"Ўзбеккино" миллий агентлиги Россиянинг "Союзмультфильм" киностудияси билан ҳамкорликда Хўжа Насриддин тўғрисида мультипликацион сериал олишга келишиб олди.
Озодлик саволларига жавоб берган "Ўзбеккино" бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистонда кино ва мультипликация индустриясида катта ислоҳотлар амалга оширилиши кутилаётганини айтди.
12 ноябрь куни "Ўзбеккино" Миллий агентлиги бир гуруҳ ходимлари Москвадаги “Союзмультфильм” киностудиясида бўлди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги делегацияси "Союзмультфильм" киностудиясининг янги студиясида кутиб олинди. Ўзбек киночилари ва мультипликаторлари рус мульфильм усталари фаолияти ва уларнинг янги лойиҳалари билан танишдилар, ижодий жараёнларни кузатдилар.
Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва қатор шартномалар имзолашди.
Озодлик саволларига жавоб берган делегация бошлиғи - «Ўзбеккино» бош директори Фирдавс Абдухолиқов “Ўзбеккино” ва “Союзмультфильм” ҳамкорликда Хўжа Насриддин ҳақида анимацион сериал ишлашга келишиб олганини маълум қилди.
- Учрашув давомида “Союзмультфильм” билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва қатор ҳужжатлар имзоладик. Жумладан, айтишим мумкин –“Ўзбеккино” ва “Союзмультфильм” ҳамкорликда Хўжа Насриддин ҳақида анимацион сериал ишлашга келишиб олди, чунки буларда кучли технологик база мавжуд. Биз ўз ислоҳотларимизга Ўзбекистондаги барча катта аниматорларни жалб қилдик, уларнинг дардлари ва тилакларини эшитдик. Ўзбек мультипликациясига миллий қадриятларимизни етказувчи янги миллий қаҳрамонлар керак! - деди Фирдавс Абдуҳолиқов.
“Союзмультфильм” киностудияси бош директори Борис Машковцев Ҳўжа Насриддин ҳақидаги анимацион фильм яратиш ғояси қўллаб-қувватланганини тасдиқлади.
Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистонда яқин келажакда ижодий уюшмаларни бирлаштирувчи Ўзбекистон Аниматорлар ассоциацияси тузилиши режалаштирилганини ҳам очиқлади. У ҳозирда Ўзбекистон мультипликация соҳасида жаҳон замонавий тажрибасини ўрганишга бел боғлаганини билдирди.
Шу йилнинг 4 декабрида “Союзмультфильм” киностудияси бир гуруҳ ижодкорлари Ўзбекистонга келиши ва махсус тренинглар ўтказиши айтилди.
“Ўзбеккино” миллий агентлиги делегацияси ижодий сафар давомида 1-5 октябрь кунлари Россияда ўтказилган “Ўзбек киноси кунлари“да имзоланган меморандумлар асосида 5 та рус кинокомпанияси билан учрашув режалаштирилгани маълум бўлди.
Кино соҳасида йиллар давомида жиддий муаммолар йиғилиб қолганини эътироф этган “Ўзбеккино” раҳбари яқин келажакда ўзбек киносида “тарихий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда”, деди. Шу билан бирга, цензура мавжуд бўлишини қатьиян инкор этган Фирдавс Абдуҳолиқов, кино ишлаб чиқарилишида Ўзбекистонда эркин бозор билан бирга давлат аралашуви ҳам бўлиши керак, деган фикрни билдирди:
- Кино соҳасида катта ўзгаришлар кутса бўлади. Биз янги ўзбек фильмларини яратишга, ўзбек киносини қўллаб-қувватлашга нафақат давлат кўмаги, балки жамиятимиз вакилларини ҳам жалб қилмоқчимиз. Биз янги томошабоп фильмлар яратилиши учун имконият ва шароит яратишимиз ҳам керак. Шу билан бирга, давлатнинг кинога аралашувини қисман сақлаб қоламиз. Шунингдек, янги кинофильмлар яратилишига хорижда фаолият юритаётган кино усталари, режиссёр ва актёрларни жалб қиламиз.
Унинг фикрича, ҳозирги ўзбек киносида совет давридан қолган механизмлардан воз кечиш вақти етиб келди. Фирдавс Абдуҳолиқов яқин орада Ўзбекистонда янги кинофестивални уюштириш устида махсус ишчи гуруҳ иш бошлаганини ҳам айтди.
Москвада 1-5 октябрь кунлари ўтказилган “Ўзбек киноси кунлари”да россияликларга 10 та бадиий ва учта ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Россия ва Ўзбекистон киночилари бешта меморандум имзолаган, жумладан, "Марс-медиа", "Megogo" киноширкатлари ва “Ўзбеккино” ўртасида “Тошкент -66” ҳамда “Хўжа Насриддин” фильмларини суратга олиш бўйича келишувга эришилган.