Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:02

Карантинга қарамай одамлар банклар олдида нақд пул учун навбатга тизилди


Наманганнинг Чортоқ туманидаги "Агробанк" бўлими олдида нақд пулга навбат. 2020, 7 апрель,
Наманганнинг Чортоқ туманидаги "Агробанк" бўлими олдида нақд пулга навбат. 2020, 7 апрель,

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида банкоматлардан нақд пул чиқариб олиш қийинлашгани сабабли мижозлар банк бўлимлари олдида навбатга тизилди.

Озодликка 7 апрель куни келган суратларда Наманган, Андижон, Жиззах, Сурхондарёдаги "Ҳамкорбанк", "Агробанк", "Халқ банки", "Асака банк" бўлимлари қаршисида, коронавирус карантинига қарамай, ўнлаб киши навбатда турганини кўриш мумкин.

Озодлик билан суҳбатда бўлганлар банкоматлардан нақд пул чиқариб бўлмаётгани учун, карантин қоидаларига зид бўлса ҳам, банк бўлимларига боришга мажбур бўлаётганликларини айтишди.

Ўзбекистон Марказий банки нақд пулдан вирус юқиши мумкинлигини айтиб, аҳолига тўловларни амалга оширишда имкон қадар банкларнинг масофавий хизматларидан фойдаланишни тавсия қилган.

Банк мижозлари эса озиқ-овқат дўконлари ва бозорларда пластик карта билан савдо қимматга тушиши, баъзи дўконлар карантин даврида пластикка савдони тўхтатгани сабаб қўшимча нақд пулга эҳтиёж сезаётганликларини таъкидлаб айтди.

Чортоқ туманилик (Наманган вилояти) 68 ёшли нафақахўр Абдулла аканинг Озодликка айтишича, тўрт кундирки тумандаги банкоматлардан нақд пул олиб бўлмаяпти:

Туманимизда нақд пул чиқариш мумкин бўлган учта банкомат бор. 4 кун бўляпти нақд пул йўқ.

- Оғир кунларда нақд пул зарур бўляпти. Туманимизда нақд пул чиқариш мумкин бўлган учта банкомат бор. Мана бугун 4 кун бўляпти нақд пул йўқ. Банкка борсак тушум йўқ, дейишади. Озиқ-овқатни пластикка олайлик десак дўконларда қиммат, бозорда фақат нақд сўрашади.

Наманганнинг Чортоқ тумани "Агробанк" бўлими олдида навбат. 7 апрель, 2020 йил.
Наманганнинг Чортоқ тумани "Агробанк" бўлими олдида навбат. 7 апрель, 2020 йил.

Андижоннинг Асака туманидан Озодликка боғланган талаба илгари пластик картага савдо қилиб келган дўконлар нақд пул муаммоси чиққанидан сўнг картани қабул қилмай қўйганини айтди:

- Дўкон эгаларининг айтишича, банклар нақд пул бермай қўйибди. Кўпчилик озиқ-овқат дўконлари маҳсулотларни Андижон шахридаги Жаҳон бозори ёнидаги улгуржи савдо қилувчи озиқ-овқат бозоридан нақд пулга ҳарид қилишади.

Озодлик суҳбатлашган бир қанча озиқ-овқат дўконига эга хоразмлик тадбиркор Арслон Нуришов банклардан нақд пул олиш доим муаммо бўлгани, лекин карантин даврида нақд пулга эҳтиёж ҳар қачонгидан кучайганини айтди:

- Нақд пул банкларда доим муаммо бўлиб келган. Ҳозир шу карантин даврида билиниб қоляпти. Улгуржи бозорлардан олиб, сотамиз. Улар нақд сўрайди. Банкда нақд пул йўқлиги сабабли биз ҳам харидорлардан нақд пул сўрашга мажбур бўляпмиз.

Андижоннинг Асака туманидаги "Ҳамкорбанк" олдида навбат. 7 апрель, 2020 йил.
Андижоннинг Асака туманидаги "Ҳамкорбанк" олдида навбат. 7 апрель, 2020 йил.

Озодлик 8 апрель куни Наманган, Андижон, Жиззах, Сурхондарё вилоятларидаги "Ҳамкорбанк", "Агробанк", "Халқ банки", "Асака банк" бўлимлари билан боғланди.

Банк ходимлари карантин даврида пул тушуми камайгани сабаб нақд пул йўқлигини тасдиқлашди:

- Ҳозир карантин, нақд пул йўқ, чунки тушум бўлмаяпти. Мижозларга пластикка савдо қилишни тавсия этамиз, - деди "Ҳамкор банк"нинг Денов туманидаги бўлими ходими.

Баъзи вилоятларда мижозлар "Uzcard" тизимидаги пластик карталаридан нақд пул олиб бўлмаётгани, "HUMO" тизимидаги карталарда муаммо йўқлигини айтишди.​

Жиззах шаҳридан Озодликка боғланган тадбиркор бу ҳақда: "Банкоматларда фақат "HUMO" карталарида нақд пул олинмоқда. "UzCard"да умуман пул йўқ. "HUMO" банкоматлари олдида тартибсиз навбатлар бўлмоқда", - деди.

