайти қамоқхона ичкарисида норозилик сифатида очлик эълон қилган.

Озодлик 21 октябрь куни қўлга киритган суд қарорида таъкидланишича, маҳкама ҳайъати Оллашукурованинг очлик эълон қилганини “унинг руҳий ҳолати бузилиши” деб топган ва шу сабабга кўра уни мажбуран руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирган.

Суд қароридан маълум бўлишича, Нафосат Оллашукурова аввал айтилганидек, қамоқ жазосини ўтаб бўлгач эмас, балки қамоққа ташланганидан 3 кун ўтиб, руҳий касалхонага ётқизилган.​

Махсус комиссия учрашуви

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан ташкил қилингани айтилаётган комиссия аъзолари 21 октябрь куни тушдан кейин Хоразм вилоят асаб- руҳий касалликлар диспансерига бориб, блогер Нафосат Оллашукурова билан учрашди.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимига кўра, комиссия аъзолари сони ўндан зиёд бўлган.

“Комиссия аъзолари сафида Омбудсман вакили, Ўзбекистон Хотин- қизлар қўмитаси ва Хоразм вилояти хотин-қизлар бўлими расмийлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимлари, “Эзгулик” ва “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг раҳбарлари бор”, деди мулозим.

Озодлик комиссия аъзоларидан айримлари билан боғланди, бироқ улар жиддий огоҳлантирув бўлгани сабаб учрашув тафсилотларини гапирмасликларини айтишди.

Маълум бўлишича, блогер билан учрашув ҳақида Омбудсманнинг махсус ҳисоботи эълон қилинмагунча комиссия аъзоларига учрашув тафсилотлари ҳақида матбуотга гапириш тақиқлаб қўйилган. Ушбу ҳисоботнинг 22 октябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Душанба куни 32 яшар Нафосат Оллашукурова акаси билан ҳам учраштирилган ва Тошкентда яшаётган ота-онаси билан телефон орқали суҳбатлашишига рухсат берилган.

- Нафосат билан гаплаштирдилар. Телефонда гаплашдик. Отаси билан ҳам, мен билан ҳам гаплашди. Қизлари ухлаб ётгани учун улар билан гаплаша олмади. “Опа мени чиқаришларини сўранг. Чиқсам, ҳаммаси яхши бўлади”, деди. Катта акаси Муроджон ёнида экан. Унга учрашишга рухсат беришибди. “Опа пластик картамдаги пулни тежаб ишлатинг” деди. Худога шукур, қизимнинг овозини эшитдик, дейди Нафосат Оллашукурованинг онаси Холжон Давлетова.

Очлик акцияси

Махсус комиссиянинг блогер Нафосат Оллашукурова билан учрашувидан бир кун олдин ижтимоий тармоқларда унинг қамаоқхонадаги видеоси тарқалди.

Ушбу видеодан маълум бўлишича, Нафосат Оллашукурова 10 кунлик қамоқ жазосини ўтаётган пайти суд қарорига норозилик сифатида очлик эълон қилган.

- Мен суднинг қароридан норозиман. Менга қўйилган айбловлар ноҳақдан қўйилган. Мен очлик эълон қилдим, дейди ҳолсиз аҳволда ўтирган Нафосат Оллашукурова.

Бир дақиқалик видеода бир эркакнинг хоразмча шевада Оллашукуровани сўроқ қилаётгани акс этган. Кадрда эркакнинг фақат овози эшитилади, ўзи кўринмайди.

Эркак Нафосатга очлик қилиш соғликка зарарлигини айтади. Бунга жавобан Нафосат фикридан қайтмаслигини айтади.

- Мен судьяларга, мелисаларга ишонмайман, дейди Нафосат.

Шундан сўнг кадр ортидаги эркак Нафосатнинг очлик акцияси ўзининг жонига қасд қилиш ҳаракати эканини айтиб, “Сиз жонингизга қасд қилишни кўзлаб турибсизми?” дейди. Эркак Нафосатдан “Ҳа” жавобини олмагунча бу саволни қайта-қайта беради.

Ушбу видеодаги эркакнинг Нафосат билан савол-жавоби ижтимоий тармоқларда қоралангани кузатилди.

