Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:05

Д.Саййид: Оқланишга уринаман ва Ўзбекистондаги бугунги имкониятни амалда синаб кўрамиз!


Собиқ cиёсий маҳбус Дилмурод Саййид
Собиқ cиёсий маҳбус Дилмурод Саййид

9 йилда қамоқ жазосини ўтаган ва муддатидан аввал озодликка чиққан инсон ҳуқуқлари фаоли, журналист Дилмурод Саййид Ўзбекистонда оқланиш учун бугун имконият бор, деб билишини айтмоқда.

Озодликка берган эксклюзив интервьюсида, собиқ сиёсий маҳбус, озодликдаги илк иши - уни ҳимоя қилиш йўлида вафот этган онаси, рафиқаси ва қизининг қабрини зиёрат қилиш, сўнгра эса, ўзини оқлаш учун ҳаракат бошлаш бўлишини айтди.

- Мен айбловни бўйнимга олмаганман, олмайман ҳам. Чунки мен жиноятчи эмасман! Шунинг учун оқловга ҳаракат қиламан. Ўзбекистонда бунга имконият бор ва амалий синаб кўрамиз, имконият қанчалик даражада эканини, - деди Дилмурод Сайиид.

Қуйида журналист билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Д.Саййид: Оқланишга уринаман ва Ўзбекистондаги бугунги имкониятни амалда синаб кўрамиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:57 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/51-сонли муассасада жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими фаоли, журналист Дилмурод Саййид (Дилмурод Саидов) 3 февраль куни озодликка чиқарилди.

Бу ҳақда журналист Абдураҳмон Ташановнинг хабар қилишича, журналист Дилмурод Саидов жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг ажрими билан муддатидан аввал қамоқдан чиқарилган.

56 яшар журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саййид 2009 йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб қўлга олинган.

Димурод Саййид ва яна уч шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйиш моддалари бўйича айбланиб, маҳкамага тортилган.

Самарқанд вилоят Тойлоқ туман суди 2009 йилнинг 30 июль куни Дилмурод Саййидга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган. 2009 йилнинг 11 сентябрида туман аппеляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ҳам 2010 йил 10 август куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди чиқарган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

2013 йилда Навоий шаҳридаги 64/36-сонли жазони ўташ муассасасида сақланаётган журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов номига хат чиқарган ва унга нисбатан қийноқлар қўлланиллаётгани, шеър ва ҳикояларининг қўлёзмалари тортиб олинаётгани ҳақида ёзган эди.

Ўша йилнинг 6 мартида у соғлиғи жиддий ёмонлашгани сабаби билан Тошкентдаги 18-сонли махсуслаштирилган колония (Сангород)га ётқизилган эди. 2013 йилнинг кузида эса у Қарши шаҳридаги 49-сонли қамоқхонага кўчирилган. 3 ой муқаддам у билан кўришган укаси Обид Саидовга кўра, Дилмурод Саййиднинг аҳволи яхши ва қийноқ ёхуд тахқирлар ҳақида шикояти йўқ.

Қўлга олингунига қадар у мустақил электрон нашрларда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни танқид қилувчи таҳлилий мақолалар чоп этган.

Дилмурод Саййид илк бор 2005 йилда Ўзбекистонда чоп этилган ва журналистнинг ўзи ишлаган “Адвокат” номли газетада “Йўқ ҳақидаги бадиҳа” номли мақоласини чоп эттирган эди. Шов-шувларга сабаб бўлган ўша мақоласидан сўнг журналист ҳукумат босимига учраган. Аввалига унинг ўзи ишдан бўшатилган, бироз ўтиб эса газета ҳам ёпилган эди.

Тақдир тақозоси билан 2009 йилнинг 5 ноябрида Навоийдаги қамоқхонада сақланаëтган турмуш ўртоғини кўриш учун йўлга чиққан Барно Жуманова ва 6 яшар қизчаси автоҳалокатга учраб, фожиа жойида ҳалок бўлган.

Шунингдек, журналист қамоқдалигида унинг ҳуқуқлари учун тинимсиз курашган кекса онаси ҳам оламдан ўтди.

Сиёсий маҳбус Дилмурод Саййиднинг онаси ва укаси
Сиёсий маҳбус Дилмурод Саййиднинг онаси ва укаси

Журналист Дилмурод Саййидни ҳуқуқий ҳимоя қилган онаси Ҳамида Толипова 2014 йилнинг 11 октябрида 89 ёшида оламдан ўтган.

XS
SM
MD
LG