Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:51

"Москвада, 2 хонали квартирада 9 ўзбекистонлик яшаймиз. Ҳаммамизга коронавирус юққан"


Жамшид Турдиев - коронавирусдан даволанаётганлардан бири.
Жамшид Турдиев - коронавирусдан даволанаётганлардан бири.

Россия коронавирус юққанлар сони бўйича Италия ва Британия​ни​ ортда қолдириб, дунёда учинчи ўринга кўтарилди. Кунига мамлакатда 11 мингдан зиёд вирус юқтирганлар аниқланмоқда.

Касалликка чалинганлар қаторида Россияда изоляция ҳолатида қолаётган минглаб ўзбек муҳожирлари ҳам бор. Коронавирусдан азият чекаётган ўзбекистонлик муҳожирларидан бири Озодликка қандай кун кечираётганини сўзлаб берди.

Ҳозирга келиб Россияда коронавирус инфекцияси 221 мингдан ортиқ одамда топилди.

Россия президенти Владимир Путин мамлакатда “изоляция режими” узайтирилишини эълон қилди. Жумладан, учинчи маротаба узайтирилаётган “ўзини яккалаш” ҳолати эпидемиологик вазият мураккаблашиб бораётган Москва шаҳри ва вилоятида 31 майгача сақлаб қолинади.

COVID-19 касаллиги билан Россияда яшаётган меҳнат муҳожирлари ҳам касалланаётгани маълум.

Россияда 28 мартдан буён давом этаётган карантин ҳолатида миллионлаб меҳнат муҳожирлари, хусусан ўзбекистонликлар қолмоқда.

Навоийлик 43 яшар Жамшид Турдиев коронавирус юқтирган мигрантлардан бири. Озодлик билан суҳбатлашган муҳожир у яшаётган 2 хонали квартирадаги 9 ўзбекистонликнинг ҳаммаси касал эканини айтади:

- Касаллик бошланганида биз ҳам қўлларимизни ювиб, қўл бериб сўрашмасдан гигиенага қатъий риоя қила бошладик. Аммо, кўпимиз доставкада, магазинларда одамлар билан ишлайди - барибир бу бало кириб келди бизга. Суриштирсак, бошқа таниш квартираларда яшовчилар ҳам касалланган, ўзлари даволаниб, бошқа муҳожирларга юқтирган экан. 2 хонали квартирада 9 кишимиз. Ҳаммамиз касал бўлдик - лекин ҳеч ким дўхтирга мурожаат қилишни хоҳламади.

Жамшиднинг айтишича, касаллик квартирада яшовчиларга ҳар хил таъсир қилган. Суҳбатдош унда пайдо бўлган коронавирус аломатларини батафсил таърифлаб ўтди:

- Мени ёшим каттароқ бўлгани учун бироз оғирроқ кечяпти. Ҳаммага ҳар хил таъсир этаркан. Бир ҳафта олдин бошланган бўлса, битта 25 ёшли йигитимизда бош оғрияпти, холос. Қолганларда юқори ҳарорат, мушаклар оғриғи, йўтал, лабларга учуқ чиқиш, кучли бош оғриқ.

Менда биринчи бош оғриқдан бошланди, кейин ичим қизиди, юрак нотекис тез ура бошлади, тез нафас олишдан бошланди. Кейинги кун ҳарорат кўтарилди, 37-38 бўлиб. Яна икки кундан кейин ҳид ва таъм билиш йўқолди. Тилимнинг учи ва уст қисми таъм сезмай қолди. Ундан кейин томоқ қичишиб, йўтал бошланди. Айниқса кўп гапирсам. Кейин оёқ-бел мушакларида, қўл-оёқ бўғинларида оғриқ пайдо бўлди. Кўз соққаси атрофлари қаттиқ оғрийди. Сал шамолга ҳам сезгирлик ошиб кетди. Шу кунларда жуда қийин бўлди, эрталабгача ухлолмадим.

Бир ҳафтадан бери касалланиб ётган ўзбек муҳожири коронавируснинг асосий белгиларига йўтал ва ҳароратдан ташқари қаттиқ ҳолсизланиш ва ҳаво етишмаслигини ҳам киритиш мумкинлигини айтди.

