Тиббиёт соҳасига оид нуфузли “The Lancet” журналида эълон қилинган мақолада бир гуруҳ эпидемиолог ва биологлар Россиянинг коронавирус инфекциясига қарши “Спутник V” вакцинаси синовларининг учинчи босқичига оид маълумотларнининг ҳаққонийлигини савол остига олди. Олимлар ушбу маълумотларга асосланиб вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсизлиги ҳақида чиқарилган хулосаларга ҳам жиддий шубҳа билан қарамоқда.
“The Lancet”даги очиқ хатда олимлар – улар орасида россиялик мутахассис ҳам бор – аввалроқ шу нашрнинг ўзида чоп этилган Россия вакцинаси синовларига доир маълумотларни таҳлил қилишган. Вакцинани яратган Гамалея номидаги институт мазкур синовларга таянган ҳолда “Спутник”нинг маҳсулдорлиги 91 фоиздан ортиқ, дея баёнот берганди.
Етакчи тиббиёт журналида нашр этилган мақола нафақат Россия ҳукумати, балки дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, ЕИ сиёсатчиларига ҳам эмдорининг ишончлилиги ҳақида дадил гапириш учун асос бўлди. Нариги олти вакцинадан фарқли ўлароқ ЖССТ томонидан расман маъқулланмаган бўлса-да, ўнлаб давлатлар “Sputnik V” вакцинасини сотиб олиш бўйича шартномалар тузган.
Танқидий мақола муаллифлари, вакцинани яратган олимларнинг далилларини таҳлил қилиб, тақдим этилган маълумотларда кўплаб номутаносибликлар, ғалати ва шубҳали ўхшаш натижалар (расмий маълумотларга кўра, вакцина барча ёш тоифаларида деярли бир хил самарадорлик қайд этган) мавжудлиги, синовларнинг учинчи босқичи шаффоф ҳамда аниқ қоидаларга риоя қилган ҳолда ўтказилмагани ҳақида ёзганлар.
Бироқ уларнинг хавотирига сабаб бўлган бирламчи манба — синовларга доир қатор маълумотларнинг ҳеч қаерда эълон қилинмаганидир, зеро, муаллифлар фикрича, ушбу маълумотларсиз синовлар натижаларини холисона баҳолаш имконсиздир.
Аввалроқ мактуб муаллифлари “Спутник” синовларининг 1- ва 2-босқичларига оид олдин эълон қилинган натижаларга шубҳа билдиришган эди.
Вакцинани ишлаб чиққан мутахассислар танқидий мазмундаги очиқ хатга “The Lancet” журналининг ўзи орқали жавоб қайтаришди. Улар “Спутник V”нинг хавфсизлиги ва иммуногенлиги кўплаб тадқиқотлар билан “тасдиқланган”ини иддао қилиб, бунга, жумладан, Аргентинада аҳоли Россия препарати билан ялпи эмланаётганини мисол қилиб келтиришган. Шунингдек, улар зарур маълумотлар тақдим этилмаганлиги ҳақидаги иддаоларни рад этишган.
Россиянинг “Спутник V” вакцинаси 50 дан зиёд мамлакатда рўйхатга олинган. Россиядан ташқари, Аргентина ва Сербияда аҳоли ушбу вакцина билан ялпи эмланмоқда. Европа Иттифоқи уни ўрганмоқда. ЕИдаги айрим мамлакатлар, агар Европа регулятори маъқулласа, ушбу вакцинани харид қилишга тайёрлигини билдирган. Бугунги кунда аҳолиси Россия препарати билан эмланаётган ЕИдаги ягона давлат Венгрия бўлиб турибди. Словакияда “Спутник V” вакцинасининг харид қилиниши сиёсий жанжалга олиб келди, қолаверса, Словакия фармацевтика агентлиги етказиб берилган вакцина “The Lancet” журналида таърифланган препаратдан фарқ қилишини даъво қилиб чиқди (Россия томони буни инкор этмоқда).
Вакцинани ишлаб чиққанлар томонидан тақдим этилган маълумотлар Бразилиянинг тиббиётга масъул идораларини ҳам қониқтирмаган ва бу Россия ҳукуматининг ғазабини қўзғатганди.
Россия ТИВ бир неча бор “Спутник”ка қарши режали уруш олиб борилаётганини иддао қилиб чиқди ва Ғарб матбуотини бу кампанияда иштирок этишда айблади. Шу билан бирга, Россия томони “Спутник”нинг самарадорлиги тўғрисида “The Lancet” журналида аввал чоп қилинган мақолани ўз вакцинаси фойдасига қўллади.