Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:59

Каримов қабрини обод қилган тадбиркор ЮНЕСКО ҳудудига уй қургани учун 11 йилга кесилди


Тадбиркор Умар Ражабов
Тадбиркор Умар Ражабов

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди "Умар" ва "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкатлари раҳбари, 56 яшар Умар Ражабовни 11 йилга ва яна 4 кишини 10 йилгача муддатларга озодликдан маҳрум қилди.

Ражабов ва унинг жиноятига шериклар сифатида судланганлар шаҳарнинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудида кўп қаватли уй қуриб сотганликда айбдор, деб топилди.

Ражабов "вилоят ҳокими илтимосига кўра" ўз маблағини Ислом Каримов қабри атрофини обод қилишга мажбурланганини" Озодликка 2018 йили иддао қилган эди.

4 сентябрь куни шаҳар суди судьяси Зарифа Аҳмедова ўқиган ҳукм мазмуни ҳақида Ражабовнинг судда қатнашган яқинлари Озодликка маълум қилди.

Ражабов, унинг ўғли ва яна 3 киши уюшган жиноятчиликда айбли деб топилди.

4 сентябрь кунги судда қатнашган Ражабовнинг яқинларига кўра, у Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятлар: фирибгарликда, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланишда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда айбдор деб топилган.

(168-модда 4-қисми “а”, “в” бандлари; 189-модда 1-қисми; 228-модда 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-модда)

Шунингдек, айни маҳкамада Руслан Ражабов (Умар Ражабовнинг ўғли), Шавкат Облоқулов, Миралам Одилов ва Файзулло Файзиевлар ҳам суд ҳукми билан айбли деб топилиб, 7 йилдан 9 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ражабов ва унинг шериклари жорий йилнинг 11 февралида Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Умар Ражабов ва унинг шериклари устидан Самарқанд шахри ва Жума шахридаги “низоли” қурилишлар эпизоди бўйича яна икки маҳкама белгиланган.

ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудуддаги қурилиш

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими мулозимига кўра¸ ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудуд таркибидаги Мироншоҳ кўчасида 7 қаватли уйни ҳиссадорлар пули эвазига қурган Умар Ражабов ва яна 3 тадбиркорга нисбатан чиқарилган ҳукмга ҳиссадорлар шикояти асос бўлган:

"Жиноят ишини Самарқанд вилоят прокуратураси уй учун пул тўлаган ва уй бузилганидан кейин пулини қайтариб ола олмаган пайшчиклар шикояти асосида очган эди".

Судда қатнашган журналист Каримберди Тўрамуроднинг айтишича¸ маҳкама жараëнида бирорта ҳиссадор Умар Ражабовга даъвогар бўлмаган. Унинг фикрича, Ражабов устидан ноадекват ҳукм чиқарилган:

- Умар ака қурилиш қоидаларини балки бузгандир¸ аммо бунинг учун 11 йил берилмайдику?! Миллиардлаб доллар ўмарганларга беш йил беришмоқда. Шу жиҳатдан Умар ака устидан чиқарилган ҳукм адолатли бўлмади.

Каримберди Тўрамурод билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:57 0:00


Қурилиб бузилган уй можароси

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими мулозими қурилиб, бузилган ва икки йилдан бери давом этаëтган уй можароси мазмунини айтиб берди:

"Умар акага Самарқанд шаҳрининг аввалги ҳокими Воҳид Санақулович Раҳимов томонидан имзо чекилган (Раҳимов 2017 йилнинг августида ишдан олинган) қарор билан Мироншоҳ кўчасида 2 қаватли савдо маркази қуришга рухсат берилган. Аммо Умар Ражабов бу ҳудудда 7 қаватли уй қуришни бошлаган. 2018 йилнинг 23 июнида Самарқанд шаҳрининг ҳозирги ҳокими Фурқат Раҳимов қарорига асосан бинони бузиш ишлари бошлангач, бинодаги уйлар учун аввалдан буюртма қилиб, ҳақ тўлаб қўйган мижозлар пулларни қайтаришни талаб қила бошлашди".

Мулозим таъкидига кўра¸ тадбиркорга оид низоли иморатнинг Самарқанд тарихий қисмида жойлашгани вазиятнинг оғир томонидир:

"Уй жарликда жойлашган ва шаҳарнинг горизонтал қиëфасига визуал зарар бермайди. Ҳудуд тарихий қисм ичида бўлмаганда бино амнистия қилинарди. Лекин ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудудда қурилгани учун бу уйнинг бузилиши ҳақида узил-кесил қарор қабул қилинган. Барча эътироз уй қурилишини амалга оширган тадбиркор Умар Ражабовга қаратилиши зарурлиги ҳокимият тарафидан пайшчикларга билдирилди. Уй бузилишини шахсан Бош вазир назорат қилмоқда".

