Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:47

Депутатликка номзод ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад сайловда ўз фойдасига қонунбузарлик бўлганини инкор қилди


Ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад.
Ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депутатликка номзод, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад (Дўстмуҳаммедов) Тошкент шаҳридаги 314-сайлов участкасида ўз фойдасига қонунбузарлик бўлганини инкор қилди.

Марказий Сайлов комиссияси раиси ўринбосари ​Маҳмуд Истамовга кўра, 142- Қорақамиш сайлов округида Хуршид Дўстмуҳаммедов манфаати учун сайлов комиссиясига босим ўтказилган.

139- Оқтепа сайлов округининг 22-сайлов участкасида кузатувчи бўлган фуқаронинг Озодликка айтишича, Тошкентдаги бошқа сайлов участкаларида ҳам овоз бериш натижаларини ўзгартириш ҳолатлари содир бўлган.

МСК раиси ўринбосарининг баёноти ортидан Озодлик депутатликка номзод Хуршид Дўстмуҳаммедов билан боғланди.

-Тафсилотлардан хабарим йўқ, лекин менинг назаримда ҳаммаси тўғри ўтган. Мен аралашганим йўқ, хатто, бу гапларни эшитганимдан сўнг ҳам. Ҳакамлик қила олмайман, лекин ҳеч қандай қонун бузишлар бўлгани йўқ, - деди Хуршид Дўстмуҳаммедов.

23 декабрь куни ўтган брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси 142-Қорақамиш округидаги 314-сайлов участкасида сайловчилар томонидан бир неча сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлашга ҳаракат қилиш ҳолати юзасидан маълумотлар прокуратурага топширилганини билдирди.

МСК раисига кўра, бундай қарор қабул қилинишига 314- сайлов участкасида бир неча сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлашга ҳаракат қилиш ҳолати тасвирга олинган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалгани сабаб бўлган.

Бундан аввалроқ МСК раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов Тошкентнинг учта сайлов участкасида маҳаллий ҳокимият айрим депутатликка номзодлар манфаатини олға суриб, сайлов комиссияси аъзоларига босим кўрсатгани тўғрисидаги мурожаатлар текшириш учун Бош прокуратурага ўтказиб берилганини маълум қилганди.

Марказий сайлов комиссияси қарори билан бу сайлов участкасидаги овоз бериш натижалари бекор қилинган.

22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловни кузатган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, 314-сайлов участкасида маҳаллий ҳокимият сайлов комиссиясига Хуршид Дўстмуҳаммад фойдасига овоз беришни кўпайтириш юзасидан босим ўтказгани тўғрисидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгани ортидан мана шундай қарор қабул қилинган.

- Телеграм орқали сайлов округи комиссиясининг раиси сайлов участкаси комиссиялари раисларига “Баённомаларнинг “черновой” вариантларини тўлдириб, асосий баённомани тўлдирмасдан бўш ҳолда олиб келинглар, деб топшириқ берган. Дўстмуҳаммедов ҳақида юқоридан кўрсатма бўлган, шунинг учун бу одам сайланиши керак, бу ерда унга овоз берилиб, кейин тўлдирилади”, деб топшириқ берилган. Мана шу нарса видеога олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Марказий сайлов комиссияси 314-сайлов участкасида овоз бериш натижалари сайлов округи бўйича умумий натижалардан чиқариб ташланганини хабар қилди.

"Бошқа участкаларда ҳам натижаларини ўзгартириш ҳолатлари кузатилди"

23 декабрь куни Озодликка 139- Оқтепа сайлов округининг 22-сайлов участкасида кузатувчи бўлган манба Тошкентдаги бошқа сайлов участкаларида ҳам овоз бериш натижаларини ўзгартириш ҳолатлари кузатилгани ҳақидаги иддаони билдирди.

- Масалан, мен кузатувчи бўлган сайлов участкасида овозларни санаш жараёнида “черновикка” Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан маҳаллий кенгаш депутатлигига номзод 720 та, экологик партиядан номзод 500 та овоз олгани қайд этилган эди. Аммо кузатувчиларга баённомани бериш ўрнига, участка раиси қайгадир бориб келди ва баённомада 720 та овоз олган одамнинг овози 1308 та, 500 та овоз олган одамнинг овози 182 та бўлиб қолганини кўрдим. Мен бу масалада жанжал кўтариб, ариза ёзиб, округ сайлов комиссиясига топширдим, - деди исми айтилмаслигини илтимос қилган манба.

Бош прокуратура 22-сайлов участкасида кузатувчи бўлган Озодлик манбасининг бу маълумотлари асосида текширув бошланганини тасдиқлади.

“Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 10, 22 ва 142-сайлов участкалари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолати юзасидан текширув ишлари бошланди. Прокурорлар ва терговчилардан иборат махсус гуруҳ тузилиб, олинган маълумотлар юзасидан текширув ишлари диққат билан олиб борилмоқда”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуета эса, ҳисоблаш жараёни бўйича хулосанинг 42 фоизи салбий характер касб этганини айтган:

"Овозларни ҳисоблаш жараёнларида иштирок этдик. 133 та участкада овоз ҳисоблаш жараёни бизнинг миссиямиз аъзолари томонидан кузатилди. Хулосаларга кўра, ҳисоблаш жараёнлари охиригача силлиқ ўтмаган. Қонунда белгиланган процедураларга тўлиқ амал қилинмагани, натижалар ўзгаргани кўринди. Баъзи жойларда рақамлар камроқ эди.

Бирламчи ҳисоб-китоблар амалга оширилиши керак эди. Лекин бу иш қилингани йўқ. Масалан, ишлатилмай қолган бюллетенларни ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Ҳисоблар охиригача олиб борилмаган ҳолларни ҳам кўрдик. Кўрсаткичларнинг аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун бирор киши, холис одам қайта санаб чиқмади", деган Тана де Зулуета.

XS
SM
MD
LG