Жумладан, Фейсбук фойдаланувчиси @JamshidMuslimov шундай ёзади:

“Шабнам Оллошукуровага нисбатан жаллодлик психиатрияси амалга оширалаётган кўринади. Вазият ниҳоятда жиддий. Нима учун кадр орқасидаги шахс қайта-қайта "жонингизга суиқасд қиляпсизми?" деб сўраб "ҳа" демагунича қўймади? Нимага тайёрлаяпти? Очлик эълон қилиш бу фуқаролик кураш тури, руҳий касаллик ёки депрессияга тушиб қолган инсоннинг ўз жонига суиқасди эмас! Буни бутун жаҳон билади!".

Маҳмуд Ражабнинг "юриши"ни ëритган блогер қамоқдан кейин руҳий касалликлар диспансерига ётқизилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:29 0:00

Суд қарори

Нафосат Оллашукуровани мажбурий равишда руҳий касалликлар диспансерига жойлаштириш ҳақида фуқаровий ишлар бўйича Урганч туманлараро судининг 30 сентябрдаги қарорини Озодлик 21 октябрь куни қўлга киритди.

Суд қароридан маълум бўлишича, Нафосат Оллашукурова аввал айтилганидек, қамоқ жазосини ўтаб бўлгач эмас, балки қамоққа ташланганидан 3 кун ўтиб, 26 сентябрь куни руҳий касалхонага ётқизилган.

Суд Оллашукурованинг очлик эълон қилганини "унинг руҳий ҳолати бузилиши" деб топган ва уни мажбуран руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирган.

Нафосат Оллашукурованинг ўзи иштирок этмаган ушбу суд мажлисида гувоҳ сифатида қатнашган Фазилат Тажиева Нафосат Оллашукурова билан боғлиқ тиббий комиссия аъзоси эканини айтиб, “Беморнинг овқатланмаслиги уни руҳий ҳолатини бузилиши деб ҳисоблаш ва даволаш учун асос бўлишини, чунки беморнинг овқатланмаслиги ўзининг соғлигига салбий таъсир қилишини, руҳий ҳолатига кўра айни пайтда Оллашукурова Нафосат Болтабаевна даволанишга муҳтожлигини, унинг даволанмаслиги унинг ўзининг соғлигига салбий таъсир кўрсатишини билдирган”. (Суд қароридан иқтибос)

Судя Ш. Исмаилов шунга асосан Нафосат Оллашукуровани ғайриихтиёрий тартибда психиатрия шифохонасига ётқизиш ҳақида қарор чиқаради.

Блогер ҳимояси учун

Нафосат Оллашукурова шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг “Тошкентга юришини” ëритгани ортидан 10 кунлик қамоқ муддатига ҳукм қилинган. Қамоқхонада норозилик сифатида очлик эълон қилгани сабаб руҳий касалхонага ётқизилган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (ЖҲҚҚ) Ўзбекистон маъмурларини руҳий касалликлар диспансерига ётқизилган блогерни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Ўзбекистон расмийлари воқеаларни эркин ёритишлари учун барча журналистларга изн бериши лозим, деди 8 октябрь куни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури мувофиқлаштирувчиси Гулноза Саид.

“Агар Ўзбекистон ўтказаётган ислоҳотлари жиддийлигига дунё ишонишини истаса, журналистларни руҳий касалхоналарга ётқизиш каби тоталитар усуллардан фойдаланмаслиги керак”, деди Гулноза Саид.

Жонли чиқишлари билан танилган блогер

Шабнам Оллашукурова блогерлар сафига бир йилча аввал қўшилган. Асосан, Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилди. Чиқишларида асосий эътиборни ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан шахсларга қаратди. Яна у Тошкентда расмий идоралар олдида бўладиган норозилик пикетларини тармоқлар орқали жонли ёритадиган блогер сифатида танилган.

Икки ой аввал Хотин-қизлар қўмитасининг "ҳуқуқбузарликка мойил" аёллар рўйхатини тузиш қарори кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Ўша пайтда Шабнам Оллашукурова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан Фейсбук орқали жонли интервью қилгани билан ҳам танилган эди.

Шабнам Оллашукурованинг уч ёшга тўлмаган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда Шабнамнинг онаси қараяпти.

Руҳий касалхонага ташланган блогернинг 3 яшар эгизаклари туғилган кунини йиғлаб ўтказди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:39 0:00

XS
SM
MD
LG