Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:18

Таълим ва тиббиëт ходимлари тури айтилмаëтган солиқни олдиндан тўлашга мажбурланмоқда


Косонликларнинг айтишларича, улардан "маошимдан 300 минг сўм солиқ учун ушлаб қолинг" қабилида тилхатлар олинмоқда.
Косонликларнинг айтишларича, улардан "маошимдан 300 минг сўм солиқ учун ушлаб қолинг" қабилида тилхатлар олинмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида бюджет ташкилоти ходимлари ойлигидан “2020 йил солиғини олдиндан тўлаш” деган баҳона билан 300 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда.

Озодлик гаплашган косонликларнинг айтишича, улардан “ойлигимдан солиқ учун 300 минг сўм ушлаб қолинишига розиман”, деган маънода тилхат ёздириб олинган; раҳбарлар бу ҳолатни “ҳокимнинг буйруғи” сифатида тақдим этган.

Косон туман хокимлигининг Озодлик боғланган расмийлари бу маълумотни инкор этди. Айни тизим масъулларидан бири исмини айтмаслик шарти билан шундай жараëн бораëтганини тасдиқлади.

"Февраль ва март ойлигидан 300 минг сўмдан ушлаб қолишмоқда"

Косон мактабларидан бирининг ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда мактаб директори февраль ойида “ойлигимдан солиқ учун 300 минг сўм ушлаб қолинишига розиман”, деган маънода тилхат ёздириб олгани ва март ойида қўлига теккан маошидан 300 минг сўм чегириб қолинганини айтди:

“Қарзинг борми, йўқми, бизни қизиқтирмайди. Бу ҳокимнинг буйруғи”, дейишди.

- Менинг солиқдан қарздорлигим йўқ эди. Шунинг учун солиқдан “қарзи йўқ” деган маълумотномани олиб туман Халқ таълими бошқармасига топширмоқчи бўлдим. Аммо у ерда маълумотномани қабул қилишмади. “Қарзинг борми, йўқми, бизни қизиқтирмайди. Бу ҳокимнинг буйруғи”, дейишди. Сабабини сўраб жанжал кўтарсам, “Бу 2020 йил учун солиқ тўловини олдиндан амалга ошириш”, деб айтишди.

Маълум бўлишича, бундай ҳолат нафақат халқ таълими тизими¸ балки бошқа бюджет ташкилотлари, жумладан, туман тиббиёт бирлашмасида ҳам кузатилмоқда.

- Бизнинг март ойидаги ойлигимиздан 300 минг сўмдан ушлаб қолишар экан. Мартнинг бошларида бухгалтерияга чақириб, ҳаммамиздан “маошимдан солиқ учун 300 минг сўм ушлаб қолишингизни илтимос қиламан”, деб ёздириб олишди. “Солиқнинг ҳар хил турлари бўлади. Биз қайси турдаги солиқ учун тўлашимиз керак, солиқ иш ҳақидан ўзидан-ўзи ушлаб қолинадику, нега ариза ёзишимиз керак?” десак жавоб беришмади. Ҳозир икки марта солиқ тўлаётган бўлаяпмиз. Биринчисини ойлигимиздан ушлаб қолишади, иккинчисини ёзган аризаларимизга мувофиқ “ихтиёрий-мажбурий тарзда” ушлаб қолишмоқда.

Бири тасдиқламади, яна бири тасдиқлади

Озодлик бу масала юзасидан Косон туман ҳокими Асрол Бойқараев, туман Sолиқ инспекцияси раҳбари Шарофиддин Алибоевдан муносабат олишга уринди. Аммо уларнинг мобил телефонлари ўчиқ бўлганлиги сабабли, боғланишга имкон бўлмади.

Туман халқ таълими бўлими раҳбари Музаффар Назруллаев эса мактабларда ўқитувчилардан “солиқ учун 300 минг сўмдан ушлаб қолинаётгани” тўғрисидаги хабарни тасдиқламади.

