Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:54

Ўзбекистонда собиқ сиёсий тутқунлар билан учрашиб қайтган рус журналисти таассуротларини айтиб берди (ВИДЕО)


Сергей Маркелов Ўзбекистонда тайёрлаган материалини "Президентнинг қора рўйхати" деб номлаган
Сергей Маркелов Ўзбекистонда тайёрлаган материалини "Президентнинг қора рўйхати" деб номлаган

Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар тўғрисида материал тайёрлаган россиялик журналист Сергей Маркелов Эркин профессионал журналистикани қўллаб-қувватловчи Sreda Foundation (Россия) нодавлат хайрия ташкилотининг “Редколлегия” мукофоти билан тақдирланди.

“Президентнинг қора рўйхати” деб номлаган материалини Маркелов Ислом Каримов даврида қамалган сиёсий тутқунлар Юсуф Рўзимурод, Бобомурод Абдулла, Дилмурод Сайид, Солижон Абдураҳмон, Аъзам Фармон ва Ағзам Турғуновларга бағишлаган.

Маркелов Civil Rights Defenders Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти кўмагида Ўзбекистонга бориб, ҳар бир қаҳрамони билан шахсан учрашиб тайёрлаган катта иллюстратив мақоласини ўзи ишлайдиган 7X7 сайтида ўтган ойда эълон қилди.

"Тоталитар тузумнинг 25 йиллик ҳукмронлигини бошидан кечирган ўзбек сиёсий ва ҳуқуқ фаоллари" ҳақидаги мақоласида бугунги Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтган муаллиф билан Озодлик мухбири суҳбатлашди.

Журналист Маркелов: «Синмаганлар» ҳикояларини ҳамма билиши керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:11 0:00

- Ўзбекистондаги сиёсий тутқунлар тўғрисида материал қилиш ғояси қандай пайдо бўлди?

- Менга Ўзбекистонга бориб, сиёсий маҳкумлар тўғрисида материал ёзиб келишни таклиф қилишди. Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаганман ва халқаро миқёсда ишлаш малакасига эга ҳам эмасдим: Мен учун жуда қизиқарли мавзу эди ва иккиланмасдан таклифни қабул қилдим. Биз Карелиядаги сиёсий маҳкумлар ҳақида ёзган эдик. Ва биз учун бу ҳолатни Ўзбекистон билан таққослаш жуда қизиқ туюлди.

- Ўзбекистон бўйлаб саёҳат давомида Сизни ҳайратга солган ёки таажжублантирган нима бўлди?

– Бир томондан, Ўзбекистондаги айрим ҳолатлар бизда, Россияда содир бўлаётганига ўхшашлиги билан ҳайрон қолдирди. Албатта, кўп нарсалар бу мамлакатда ўзига хос тарзда содир бўлаётганига қарамасдан, ўхшашликлар жуда кўп. Ўзбекистонликларнинг тоқатлилиги, уларнинг қунт-матонат билан ерда ишлаётганлари, пахта ё бошқа нарса етиштираётганлари ҳайратга солди. Улар ҳеч нарсадан арз қилмас эканлар, ҳатто давлат ва авторитар тузум босимига тоқат қилар эканлар. Уларнинг чидамлилигини Ўзбекистондан келиб Москвада, Россияда чидаб бўлмас шароитларда ишлаётганларида ҳам кўриш мумкин.

- Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларингиз ва кўрганингиз ўртасида тафовут катта бўлмадими? Қўрқув бормиди, одамлар билан мулоқот қилишда ва маълумот олишда қийинчилик сезмадингизми?

Одатда, журналистлар бирор мамлакатга боришдан олдин у ер ҳақида маълумот йиғишади. Менинг бошқа бир хусусиятим бор – бирор жойга боришдан олдин у мамлакат ҳақида камроқ маълумот йиғаман, масалани жойида ҳал қилишга уринаман. Импровизация бетакрор ҳиссиётларни пайдо қилади.

Ўзбекистонни мен Ироқ ё Афғонистондек тасаввур қилардим, мен учун жуда қийин синов бўлади, деб уйлардим. Тошкент аэропортида учоқдан тушиб, панжара ортида турган ва аэропорт ичкарисига киритилмаётган одамларни кўриб, менда “Шунақасиям бўлар экана?” деган савол пайдо бўлди. Кейинчалик, саёҳат давомида одамлар билан мулоқотдан тушундимки, бу ўзига хос авторитар сиёсий тузумга эга оддий мамлакат экан. У ерда оддий одамлар яшар экан – кимдир бой, кимдир камбағал.

