Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:41

Қорақалпоғистонда "суяк уни" васвасаси: Оқ қонга чалинган 12 ёшли қиз суяк уни шифосига ишониб вафот этди


Дардига шифо излаб “Рашид табиб”га борганлар суяк унининг ҳар юз граммини табибнинг ўзидан ёки туманлардаги одамларидан 85 минг сўмдан 350 минг сўмгача тўлаб сотиб олганликларини Озодликка айтишди.
Дардига шифо излаб “Рашид табиб”га борганлар суяк унининг ҳар юз граммини табибнинг ўзидан ёки туманлардаги одамларидан 85 минг сўмдан 350 минг сўмгача тўлаб сотиб олганликларини Озодликка айтишди.

Ижтимоий тармоқларда ўзини "дунёдаги энг кучли Рашид табиб” дея танитиб, минглаб касалларни фақат суяк уни ва товуқ пати кукуни билан даволашга уринаётган қорақалпоғистонлик Рашид Картбаев беморлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари маломатига қолди.

Бир неча юз минг сўм пул эвазига табибнинг суяк унини сотиб олган беморлар бундан соғлигига фақат зиён етгани ҳақида Телеграмдаги махсус канал орқали шикоят қилиб чиқди.

Тахиатош туманилик аёл эса, табибнинг товуқ пати кукунидан оқ қон касалига чалинган қизи аҳволи оғирлашиб қолгани, кейин эса нобуд бўлганини маълум қилди.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари Рашид Картбаевга одамларни даволаш учун лицензия берилмагани, унинг фаолиятини назорат қилиш эса вазирлик ваколатига кирмаслигини айтишди.

Дардига шифо излаб “Рашид табиб”га борганлар суяк унининг ҳар юз граммини табибнинг ўзидан ёки туманлардаги одамларидан 85 минг сўмдан 350 минг сўмгача тўлаб сотиб олганликларини Озодликка айтишди.

- Аҳлатдан топилган суякларни, товуқнинг патларини майдалагичдан чиқариб сотишади. Минг дардга шифо эмиш. Аҳлатдан топилган суяк унининг 100 грамми 80-100 минг сўм, чистий суякнинг кукуни 350 минг сўмдан, - деди нукуслик Батир.

"Рашид Табиб" суяк унини 100 граммини 80 минг сўмдан 350 минг сўмгача нархда сотган.
"Рашид Табиб" суяк унини 100 граммини 80 минг сўмдан 350 минг сўмгача нархда сотган.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманилик Шўлпан Ажиниязова ҳам “Рашид табиб”нинг Телеграм каналидаги рекламасига учиб ундан суяк уни сотиб олганлардан:

- Каналига кирсангиз видео тайёрланган. У ерда одамларни комментариялари ҳам бор. Кимда грижа бўлса, икки кундан кейин грижаси кетгани ҳақда айтишади. Оқ қонга ҳам давоси бор дейишди. Менинг грижам бор. Шифо беришига ишониб мен ҳам шу суяк унидан олиб турдим. Сувга солиб кунда уч мартадан уч ой давомида ичасизлар деганда. Кор қилмади. Қайтанга баттарлашди. Билсак улар аҳлатда ётган суякларни, товуқ патларини териб, кукун қилишар экан. Биз аҳмоқлар шунга 300 минг сўм тўлабмиз.

"Рашид Табиб" суяк уни билан бирга товуқ пати кукунини ҳам "минг дардга шифо" деб сотган.
"Рашид Табиб" суяк уни билан бирга товуқ пати кукунини ҳам "минг дардга шифо" деб сотган.

Тахиатош туманилик аёл эса табибнинг суяк уни ва товуқ пати дастидан оқ қон касалига чалинган 12 ёшли қизи оғирлашиб қолгани ҳақда 2 март куни Телеграм каналида видеомурожаат билан чиқди.

- Икки ой олдин қизим учинчи химияни олаётган пайтда мана бу табибимиз бизни бундан воз кечтириб, химия керак эмас, қон қуйиш ҳам керак эмас, менинг товуқ патим, даво бўлади, деб ишонтирди. Икки ой қизимга товуқ пати бердик. Ҳозир аҳволи қайтанга оғирлашиб қолди, фақат товуқ пати кукунини қайтаради, - дейди тахиатошлик аёл ўз видео мурожаатида.