Маданият вазирининг огоҳлантируви

2018 йилнинг 25 июлида Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озодлик саволига жавоб берган Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудида уч қаватдан баланд қурилган барча бинолар бузилишини билдирган эди.

Вазир ўшанда¸ самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов қурган 7 қаватли "уй бузилади ва бу қадимий ҳудудда ўзбошимча уй қурмоқчи бўлган бошқа тадбиркорлар учун сабоқ бўлади" деган эди.

Бор-будидан айрилган тадбиркор 11 йил қамоқда ўтиради

Ҳозир ҳибсда қолаëтган тадбиркор Умар Ражабов 2018 йилнинг 2 август кунги Озодлик билан суҳбатда¸ мутлақ банкрот бўлгани ва саломатлигидан ажраганлигидан шикоят қилган эди:

- Пичоқ бориб бўғзимга қадалди. Бир ой ичида миллиардларимдан ҳам, соғлигимдан ҳам айрилдим. Мироншоҳ кўчасидаги етти қаватли уй қурилиши учун собиқ ҳоким Туроб Жўраев "илтимос" қилган баъзи хизматларни бажариб бераман, деб миллиардларим кетди. Майли, мен фақат қисман изн олиб уй қургандирман. Лекин Самарқанд қадимий ҳудудида кўп қаватли бино қурган бошқа мулозимларга оид иморатларни нега бузишмайди? Қонун калтаги нега фақат менинг бошимда синади? Пора бериб, уй қурган меникидан ҳам баланд биноларга биров тегмаяпти-ю, мен қурган уйларни бузишга ёпишишди. Ваҳоланки, қадимий ҳудудда уй қурган, меникидан баланд қилиб қурган қурилиш фирмалари раҳбарлари орқасида қайси амалдорлар турганини ҳам яхши биламан.

Вазирлик ва ҳокимият қурилишдан бехабар бўлганми?

Бузилган уйдан квартира сотиб олган ўнлаб самарқандликдан бири Мавлуда Каримова Озодлик билан суҳбатда: "Нега маданият вазирлиги ва шаҳар ҳокимияти етти қаватли уй қурилиб бўлгунча индамай турди¸ уй ҳавозалари кўтарилган пайтда уларнинг кўзи қаерда эди? - дея савол берди.

Озодлик мухбирининг айни маънодаги саволига жавоб берган Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев "Тадбиркорлар бизнинг "бдительность"имизни (ҳушëрлигимизни - таҳр) ухлатиб қўйди" дея жавоб қилган эди.

Вазир айтмоқчи "бдительности ухлаган" пайтда ҳали битмаган бинодаги квартираларни 26 оила сотиб олган эди.

Улар бу квартираларнинг ҳар квадрат метрига 3 миллиондан 6 миллион сўмгача пул тўлаган.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуносига кўра¸ бу ҳиссадорларнинг пулини "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкати қайтаришга мажбурдир.

Ҳоким ўлпони

Ҳозир ҳибсда қолаëтган тадбиркор Умар Ражабов 2018 йилнинг 2 август кунги Озодлик билан суҳбатда¸ Ислом Каримов қабрини текин обод қилишга мажбурланганидан шикоят қилган эди.

- Собиқ ҳоким Туроб Жўраев "илтимос"ига кўра Самарқанд шаҳрида Президент қабулхонаси қуриб бердим. Каримов мақбараси ëнида чойхона қуриб бердим. Ер ости йўли қуриб бердим. Бу ишларни мендан "илтимос" қилишди. Бу илтимоснинг мажбурият эканлигини билиб туриб бажардим. Бир тийин олмасдан! Ўз кучим билан! Албатта, бу ишларни "бажарганлари" учун давлат бюджетидан кимлардир қанчалар маблағни ишлатилди, деб "ишлатиб" юборгандир, у ёғи менинг ишим эмас. Фақат шуни айтишим лозимки, бу ишларга миллионлаб пулим кетди. Энди мана бор-будимдан айрилиб устимдан жиноий иш очилди¸ - деган эди Умар Ражабов.

XS
SM
MD
LG