Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:04

Қарздорлар "кредит таътили" бошланишини кутмоқда; банклар ўз фаолияти "фалаж" бўлишидан чўчимоқда


Ўзбекистон Марказий банки.
Ўзбекистон Марказий банки.

Ўзбекистондаги аксар тижорат банклари Марказий банкнинг коронавирус карантини боис кредит тўловларни тўлашга қийналиб қолганларга 2020 йилнинг 1 октябригача тўлов таътили бериш ҳақидаги тавсиясини қабул қилишга шошмаётир.

Айрим тижорий банклари қийналиб қолган мижозларига енгиллик бериш учун кредитнинг банк олиши керак бўлган фоиз қисмини тўлаб туришни таклиф этган.

Озодлик гаплашган тижорат банки ходимлари¸ коронавирусгача ҳам тўловларни ундириш муаммолигича қолгани¸ ҳозир ëппасига кредит таътили берилса¸ "банкларнинг ўтириб қолиши"ни билдирди.​

Марказий банк ўз тавсиясини яна такрорлади

26 март куни Ўзбекистон Марказий банк "Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискларни юмшатиш" бўйича барча кредит ташкилотларига ўз тавсиясини эълон қилди.

Марказий банк матбуот хизмати эълон қилган ҳужжатда жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан, 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш; муддати ўтган қарздорликларни кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик тавсия этилди.

"Бизга бу ҳақда айтилмади!"

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи фермер Эркин Рўзиев чорвачилик учун 2018 йилда "Агробанк" туман бўлимидан олган 50 миллион сўмлик қарзи тўловларини икки ойга кечиктириб туришни сўраганида банк ходимидан рад жавоби олганини айтади.

Бугун Марказий банкнинг хабари чиқдику, мен ҳам қийналиб қолганлардан, тўлови муддатини узайтириб туринглар", десам¸ "бизга ҳеч нарса келмади, бу ҳақда айтилмади", дейди.

- Катта фирмаларнинг қарзи кечиктирилар экан. "Бугун Марказий банкнинг хабари чиқдику, мен ҳам қийналиб қолганлардан, тўлови муддатини узайтириб туринглар", десам "бизга ҳеч нарса келмади, бу ҳақда айтилмади", дейди. Бир ҳафтадан бери карантинда уйда ўтирибмиз, кредитнинг ойлик тўлови 2 миллион сўмдан ортиқ, шу пулни қаердан оламиз, ҳеч қаерга чиқмасак, десам "биз ҳеч нарса билмаймиз", дейди. Ҳукуматимиз шу масалани бир ёқлик қилиб берса бўлар эди, чунки мендайлар сон мингта, - дейди самарқандлик фермер.

Навоий шаҳридаги "Жаҳонбегим орзуси" тикувчилик корхонаси раҳбари Дилафрўз Нуннунова шу йил бошида "Ҳамкорбанк"дан дўкон сотиб олиш учун 235 миллион сўмлик кредит олгани, лекин банк карантин даврида кредит тўловларини узайтиришни рад қилаётганини айтади.

- Бугун ҳам телефон қилдим банкга, "тўлайсан" деяпти. Дўконларим очиқ бўлса тўлайман, лекин ёпиқ, маҳсулотлар сотилмаяпти. Мана Марказий банкни йўриқномаси чиққанку, ё ёлғон хабарми бу десак, "бизга печать босилган ҳужжат Марказий банкдан келмаган, бизда бунақа гап йўқ"¸ дейди. Нима қилишни ҳам билмай қолдик, - дейди навоийлик тадбиркор.

"Ҳеч бўлмаса фоизини тўлаб туринглар, қолгани кейин"

Ўзбекистондаги айрим тижорий банклар қийналиб қолган мижозларига ҳозирча олган кредити фоизини тўлаб туришни таклиф этмоқда

Андижонлик хусусий такси ҳайдовчи "Фортуна Микрокредит Бизнес" молиявий ташкилотидан машина сотиб олиш учун икки йилга 20 миллион сўм кредит олган.

"Фортуна Микрокредит Бизнес" ўз мижозларини таназзулдан қутқариш учун кредит фоизини тўлаб туришни, қолган қисмини карантиндан кейин тўлашни таклиф қилган.

Майли¸ қийналсанг фақат фоизини тўлаб тур, у ёғини кейин ҳал қиламиз¸ дейишди. Фоизининг ўзи ойига 700 минг сўмдан ошади. Чунки 30 фоизлик кредит...