Рашид табибнинг товуқ пати шифосига ишонган она
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Озодликнинг аниқлашича, видео Телеграм каналида эълон қилинганидан уч кун ўтиб - 5 мартда қиз ҳаётдан кўз юмган.

Қорақалпоғистон Соқлиқни сақлаш вазирининг Оналар ва болаларга тиббий ёрдамни ташкил этиш бўйича ўринбосари Гауҳар Абдисаметова қизнинг онаси суяк уни шифосига ишониб қизига кимё муолажасини тўхтатганини Озодликка тасдиқлади.

- У қиз лейкоз ташхиси билан туман касалхонасида рўйхатда турган. Қиз табибнинг кукунларини ичиб бошлаганидан кейин онаси химия терапияни тўхтатиб қўйган. Тиббиёт ходимлари бир неча марта бориб айтган, бир кун кечга қолдирсанг қиз нобуд бўлиши мумкин деб айтишган. Онаси кўнмаган, бизнинг шифокорларга эмас, табибга ишонган. Табиб кукунларининг фойда-зарари ҳақида бирон нарса айта олмайман, лекин қиз лейкоздан ўлди, - деди Гауҳар Абдисаметова.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.10.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш белгиланган.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ходими эса Рашид Картбаевга лицензия берилмагани, шунинг учун унинг фаолиятини назорат қилиш вазирлик ваколатига кирмаслигини айтди.

Қорақалпоғистонда "Рашид табиб" деган одамнинг "минг дардни даволаётгани” тўғрисидаги гаплар пайдо бўлганига бир неча ой бўлиб қолди.

Телеграм каналидаги реклама ролигида "Рашид табиб": "Докторлар енга олмаган касалликни мен енгаман. Дунёдаги энг кучли табиб мен бўламан", дейди.

Озодлик Рашид Картбаевнинг Телеграм каналида кўрсатилган телефон номерига қўнғироқ қилганида ҳеч ким жавоб бермади.

"Рашид табиб"нинг ​Хўжайли туманидаги Сайёра исмли вакили эса, Озодлик билан суҳбатда суяк кукунининг шифосини исботлашга уринди:

- Суякда кальций моддаси борку?! Бош суяк, оёқ суяк, қовурға суяк қуритиб қўйилади. Кейин кофемолкада майдаланади. Шу суяк унини сувга эзиб кунда бир қошиқдан ичиб турса минг дардга даво, грижа ёки почкада тоши борлар тузалиб кетгани бўлди.

Аммо, қорақалпоғистонлик шифокор Рўзмет Ражабов суяк кукунининг шифоси ҳақидаги иддаоларни савол остига олади.

- Агар суякнинг кукуни фойдали бўлса, биз ишимизни йиғиштириб қўйсак ҳам бўларди. Суяк кукунини эзиб, каша қилиб бир қошиқдан еб турса грижа кетар эмиш. Қип-қизил мошенник-ку булар. Биласиз Қорақалпоғистонда грижа, саратонга чалинганлар кўп. Улар дардингга шифо топаман, дейдиганларда бор-бутини беришга тайёр. Булар уларнинг дардига дармон бўлиш ўрнига зиён келтиришяпти. Тахиатошлик қизимиз агар онаси буларни гапига ишонмасдан химоя муолажасини давом эттирса, балки қиз ўлмас эди, - дейди Ражабов.

Суяк уни Ўзбекистонда чорвачиликда ҳайвонларига, паррандаларга минерал озуқа сифатида берилиши амалда кўпдан бери мавжуд.

Асосан, омихта емларга, силосга, концентрат озуқаларга қўшиб, майдаланган илдизмеваларга аралаштириб берилади.

"Рашид Табиб"га шифо излаб борганлар аҳлатдан топилган суяклар кукун қилинаётганини кўрганликларини айтишади.
"Рашид Табиб"га шифо излаб борганлар аҳлатдан топилган суяклар кукун қилинаётганини кўрганликларини айтишади.

2018 йилнинг декабрида Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида Ҳасан домла деган табиб “минг дардни даволаётгани” тўғрисида гаплар пайдо бўлган.

Тармоқларда тарқалган реклама роликларига ишониб нафақат Ўзбекистоннинг ўзи, балки қўшни мамлакатлардан ҳам беморлар шифо илинжида табиб уйи олдига тизилишган эди.

Кейинчалик унинг "сохта табиб"лиги фош бўлгач одамлар бормай қўйган.

XS
SM
MD
LG