Қўрқув бўлди! Мен Ўзбекистонни колонияларида одамлар қийноққа солинадиган, узоқ йилларга маҳкум қилинадиган давлатдек тасаввур қилган эдим. Мени ёки мен билан алоқа қилган журналистларни қамаб қўйишлари, қийноққа солишлари мумкинлигидан хавотир олдим. Мен ҳар бир қадамимда ҳибс этишади деб кутган эдим, тўғриси. Қаҳрамонларим билан мулоқот қилиш қийин кечмади. Улардан бирор янги гап топиш мураккаброқ бўлди. Ўзбекистонликлар менга жуда очиқкўнгил туюлди.

Шунга қармасдан, дилидаги сўзларни ҳамма ҳам айтавермас экан.

Сергей Маркелов - россиялик таниқли журналист ва фотосуратчи
Сергей Маркелов - россиялик таниқли журналист ва фотосуратчи

- Мақолангиз қаҳрамонлари ҳақида таассуротларингиз қандай?

–Улар билан шахсий учрашувим сафаримнинг энг таъсирли қисми бўлди. бу олти нафар журналист ва ҳуқуқ фаоли ўз иши учун йиллаб қамоқда ўтирди, масалан, Юсуф 19 йил ўтирди! Ақлимга сиғмаяпти бу нарсалар – улар йиллаб қийноқларга солинди, яқинларини йўқотди...

Энг қизиғи, улар қамоқдан тирик чиқиб, руҳан чўкмадилар. Мен репортажимни “Синмаганлар” деб номламоқчи эдим, лекин Озодликдаги “Синмаганлар” фильмини кўриб қолдим. Уларнинг кўзларида донишмандлик, тажрибани кўрдим, улар оддий одам эмас - улкан инсонлардир! Мен улар билан танишганимдан жуда фахрланаман.

Материал эълон қилинганидан кейин улар ҳаммаси менга раҳмат юборибди. Аслида мен уларга бу қийинчиликлардан ўтганлари ва у ҳақда менга айтиб берганлари учун раҳмат айтишим керак! Улар ҳикояларини бошқалар билиши керак, деб ҳисоблайман.

- Сафардан қандай кайфият билан қайтдингиз?

Бошида бу 6 нафар сиёсий маҳкум тўғрисидаги ҳикоя бўлиши керак эди. Ўзбекистон давлат амалдорларининг журналистлар учун ёпиқлиги, ҳамма жойни полиция ўраб олгани билан Россияга ўхшаб кетар экан. Тошкентга Лавров (Россия ташқи ишлар вазири-таҳр.) келганида, йўл бўйлаб ҳар 10 метрда гвардиячилар сафланиб тургани таажжублантирди – Россияда унчалик даражада эмас.

Аммо, 25 йил ҳукм сурган эски тузумдан қолган сарқитлар ҳануз тириклигини ҳам кўриш мумкин. Мен бу мамлакатда нима бўлаётганини кўрсатиш ниятида эдим – мустақил матбуот, ҳуқуқ фаолларига босим ўтказиб яшаган, қийноқларни қўллаган ва қўлида бутун ҳокимиятни жамлаган диктатор бошқариб келган давлатнинг аҳволи нима кечишини кўрсатмоқчи бўлдим. Ўзбекистон бунинг учун жуда яхши мисолдир!

Ҳозирча бу давлатда фуқаролик жамияти мутлақо шаклланмагандек туюлди менга. Бошқа томондан, Ўзбекистоннинг бошқа давлатлардан фарқи шундаки, у ислоҳотлар йўлига тушди. Аммо масала бу ўзгаришлар қаерга олиб боришидадир! Бу эса Ўзбекистонда ҳокимиятда турган сиёсатчилар иродасига боғлиқдир. Янги ҳукуматда Каримовнинг эски тузумидан келиб чиққан одамлар ҳалигача кўплигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу йўлдан адашиб кетиш эҳтимоли йўқ эмас.

XS
SM
MD
LG