“Йўқ, йўқ, йўқ... Бундай гап йўқ”, деган Музаффар Назруллаев телефонини ўчириб қўйди. Музаффар Назруллаев кейинги қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Айни пайтда Косон туман ҳокимият тизимида масъул лавозимда ишловчилардан бири исмини айтмаслик шарти билан бу маълумотни тасдиқлади. Унга кўра, туманда солиқдан катта миқдорда қарздорлик юзага келган. Бунинг ортидан туман ҳокими Асрол Байқораев ҳар бир бюджет ташкилотидан солиқ қарздорлигини ёпиш учун 12-15 миллион сўмдан пул йиғишга оғзаки кўрсатма берган.

Ҳар куни икки-учта ташкилот 12-15 миллион сўм йиққани ва солиққа топширгани тўғрисида ҳисобот бериши керак.

-Туман ҳокими бир неча ҳафтадан бери ҳар куни кечқурун бюджет ташкилотчилари раҳбарлари ва бош ҳисобчилари билан шахсан ўзи йиғилиш ўтказаяпти. Ҳар куни икки-учта ташкилот 12-15 миллион сўм йиққани ва солиққа топширгани тўғрисида ҳисобот бериши керак. Биз раҳбарлар бунга қаршимиз, аммо бу оғзаки буйруқни бажармасак¸ ишдан олинишимиз мумкин. Шунинг учун 300 минг сўмдан йиғиб бераяпмиз.

Суҳбатдошга кўра, туманнинг солиқдан қарздорлигига солиқ тизимидаги коррупция сабаб бўлган:

- Ҳар бир участкага солиқ инспектори бирлаштирилган. Уларнинг айримлари ўз участкаларида йиққан нақд пулдаги солиқ йиғимларини ўз вақтида давлатга топширмаган ва ўзлаштириб юборган. Бунинг натижасида туман нақд пулда солиқларни йиғишда ортда қолиб, катта қарздорлик юзага келган. Қарздорлик қанча эканини билмайман. Лекин бу қарздорликни мана шундай йўл билан ёпишга ҳаракат қилишмоқда. Қизиғи, солиқдан қарздорликни тўлашга мажбур қилинаётганлар солиқнинг қайси турларини ва қанчадан миқдорда тўлаётганларини, солиқ чегириб қолинганидан кейин олинган маошидан яна солиқ учун тўлаган 300 минг сўм пули қайси ой солиғи учун ушлаб қолинаётганини билмайди.

Солиқларни аввалдан мажбурий тўлаш амалиёти аввал ҳам кузатилган

Ўзбекистонда солиқ тушумлари режаси бажарилмаётгани ортидан ширкатлар ва тадбиркорлардан солиқларни олдиндан мажбурий тўлатиш амалиёти аввал ҳам кузатилган.

Озодлик 2019 йил 25 ноябрда Тошкент шаҳар ва Андижон вилоятида фаолият юритаётган ширкат ва хусусий тадбиркорлардан қатор солиқлар каби даромад солиғини олдиндан тўлаш сўралаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ўшанда Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган вилоятдаги солиқ инспекторларидан бири¸ “бюджет тушумлари бўйича белгиланган режани бажара олмаëтган оғир туманларда” даромад солиғини олдиндан тўлаш бўйича компания ва тадбиркорларга босим бўлаëтганини эътироф қилган эди.

Ўтган йилнинг 4 апрель кунги видеоселекторда давлат бюджетига солиқ тушумлари бўйича белгиланган режа бажарилмагани учун айниқса¸ Тошкент шаҳри¸ хусусан эса¸ Шайхонтоҳур тумани президент Мирзиëевнинг кескин танқидига учраган эди.

Бу танқид эртасига мазкур туман солиқ инспекциясининг 133 нафар ходими ëппасига ишдан бўшатилган¸ туман инспекцияси собиқ раҳбарларига жиноят иши очилган эди.

4 апрель кунги танқидлар ортидан Тошкентдаги етти туман баробарида Самарқанд ва Андижондаги қатор туман солиқ идоралари раҳбарлари ҳам ишдан олинган¸ махсус қарор билан солиқ тизимининг 13 минг ходимини аттестациядан ўтказиш жараëни бошланган эди.

XS
SM
MD
LG