Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:48

Путин яна Қозоғистонга АЭС қуриш бўйича ўз ёрдамини таклиф қилди. Қозоқ экологлари қарши


Президентлар Қасим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин - Москва, 21 август, 2021
Президентлар Қасим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин - Москва, 21 август, 2021

Россия президенти Владимир Путин, агар Қозоғистон атом электр станцияси қуришга қарор қилса, АЭСни барпо қилиш ва ундан фойдаланишда мамлакат ҳукуматига ёрдам ва дастак беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у 30 сентябрь куни Кўкчатовда ўтказилган минтақалараро ҳамкорлик форуми чоғида маълум қилган.

“Тинчлик атоми соҳасида... Биз ўз қўшниларимиз ва дўстларимиз, жумладан Қозоғистоннинг атом энергетикасини ривожлантиришга оид режаларини диққат билан кузатиб боряпмиз. Россия ўз ҳамкорларига, жумладан қозоғистонлик ҳамкорларига ҳам атом электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланишда кўмак ва дастак таклиф қилади, агарда сиз АЭС қуришга қарор қилсангиз, албатта”, деган Владимир Путин.

“Хусусан, республикада Россия дизайни асосида АЭС қуриш масаласини муҳокама қилишимиз мумкин. Фақат бу эмас. Гап – Россия ОТМларида атом энергетикасидан фойдаланиш билан боғлиқ янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни ўз ичига олувчи бутун бошли тармоқни яратиш ҳақида боряпти”, дея қўшимча қилган Россия президенти.

Унинг сўзларига кўра, АЭС ҳаво ифлосланишига “жуда кам” таъсир қилади, россиялик мутахассислар эса технологияларни такомиллаштириш орқали АЭСларнинг атмосферага зарарини изчиллик билан камайтиришга эришмоқда.

Россия раҳбари Қозоғистонда АЭС қуриш масаласини биринчи марта кўтараётгани йўқ. 2019 йил апрелда Путин қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан Кремлдаги учрашувидан сўнг Қозоғистонда “Россия технологиялари асосида” АЭС барпо этишни таклиф қилган эди.

Совет даврида – 1949–1989 йилларда 340 та ер ости ва 116 та ер ости ядровий синовлари ўтказилган Семипалатинск полигони туфайли атом энергетикасига нисбатан очиқча салбий муносабат шаклланган Қозоғистон жамиятида ушбу янгилик катта резонанс ва танқидларга сабаб бўлди. Мамлакатнинг бир қатор йирик шаҳарларида одамлар “АЭС қурилишига йўл қўймаймиз” деган шиорлар билан норозилик намойишларига чиқишди.

Қозоғистон ҳукумати атом электростанцияси қуриш мавзусига кейин ҳам бир неча марта қайтди. Сентябрь ойи бошида Қасим-Жомарт Тоқаев “ушбу масалани жиддий ўрганиш вақти келганини, чунки Қозоғистонга атом станцияси зарур”лигини айтди. Ундан аввалроқ, 30 июнда Қозоғистон энергетика вазири Нурлан Ноғаев Семипалатинск ядро полигони жойлашган Курчатов шаҳри АЭС қуриладиган жой ўлароқ кўриб чиқилаётганини билдирган эди.

Ўзбекистон ҳукумати қарорига қозоқ жамиятининг муносабати

Атом электр станцияси қуриш бўйича Россия билан битим имзолаган Ўзбекистон Қозоғистон чегарасидан бир неча ўн чақирим нарида жойлашган Тузкон кўлини бўлажак АЭС учун “устувор майдон” деб атади. Қозоғистон Экология вазирлиги ўзбек томони АЭС қуриш режаларидан Нур-Султонни расман воқиф қилмаганини айтмоқда. Энергетика вазирлигига кўра эса, Тошкент қўшни мамлакатларни хабардор қилишга мажбур эмас. Аммо Қозоғистон экологлари бу фикрга қўшилмайди.

Қозоғистонлик эколог Дмитрий Калмиков – мамлакатда атом электр станцияси қуриш ғоясининг муросасиз душманларидан биридир. Ўз вақтида Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда иштирок этган ва Семипалатинск полигонида ҳавонинг радиацион кирланиши бўйича кўп йиллар тадқиқот олиб борган Калмиков сўнгги пайтларда қўшни Ўзбекистоннинг АЭС қуриш режаларидан ташвишга тушган.

2018 йилда АЭС қуриш бўйича Москва билан битим тузган Тошкент бир неча эҳтимолий ҳудудни танлаб олди – улар Қозоғистон чегарасидан бир неча юз чақиримдан тортиб бир неча ўн чақиримгача масофада жойлашган. Жорий йилда Ўзбекистон Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли бўйини “устувор майдон” деб атади. Ушбу ҳудуд билан Қозоғистоннинг аҳолиси энг тиғиз минтақаси бўлмиш Туркистон вилоятига қадар тахминан 40 километр масофа бор. Қолаверса, Тузкон кўли яқинида – бутун бошли шаҳарни ичимлик сув билан таъминловчи ва стратегик муҳим сув ҳавзаси бўлмиш Чордара сув омбори жойлашган.

“Қарағанда Экомузейи” жамоат бирлашмаси раҳбари Дмитрий Калмиков фикрича, Чернобилдаги ва Япониянинг Фукусима АЭСдаги фожиалар “жамият аварияларга мутлақо тайёр эмаслигини кўрсатган”. Унга кўра, атом станцияси қуришдан етадиган хавф-хатар у келтирадиган фойдага нисбатан ҳамиша юқори бўлади, чунки, авария юз берган ва радиация сизиб чиққан тақдирда, орадаги масофа ҳатто “500 километр бўлса ҳам аҳамиятсиз”дир.

– Улар буни бизга [Қозоғистонга] ўтказа олишмади. Чунки Қозоғистоннинг постядровий салбий тажрибаси бор. Бизнинг аҳоли умуман, ҳар қанақа ядро технологияларига жуда салбий қарайди. Совет Иттифоқи ядро қуролини ўз аҳолисида синовдан ўтказганини ва бунинг оқибатларини барчамиз яхши эслаймиз. Шу боис Россия атомчилари АЭС ғоясини бизга сота олмай, Ўзбекистонга тиқиштирди, – дейди эколог.

XS
SM
MD
LG