Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:39

Марҳаматдаги туғруқхонада аёллар жой етишмаслигидан полда ётибди


Марҳамат туман Туғруқ комплексининг туғруқдан кейинги аёллар бўлими палаталаридан бирида аёллар чақалоқлари билан полда ётибди. 2019, 24 июнга ўтар тун.
Марҳамат туман Туғруқ комплексининг туғруқдан кейинги аёллар бўлими палаталаридан бирида аёллар чақалоқлари билан полда ётибди. 2019, 24 июнга ўтар тун.

Андижон вилоят, Марҳамат туман Туғруқ комплексида кўзи ёриган аёллардан Озодликка келган суратда бир неча аёл чақалоғи билан янги таъмирдан чиққан хонанинг полига тўшалган матрасларда ётганини кўриш мумкин.

Сурат билан боғлиқ вазиятни ўрганиш жараёнида туғруқхона ҳамшираларининг иш вақти билан боғлиқ яна бир муаммо аниқланди: ҳар бир ҳамшира бир ойда фақат бир кун ишга чиқади.

Туғруқхона бош врачи аёлларнинг полда ётганини инкор этди, бироқ ҳамширалар керагидан кўплигини, натижада улар муносиб маош ололмаётганини тан олди.

Марҳаматдаги туғруқхонада аёллар жой етишмаслигидан полда ётибди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:57 0:00
Бевосита линк

"Туғиш мавсуми"

Озодликка келган суратда кўринишидан янги ёки яқинда таъмирдан чиққан хонанинг оқ кафель тўшалган полига ташланган матраслар устида уч аёл ётгани, тўртинчи аёл бола эмизаётгани акс этган.

Суратни Озодликка жўнатган аёлнинг ёзишича, бу сурат Марҳамат туман Туғруқ комплексида 24 июнга ўтар тунда олинган.

Тилга олинган туғруқхонада туғруқдан кейинги аёлларга қаровчи ҳамшира, суратни Telegram орқали кўргач, унда айнан у ишлайдиган муассаса акс этганини тасдиқлади. Ҳамширанинг айтишича, комплексда баъзи кунлари жой етишмай қолмоқда ва ана шундай пайтда туққан аёлларнинг бир қисми полга ётқизилмоқда.

Марҳамат туман Туғруқ комплекси мудираси Матлуба Темирова 9 июль куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, туққан аёлларнинг полда ётганини инкор этди.

“Комплексимиз яқиндан таъмирдан чиқди. Хоналар ёруғ, тоза. Иссиқ, совуқ сув билан таъминланган. 50 аёлга мўлжалланган, шу бугун 41 аёл бор. Аёллар полда ётибди деган гап асоссиз”, - деди Матлуба Темирова.

Ҳамширанинг айтишича, ёз ойлари “туғиш мавсуми” ҳисобланади ва бу мавсумда баъзи кунлари туққан аёллар сони 70 нафаргача етади:

"Мана шундай вазиятда, туққан аёлларнинг палаталарга сиғмаганлари, агар бўш бўлса, жонлантириш бўлимига, интенсив терапия бўлимига ётқизилади, қолганлар - 7-8 нафаргачаси полга ётқизилади".

1 ойда 1 кун иш, 29 кун ишсизлик

Ҳамшира фурсатдан фойдаланиб ўзи ва ҳамкасбларининг бошқа бир муаммоси ҳақида гапирди. Унинг айтишича, комплекснинг туғруқдан кейин ётадиганлар бўлимида 25 ҳамшира ишлайди:

“Пенсия ёши яқин бир-икки ҳамкасбимиздан ташқари ҳаммамиз бир ойда бир мартагина ишга чиқамиз. Маошимиз ҳам шунга яраша”.

Туғруқ комплекси мудираси Матлуба Темирова ҳамширалар керагидан ортиқча эканлигини тан олар экан, “Уларнинг ҳаммаси ишга кираётганида бир ойда бир кун, икки кун ишлашга рози бўлган”, деди.

