Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:33

Косонлик буви туғилганидан уч кун ўтиб ўлган набираси қабрини "ноқонуний очган прокуратура ходимлари"ни жазога тортмоқчи (ВИДЕО)


Косондаги туғруқхонада жой етишмаслиги сабаб аёллар уч ҳафта полда ётишга мажбур бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00

Косондаги туғруқхонада жой етишмаслиги сабаб аёллар уч ҳафта полда ётишга мажбур бўлган эди. Ўша пайтда туғилган Фазилатхон Нормуродованинг набираси орадан уч кун ўтиб вафот этган.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи Фазилатхон Нормуродова туғилганидан уч кун ўтиб вафот этган набирасининг қабрини очган ва жасадни эксгумация қилган туман прокуратураси ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Аммо унинг бу борада Бош прокуратура ва Омбудсманга ёзган шикоятлари жавобсиз қолаётир.

Фазилатхон Нормуродовага кўра, эксгумация жасад эгаларининг норозилигига қарамай “ноқонуний тарзда ўтказилган, эксгумация масаласида ўтказилган суд йиғилишига уларнинг оиласидан ҳеч ким таклиф қилинмаган”.

Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 1481 -моддасида эксгумация масаласи ҳал этиладиган “Суд мажлисида прокурор, терговчи, суриштирувчи, қонуний вакил ёки мурдаси эксгумация қилиниши лозим бўлган вафот этган шахснинг яқин қариндошларидан бири” иштирок этиши шартлиги айтилган.

"Жиноятни хаспўшлаш учун эксгумацияни 4 ой кечиктириб ўтказишди"

Фазилатхон Нормуродова Озодлик радиосига жўнатган видеода қабристондаги эксгумация жараёни акс этган. Видеода Фазилатхон Нормуродова ўғли Зуҳриддин билан қабр очилаётган ҳудудга ўтмоқчи бўлади, аммо ҳуқуқ-тартибот органлари формасидаги одамлар унинг ўтишига тўсқинлик қилишади.

Шундан сўнг Фазилатхон Нормуродова эксгумацияга рухсат бермаслигини, уни бу ҳақда огоҳлантиришмаганини, у қўққисдан бу ҳақда хабардор бўлиб, қабристонга етиб келганини айтади. Аммо унинг қаршилигига қарамай, набирасининг қабри очилади.

- Бу воқеа 21 январь куни бўлган эди. Набирам туғилганидан уч кун ўтиб, яъни 2019 йилнинг 16 октябрида врачларнинг нотўғри укол қилгани ортидан вафот этган. Бу ҳақда биз ариза ёзганимиздан кейин туман прокуратураси жиноят иши очган. Ўшанда мен набирамнинг жасадини эксгумация қилишга рухсат берган эдим. Аммо терговчи ва прокурор жиноят ишини атайин чўзиб, ишни ёпмоқчи бўлишди. Орадан 4 ой ўтганидан кейин яна мендан эксгумацияга рухсат сўрашди. Ўшанда мен экспертлар билан гаплашдим. Экспертлар: “14-20 кун ичида эксгумация қилинса бирон нарсани аниқласак бўлар эди, орадан 4 ой ўтганидан кейин бирон нарсани аниқлаш имконияти жуда оз”, деганидан кейин мен эксгумацияга рухсат бермаган эдим. Прокурор ва терговчи врачларнинг айбини ёпиш учун шундай қилишди, - деди Озодлик билан 3 март куни қилган суҳбатида Фазилатхон Нормуродова.

Нормуродованинг Омбудсман номига ёзган аризаси.
Нормуродованинг Омбудсман номига ёзган аризаси.


Унинг айтишича, эксгумация ҳақида жасад эгалари огоҳлантирилмаган, эксгумация масаласида ўтказилган суд йиғилишига уларнинг оиласидан ҳеч ким таклиф қилинмаган.

Фазилатхон Нормуродова набирасининг қабрини очган ва жасадни эксгумация қилган туман прокуратураси ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилиб Бош прокуратурага ва Омбудсманга ариза киритганини ҳам айтди.

- 22 январь куни Омбудсманга хат ёздим. 27 январь куни эса Бош прокуратурга ёзган аризамга туман прокуратурасидан жавоб олдим. Унда врачларга “жиноят аломатлари борлиги учун жиноят иши очилгани” ва “тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани” айтилган. Наҳотки 4 ойдан бери тергов якунланмаса? Нега энди ноқонуний ҳаракат қилган прокурорнинг ва терговчининг ҳаракатларига баҳо берилмаяпти? Прокурор ва терговчи набирамнинг ўлимига сабабчи бўлган врачларни, Бош прокуратура эса ноқонуний ҳаракат қилган прокурорни ҳимоя қилаяптими?- деб савол қўяди Фазилатхон Нормуродова.