Жамшид Турдиев айрим хонадошлари касалланганига қарамасдан шифокорларга мурожаат қилишдан бош тортгани ва шу ҳолатда ишга бориб-келаётганини билдирди.

- Хонамизда ишлайдиганлар бор. Ўзи касал, кечаси температура қилади - кундузи ҳарорат бўлмаганда эса кўчага чиқиб, “доставка” қилади, метрога тушади. Чунки уларни бошқа иложи йўқ! “Квартира эгаси тўлайсан, деяпти. Бир ой олдин кечиктириб олган бўлса, ҳозир олдиндан огоҳлантиряпти. Ишламасам кўчада қолиб кетаман”, деяпти-да. Уларни бир нарса қўрқитяпти - пневмония бервориши мумкин, деб, ўпкага. Водийдан фураларда юк кела бошласа, ўшалар билан қайтиб кетмоқчи. Одамларимиз жуда кўпи бу ерда қолиш истаги йўқ. Чунки Россия иккинчи Америка ё Италияга айланиб кетиш хавфи турибди. Ҳалиям бизга қандайдир енгилроқ формаси юқибдими, унча қийнамади.

Жамшиднинг айтишича, хонадошлари кунлик 700-1000 рубль ишлаб, чегаралар очилишини кутиб ётибди.

Жамшид Москвада фаолият юритаётган “Жамоатчилик кенгаши” маркази бепул врачларидан касаллик пневмонияга айланиб кетмаслиги учун нима қилиш кераклиги борасида тиббий маслаҳат олганини ҳам маълум қилди.

У Россияда қолган ўзбекларнинг кўпи ҳақиқатан қийин аҳволда экани ва ҳукумат улар тақдирига оид бирор қарор чиқармаса ёки уларни олиб чиқиб кетмаса, вазият янада мураккаблашишини айтди.

- Бу касал болалар мажбурлигидан ишга чиқиб кетяпти, касаллик тарқатиб! Шаҳардан ташқаридагиларга ҳам пул бермаяпти экан - “Биз касалмиз, келма!”, десак ҳам “Ака, очликдан кўчада ўлгандан кўра, шу ерда ўлганимиз яхши!”, деб келяпти олдимизга уйсиз қолган танишлар. Ўзбекистон ҳукумати бу масала билан жиддий қизиқиши керак. Қайтмоқчи бўлганлар жуда кўп. Ҳамма видеороликдаги “Кетаман!” деган бола устидан куляпти. Лекин у ҳақиқатан ваҳимада эканини тасаввур қилишмаяпти!

Жамшид Турдиев бир нечта квартирада яшовчи касалланган бошқа мигрантларда ҳам вазият шундай экани, улар уйда ётиб даволанаётгани ва касаллигига қарамасдан, ишга чиқишга мажбур эканини билдирди.

Жамшид коронавирусни аниқловчи шифокорлар коронавирус аломатлари аниқланганлардан энди рентген нурланишмас, томографияни талаб қилишмоқда, деди.

- Томографияга эса навбат катта, жуда кам жойда экан томография. Шифохонага асосан Россия фуқаролари мурожаат қилишяпти, рўйхатга олиняпти. Муҳожирларимиз унга етиб боролмайди ҳам. Шу сабабли касалхонага бормасдан, уйда ўтириб даволанаётган муҳожирларимиз жуда кўп! Жуда оғир бўлиб қолганлар бориши мумкин. Касалхоналарда жой йўқ - кўпини “Тез ёрдам” олиб кетмас экан. Бундай давом этаверса яқин муддат ичида Россияда вазият янада оғирлашади, чунки асли касалланганлар 200 минг эмаслиги - улар анча кўплиги аниқ!

Изоляция ҳолати Россиянинг кўплаб минтақаларида 31 майгача узайтирилганига қарамасдан, Москва шаҳри ва Москва вилоятида 12 майдан минтақадаги барча қурилиш-таъмирлаш объектлари ва саноат зоналари ишга тушиши эълон қилинди. Касалланганларнинг тенг ярми Москва шаҳрида аниқланган.

Россия ҳукумати ишчиларга фақат бир талаб қўймоқда - эндиликда гражданлар жамоат жойлари, транспорт ва дўконларда ниқоб ва қўлқопда юришлари шарт.

XS
SM
MD
LG