Темированинг айтишича, у Марҳамат туман Тиббиёт бирлашмасининг иқтисодчисига вазиятни изга солиш – ҳамширалар сонини оптималлаштириш кераклигини айтган, иқтисодчи кўриб чиқишга ваъда берган.

Бирлашманинг исми очиқланмаслик шарти билан Озодлик саволларига жавоб берган раҳбарларидан бири ҳам туғруқхонада ҳамширалар керагидан ортиқча эканлигини тан олар экан, бундай деди:

“Ўрта тиббиёт ходимлари, иш сўраб келувчилар жуда кўп. Навбатда турган яна 200 атрофида одам бор. Уларни алоҳида журналга ёзиб, навбатга қўйганмиз. Ишлаётганларнинг кўпчилиги ҳомиладорлик таътилидан қайтганлар. Қонун бўйича уларни ишга қайтаришга мажбурмиз. Шунинг ҳисобигаям кўпайиб кетишган. Туғруқдан кейингилар бўлимида 25 ҳамшира ишлаётгани рост. Бундай кўринишни бошқа муассасалардаям кузатиш мумкин. Тўғриси, ўзимиз ҳам ҳайрон бўлган эдик бундай кўпайиб кетганидан. Вазиятни ўнглаш чораларини кўраяпмиз, масалан, ҳомиладорлик таътилидан қайтганларни бошқа ишга жойлаш чораларини излаяпмиз”.

“Расман ишли, аслида ишсизлигидан” зорланган ҳамширанинг айтишича, у бир ойда ишга 1 кун боради ва 16 соат ишлайди, қолган 29 кунда у ишсиз. Оладиган маоши 100 000 сўм - тақрибан $11.

Қонун нима дейди - мутахассис изоҳи

Туғруқхона ҳамшираси ва унинг ҳамкасбларининг бир ойда бир кунгина иш билан таъминланиши мамлакат қонунларига зид эмасми?

Озодликнинг бу саволига Ўзбекистон Республикаси Аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази мутахассиси бундай жавоб берди:

“Меҳнат кодексида 35 соатлик, 40 соатлик иш ҳафтаси белгиланган. Бу 5 кунлик, 6 кунлик иш ҳафтаси деганидир. Бундан кам бўлиш ҳолатлари ҳам бор. Камроқ иш вақти имтиёли меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлганларга берилади. Масалан, 3 ёшгача боласи бор аёлларга бериладиган имтиёзни назарда тутаяпман. Улар 8 соат эмас, 7 соат ишлайди. Яна ярим ставкали ишлар бўлади. Бундай иш режими шартнома асосида бўлади”.

Марҳамат туман Туғруқхонаси ҳамшираси шикояти мазмунини эшитгач, мутахассис бундай деди:

“Сиз айтаётган туғруқхонадаги вазият ҳақида гапириш учун жойида ўрганиш керак. Лекин умумий қилиб айтадиган бўлсак, иш берувчи билан ходим ўртасида меҳнат шартномаси тузилиши керак. Ўша ҳужжатда ҳамма нарса, шу жумладан ходимнинг неча соат ишлаши белгилаб қўйилиши лозим. Шартномани тузаётганда у Меҳнат кодексининг қайси моддаларига асосан тузилаётгани кўрсатиб ўтилиши лозим”.

Мутахассиснинг бу гапидан сўнг марҳаматлик ҳамшира билан яна боғландик. Унинг айтишича, раҳбари бундан 3 йил муқаддам ҳамма ҳамшираларга бир ойда бир марта ишга чиқишга розиликка қўл қўйдириб олган.

"Информацион хуруж"

Мавзуни ўрганиш жараёнида пайдо бўлган саволларимизни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматига ҳам бермоқчи бўлдик. Хизматнинг ўзини таништирмаган ходимаси, дастлабки саволимизни эшитгач, бундай деди:

“Информацион хуруж бўлаётган ҳозирги вақтда саволларингизга телефон орқали жавоб беролмайман. Лекин биз Озодликда чиқаётган ҳар битта янгиликни ўрганиб, оммавий ахборот воситалари ҳамда ўзимизнинг сайтда эълон қилиб бораяпмиз”.

XS
SM
MD
LG