Наманган шаҳридаги "Халқ банки" бўлими. 7 апрель, 2020 йил.
Наманган шаҳридаги "Халқ банки" бўлими. 7 апрель, 2020 йил.

"Масофавий хизматлардан фойдаланинг!"

Ўзбекистон Марказий банки нақд пул вирус ташувчи бўлишини айтиб, аҳолига тўловларни амалга оширишда имкон қадар банкларнинг масофавий хизматларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.

Тўловларни имкон қадар масофавий тарзда амалга оширишни тавсия қиламиз.

4 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида МБ бўлим бошлиғи Ҳусанхўжа Обидов тўловларни амалга оширишда имкон қадар банкларнинг масофавий хизматларидан, жумладан интернет-банкинг мобил иловалари ҳамда тўлов ташкилотларининг дастурларидан кенг фойдаланишни тавсия этганди.

Обидов Ўзбекистон бўйлаб 5 мингдан ортиқ банкомат ўрнатилгани, шулардан 948 тасида cash in/out, яъни пулни нақд қўйиш ва олиш функциялари борлигини айтган.

"548 таси "UzCard", 400таси "HUMO" тизимидаги банкоматлар. Мазкур банкоматлар орқали мижозлар нақд пул маблағларини банк карталарига кирим қилиш имкониятига эга", – деганди Обидов матбуот анжуманида.

Марказий банкнинг расмий саҳифасида банкоматлар қаердалиги ва унда "cash-in" функцияси бор-йўқлигини билиб олиш мумкин.

Марказий банк маълумотига кўра, Ўзбекистонда нақд пул чиқариб олиш мумкин бўлган мингга яқин банкомат бор.
Марказий банк маълумотига кўра, Ўзбекистонда нақд пул чиқариб олиш мумкин бўлган мингга яқин банкомат бор.

Аммо, банк бўлимлари олдида нақд пул учун навбатга тизилганлар банкоматларнинг пул қўйиш тизими ишлаётгани, лекин чиқариб бўлмаётганини айтишади.

Сурхондарёнинг Денов туманидаги "Ҳамкорбанк" бўлими. 7 апрель, 2020 йил.
Сурхондарёнинг Денов туманидаги "Ҳамкорбанк" бўлими. 7 апрель, 2020 йил.

Сурхондарёнинг Денов туманидан Озодликка боғланган талаба нақд пул муаммосига ечим топиш ўрнига банклар карантин даврида вазиятни қийинлаштираётганини айтади:

Биз ҳам масофавий банк хизматларидан фойдаланишни истаймиз. Бунинг учун аввало улгуржи бозордаги дўконларда пластик картага савдо қилиш йўлга қўйилишини сўраймиз.

- Ҳозирги карантин пайтида пластик картани нақд пул қилиш учун шаҳарга бориб банк олдида одам тўпланишининг​ олдини олиш ўрнига банклар вазиятни қийинлаштиряпти. Биз ҳам масофавий банк хизматларидан фойдаланишни истаймиз. Бунинг учун аввало улгуржи бозордаги дўконларда пластик картага савдо қилиш йўлга қўйилишини​ сўраймиз. Қишлоклардаги дўконларда пластик картага савдо қилинишини таъминлаб беришини тегишли раҳбарлардан талаб қиламиз. Пластикка бундай нарх нақд пулга мана бундай, деган амалдан воз кечилсин.

Сурхондарёнинг Денов туманида "Ҳамкорбанк" бўлими олдида нақд пулга навбат. 7 апрель, 2020 йил.
Сурхондарёнинг Денов туманида "Ҳамкорбанк" бўлими олдида нақд пулга навбат. 7 апрель, 2020 йил.

Озодлик банклардаги нақд пул муаммоси юзасидан Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизматига боғланишга уринди.

Марказий банк матбуот котиби Нодир Абдуллаевнинг банк расмий сайтида келтирилган телефон номерига кун давомида тушиб бўлмади.

Сайтда келтирилган матбуот хизмати электрон манзилига юборилган сўровга 8 апрель кун охиригача жавоб бўлмади.

Нақд пул вирус ташувчими?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, тўловларни амалга оширишда нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкин.

Вирус қоғоз шаклидаги ташувчиларда 3-4 кун яшаши маълум қилинган. Шу боис коронавирус кўп тарқалган мамлакатларда аҳолига нақд пул тўловларидан тийилиш тавсия этилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам нақд пул ўрнига контактсиз тўлов карталаридан фойдаланиш, банк карталарини ишлатиб бўлгандан сўнг уни тиббиёт спирти ёки бошқа антисептик воситалар билан тез-тез артиб, дезинфекция қилиб туриш ҳақида огоҳлантирган.

Ўзбекистон Марказий банки ҳам 4 апрель куни аҳолига тўловларни нақд шаклда амалга ошириш ва қабул қилишдан чекланишни тавсия этган.

Агар сиз мажбурий карантинда сақланаëтган бўлсангиз¸ ëки коронавирусга чалинган беморларга тиббий ëрдам кўрсатувчилар сафида бўлсангиз¸ ҳозирги иш фаолиятингиз ва шароитингиз ҳақида жамоатчиликка ҳикоя қилишингиз мумкин.

Бу ҳақда Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига ëзиб юборинг¸ сурат ва видео жўнатинг!

XS
SM
MD
LG