Нормуродованинг Бош прокуратурага Косон прокурори устидан ёзган шикоятига туман прокуратурасидан олган жавоб.
Нормуродованинг Бош прокуратурага Косон прокурори устидан ёзган шикоятига туман прокуратурасидан олган жавоб.

Фазилатхон Нормуродова аввалги экспертиза хулосаси эксгумациядан кейинги хулоса билан бир хилда эканини, шунинг учун ҳам набирасининг қабрини очишга ҳожат бўлмаганини айтар экан: "Жиноятни босди-босди қилиш учун орадан тўрт ой ўтиб, эксгумация ўтказишди. Ҳолбуки олдинги экспертизада шифокорлар айбдор экани айтилган ва бу терговчига ҳам, прокурорга ҳам маълум эди", деб айтди.

Экспертиза хулосаси

Озодликнинг бу воқеага изоҳ олиш мақсадида Косон туман прокурори билан боғланиш уринишлари натижа бермади. Аммо жасаднинг эксгумациясини ўтказган экспертлардан бири қабрни очиш процедураси ҳақида маълумот берар экан:

- Эксгумация прокурор сўрови билан суд чиқарган ажримга асосан ўтказилади. Эксгумацияни фалонча кунгача ўтказиш керак, ундан кейин ўтказилмайди, деган тартиб-қоида йўқ. Албатта, жабрланувчининг илтимоси билан ёки прокурорнинг талаби билан қанча эрта эксгумация ўтказилса, жиноят аломатларини аниқлаш шунчалик осон кечади. Одатда эксгумация пайтида марҳумнинг қариндошлари ёки қонуний вакили иштирок этиши лозим, -деб билдирди.

Айни пайтда Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 1481-моддасида эксгумация масаласи ҳал этиладиган “Суд мажлисида прокурор, терговчи, суриштирувчи, қонуний вакил ёки мурдаси эксгумация қилиниши лозим бўлган вафот этган шахснинг яқин қариндошларидан бири” иштирок этиши шартлиги айтилган.

Бундан ташқари кодекснинг ўша моддасида қабристондаги эксгумация "барча томонлар иштирокида ўтказилиши" қайд этилган.

Озодликка Фазилатхон Нормуродова тақдим этган экспертиза хулосасидан эса уч кунлигида вафот этган набирасининг эксгумациясидан ҳеч қандай натижа бўлмагани англашилади. Экспертиза хулосасининг 12- саҳифасида қайд этилишича, чақалоқ “танасидаги юмшоқ тўқималари тўлиқ чириш жараёнида бўлгани боисидан ҳам бирон бир тана жароҳатларининг объектив белгиларини аниқлаш имконияти бўлмаган”.

Экспертиза хулосаси
Экспертиза хулосаси


Экспертиза хулосасининг 11- саҳифасида "Чақалоқ А.Қаххоровга дастлабки муолажалар, яъни эмлашлар тўғри амалга оширилганми?" деган саволга берилган жавобда эса шифокорлар чақалоққа нисбатан эътиборсиз бўлгани эътироф этилган. Экспертизанинг маълум қилишича, чақалоқ соғлом туғилган, аммо эмланганидан сўнг қоидага зид равишда уйига рухсат берилган ва эмлашдан сўнг юзага келиши мумкин бўлган асоратларни назорат қилиш уюштирилмаган.

Экспертиза ҳужжатида қайд этилишича, белгиланган тартибга кўра, туғруқдан сўнг она ва бола соғлом бўлса, 4-5 кундан кейин туғруқхонадан чиқарилиши лозим эди, бироқ бу қоидага амал қилинмаган ва она-болага туғруқдан бир неча соат ўтганидан сўнг уйига рухсат берилган.

Воқеа тарихи

Озодлик ўтган йилнинг 9 ноябрида Косон туман туғруқхонасида 2019 йилнинг 14 октябрь куни Косон тумани туғруқ комплексида Фазилатхон Нормуродова келини Гулчирой Қаюмованинг кўзи ёригани, аммо шифокорлар эътиборсизлиги туфайли уч кунлик чақалоқ нобуд бўлгани ҳақида ёзган эди.

Ўшанда Косон туман Тиббиёт бирлашмасининг исми очиқланмаслик шарти билан Озодликка гапирган раҳбарларидан бири бўлиб ўтган воқеа ортидан Косон тумани тиббиёт бирлашмасининг камида икки нафар ходими масъулиятсизлик, геповакс вакцинаси билан эмламай туриб чақалоқни уйга олиб кетишга йўл қўйгани учун ишдан бўшатилганини айтганди.

Туғруқхона бош врачи муовини энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жаримага тортилган.

Фазилатхон Нормуродова шу кунгача жазога тортилишини талаб қилиб келаётган бу шифокрлар шу кунгача очиқда қолаётгани, уларга нисбатан тергов номигагина олиб борилаётганидан норози.

XS
SM
MD
LG