- Киракашликдан ойда топганимни тўлаб бораман деб, йиллик 30 фоиз бўлса ҳам шу кредитни олгандим. Ҳозир ишим тўхтаб қолган. Шунга тўлов муддатини узайтриб беринглар десам, булар майли қийналсанг фақат фоизини тўлаб тур, у ёғини кейин ҳал қиламиз дейишди. Фоизининг ўзи ойига 700 минг сўмдан ошади. Чунки 30 фоизлик кредит, 20 миллион сўмни икки йилда 32 миллион қилиб қайтаришим керак, - дейди андижонлик такси ҳайдовчи.

"Фортуна Микрокредит Бизнес" ташкилотининг кредит фоизи тўловнинг деярли ярмини ташкил қилади.
"Фортуна Микрокредит Бизнес" ташкилотининг кредит фоизи тўловнинг деярли ярмини ташкил қилади.

Озодлик 26 март куни "Агробанк", "Микрокредитбанк", "Халқ банки"нинг Тошкент шаҳри ва вилоятларидаги бир қанча бўлимларига боғланганида¸ банк ходимлари Марказий банкдан кредит таътили бўйича ҳеч қандай кўрсатма олмаганликлари, мижозлар билан кредит шартномалари ўзгаришсиз қолаётганини айтди.

"Агробанк"нинг исми ошкор этилишини истамаган мутахассиси Марказий банк сайтида 26 март куни "кредит таътили" ҳақида эълон қилинган маълумот юзасидан изоҳ билдирар экан:

- У ерда тавсия қиламиз, деб айтилган. Ҳар бир тижорий банк ўз имкониятларидан келиб иш кўради. Биз ҳам ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, қийин аҳволда қолганларга иложи борича имтиёз беришга ҳаракат қиляпмиз, - деди.

Тошкентдаги "Ипотекабанк"нинг исми очиқланмаслигини истаган ходимига кўра, кредит таътили шундоқ ҳам пулсиз қолган банкларни фалаж қилиб қўйиши мумкин.

- Қарздор мижозлар сони коронавирусдан олдин ҳам кўп бўлган. Уйма-уй юриб тўловни ундирган пайтларимиз ҳам бўлган. Айниқса¸ микрокредит олганлар вақтида тўловни тўламайди. Тижорий банклар даромади асосан шу тўловлар ҳисобига. Ҳозир коронавирусни пеш қилиб, муддатни чўзинг деётганлар кўпайди. Улар шундоқ ҳам тўламаган. Ҳозир тўловга отсрочка берилса банклар ўтиради, ишчилар ойликсиз қолади.

Остонадаги Евроосиë иқтисодиëти университети доценти Сапарбай Жубаев дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори ўзбек тижорий банклари ҳам Марказий банк ташаббуси ортидан кредит таътили беришга мажбур бўлишини айтади.

- Ҳамма жойда қарздорлик баланд. Ҳозир Марказий банк ташаббус билан чиқди, тижорат банклари шунга амал қиладиган бўлса¸ кредит таътили беришнинг банк фаолиятига унчалик зарари бўлмайди. Уч ойга таътил берадиган бўлса, барибир 3 ойдан кейин кредит янги график бўйича қайтарилади, - деди Сапарбай Жубаев.

Ўзбекистон президенти 2020 йил 20 мартда имзолаган "Коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсири ва глобал инқирозни юмшатиш бўйича фармони"да ҳам кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш ва кечиктирилган муддатда қарздорлик учун жарима қўлланилмаслиги ҳақида айтилган.

Молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар тўловарини ҳам жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш президент фармонида таъкидланган.

Айни фармонда, 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддатини 2020 йил 1 августга қадар узайтириш¸ жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддатини ҳам 2020 йил 15 октябрга қадар узайтириш топширилган.

Бутун дунë¸ хусусан¸ Ўзбекистонда ëйилиб бораëтган коронавирус пандемияси сизнинг бизнес фаолиятингизга қандай таъсир қилмоқда? Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ҳукуматидан кичик ва ўрта бизнесни банкротликдан сақлаб қолиш учун қандай ëрдам кутяпсиз? Бу ҳақдаги фикрингизни Озодликнинг @ozodnews Telegram каналига ëзиб юборинг.

XS
SM
MD
LG