Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Самарада 1 ой олдин заҳарланган ўзбекларнинг 58 нафари оғир аҳволда касалхонада қолмоқда


Заҳарланган 58 ўзбекистонликдан бирининг ички қон кетиш оқибатида кўкариб кетган билаклари.
Заҳарланган 58 ўзбекистонликдан бирининг ички қон кетиш оқибатида кўкариб кетган билаклари.

Қарийб бир ой муқаддам заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.

Тольятти шаҳар шифохонаси бош врачи ўзбек ишчилари қишлоқ хўжалигида ишлатилувчи Зоокумарин препаратидан заҳарланганини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консули барча зарурий ёрдам кўрсатилаётганини билдирди, бироқ шифохона маъмуриятига кўра, заҳарланган ўзбекистонлик мигрантлар моддий ёрдамга муҳтож.

13 август куни Самарада ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири бундан бир ойча олдин иш жойида заҳарланган 69 кишидан 58 нафарининг аҳволи оғир қолаётганини Озодликка билдирди.

Ўзи ҳам заҳарланиб, тузалиб чиққанини Озодликка гапирган хоразмлик йигит, фожиа нимадан бошланганини айтиб берди:

- Биз “Кошелевский посад” ширкатининг олма боғида ишлаймиз боғбон бўлиб. Ер юмшатамиз, смородина терамиз, олма теряпмиз ҳозир. Овқатданми, нимадандир заҳарландик – 15 август куни 1 ой бўлади. Оғзимиздан, сийдигимиздан қон келди.

Заҳарланган 69 нафар ишчининг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Шифохонада қолаётган муҳожирлар ёрдамга муҳтож
Шифохонада қолаётган муҳожирлар ёрдамга муҳтож

Сизрандаги “Кошелевский посад” ширкатида заҳарланган ўзбекистонликлардан 17 нафари шу кунда В.Д.Середавина номидаги Самара вилоят клиник касалхонасида, 41 киши – Тольятти шаҳар шифохонасида қолмоқда.

Тольятти шаҳар 1- клиник шифохонаси бош врачи вазифасини бажарувчи Леонид Разливинский токсикология бўлимида қолаётган хоразмлик мардикорлар ўта хавфли Зоокумарин препаратидан заҳарлангани аниқланганини билдирди:

- Улар ўта оғир модда - Зоокумариндан заҳарланган. Яна анча даволанишади. Бу заҳардан даволаш 70-80 кунгача давом этиши мумкин. Уруғликка ишлов беришда ишлатиладиган Зоокумарин қон қуюлишини тўхтатиб қўяди.

Докторнинг айтишича, касалхона маъмурияти қўлидан келган барча ишни қилаяпти:

- Вилоят шифохонаси ва биздагилар аҳволи оғир, битта 4 яшар бола ҳам бор. Биз қўлимиздан келганини қиляпмиз. Москвадан ва Самарадан энг яхши мутахассислар ҳозир йиғилди.

Бироқ Леонид Разливинский муҳожирларга ҳар куни янги плазма қуйилиб, қон алмаштириб туриш лозимлигини, бунинг учун қўшимча маблағ зарурлигини билдирди:

- Бизга ҳақиқатан ёрдам керак. Мен Қозондаги консул билан ҳам бу масалада гаплашган эдим. Мен вазиятни консулга тушунтириб бердим. Тўғрисини айтаман – бизга моддий ёрдам керак даволашни давом эттириш учун. Биз Ўзбекистон ҳукумати эътибор беришини сўраймиз.

Самарада 69 ўзбекистонлик “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилгани тўғрисида биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар қилган эди.

Лекин 13 август куни Озодликка гапирган мигрантнинг айтишича, консуллик ходимлари воқеа юз берган кундан буён касаллардан хабар олгани йўқ:

- Уларни ҳам келганига 20 кун бўлиб кетди. Бир марта келиб кетишди, бўлди. Ётганингизга пул тўлаймиз, болничний очамиз деди, бўлди. Ўзгариш йўқ. Фариддинми дегани келганди.

Мигрантлар бу масалада президент порталига ҳам арз қилганини, бироқ натижа бўлмаганини айтишди.

Озодлик 13 август куни Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консули Фариддин Насриевдан заҳарланган ўзбекистонликларга қандай ёрдам берилаётганини сўради.

- Фуқаролардан хабар олинаяпти, ёлғон ва нотўғри маълумот тарқатилган, - дер экан, ёрдам қай кўринишда берилаётганини айтишдан бош тортди.

Қозондаги консулхонанинг дастлабки хабарида заҳарланган ўзбекистонликлар ишлаган корхона Бош консулхонага Ўзбекистон фуқароларини даволаш билан боғлиқ барча молиявий харажатлар корхона ҳисобидан қопланишини маълум қилгани айтилган эди.

Озодлик 13 август куни бу масалада “Кошелевский посад” ширкатидан ҳам, Бош консулдан ҳам изоҳ ололмади.

Россия Тергов қўмитасининг Самара вилоят бошқармаси ҳодиса юзасидан суриштирув бораётганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG