Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:47

"Халқ банки" лотереясини сотолмаган ходимлар яна уни ўзи олишга мажбурланмоқда


Ўзбекистондаги йирик давлат банклардан бири "Халқ банки"нинг Тошкент шаҳридаги филиаллари ходимлари банк раҳбарияти ўзларини банк мижозларига "Имкон" лотереяларини сотишга мажбурлаётганликда айблади.

Озодликка гапирган банк ходимларига кўра, лотерея сотишдан бош тортган ёки сотолмаган ходимлар лотереяни ўзлари олишга мажбурланган¸ акс ҳолда¸ ишдан бўшаш босими остида қолган.

Жорий йил бошида "Халқ банки" умумий қиймати 20 миллиард сўмлик 10 миллион дона лотерея билетларини муомалага чиқарган эди.

Банк иддаосича, 20 июль куни ўйналадиган лотереянинг ютуқ фонди 10 миллиард сўмни ташкил қилади ва ҳар тўрт лотереянинг бири ютуқлидир.

"Халқ банки" матбуот хизмати раҳбари Сарвар Очилов Озодлик билан суҳбатда лотерея мажбурлаб сотилаётганини инкор этди.

Очилов Озодликка¸ агар лотереяни мажбурлаб сотганлар аниқланса¸ ишдан бўшатилишини айтди.

“Халқ банки"нинг Тошкент шаҳридаги бўлимларидан бири ходимининг Озодликка айтишича, раҳбарият ҳар бир ходимга 400 минг сўмлик лотерея сотиш мажбуриятини юклаган:

- Менга ҳам бу ой донаси 2000 сўм турадиган 400 минг сўмлик лотерея берилган. Агар шуни сотолмасам¸ ойлигимдан шунча пул ушлаб қолинади ёки ишни уддалай олмадинг¸ деб ишдан бўшатишади. Бу ҳақда мен ҳам¸ бошқалар ҳам огоҳлантирилди. Ўйналадиган кунга оз вақт қолаяпти, лотереялар сотилмаган. Шунга келган клиентларга "лотерея олинглар", деб ялинамиз, клиентлар устимиздан кулиб кетишади. Пенсия, нафақасини олгани келганларга лотерея қўшиб бермасак¸ бошқа ҳеч ким олмаяпти, - дейди Озодликка ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб исмини очиқламасдан гапирган банк ходими.

"Халқ банки"нинг Озодлик суҳбатлашган бошқа ходимлари ҳам лотерея сотишга мажбурланаётгани, бўйин товлаганлар ёки режани бажармаганларга ойлигидан ушлаб қолиш ёки ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинганини айтишди.

- Фактически бу лотереяни бизга мажбурлаб сотишяпти-да. Нима қилсанг қил, деб маошимизнинг ярмига лотерея берган. Лотереяга қозон қайнамайди, уй-рўзғоримиз бор, кредитларимиз бор. Лотерея ҳалол бўлса бошқа гап эди. 50 фоиз ютуқ деяптию, лекин 10 фоиз ютуқ ҳам йўқ. Ишонмасангиз бир пачкани олиб ўйнаб кўринг, ютуқ чиқадими, чиқмайдими, кўрасиз, - дейди "Халқ банки"нинг Озодлик суҳбатлашган бошқа бир ходими.

"Халқ банки" матбуот хизмати раҳбари Сарвар Очилов Озодлик билан суҳбатда 50 фоиз ютуқли деб айтилаëтган "Имкон" лотереяси чиқарилганини тасдиқлади, аммо уни сотишга ҳам¸ олишга ҳам ҳеч ким мажбурланмаётганини айтди.

- Шундай лотерея чиқарилган. Лекин мажбурлаб сотиш йўқ бизда. Лотерея мажбурлаб сотилмайди. Агар кимки мажбурлаётган бўлса¸ ишдан ҳайдалади. Бошқа томондан¸ ходимларимиз қанча лотерея сотса¸ шундан 8 фоизлик бонус олади¸ яъни қанча кўп сотса¸ ўзларига фойда - деди Очилов.

Умумий қиймати 20 миллиард сўмлик 10 миллион дона "Имкон" лотереяси билетлари шу йил бошида муомалага чиқарилган.

"Халқ банки" матбуот хизматига кўра, ҳар тўрт лотереянинг бири ютуқлидир.

Банк вакилининг айтишича, лотереяда 10 миллиард сўмлик жами 2 миллион 227минг 838 та, жумладан, 50 миллион, 25 миллион, 10 миллион, 5 миллион, 1 миллион сўмлик ва бошқа пул ютуқлари ўйналади.

Очиловга кўра, "Халқ банки" чиқарган “Имкон” лотереяси сотилиши билан боғлиқ муаммо йўқ.

- Одамлар олаяпти, муаммо йўқ. Агар олишмаса¸ банк лотереяни чиқармас эди, - деди Очилов.

"Халқ банки" лотереяларининг мажбурлаб сотилиши ҳақидаги хабар Озодликка биринчи марта келаётгани йўқ.

2017 йилда "Халқ банки" ходимлари ҳар бир нафақахўр пенсия пулига 2 дона “Омад кулганда” лотереясини мажбуран қўшиб сотгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, 2017 йилда аҳолига лотереяларни мажбурий тарзда сотгани учун "Халқ банки" филиалларининг 222 нафар раҳбар ходимига ҳайфсан берилиб, жаримага тортилган. Банк филиалларининг 91 нафар раҳбари ва бош ҳисобчиси ишдан бўшатилган.

“Халқ банки” раҳбарияти эса Адлия вазирлигига келажакда лотереялар мажбурлаб сотиш ҳолатлари қайтарилмаслиги учун чоралар кўргани ва жараённи доимий назоратга олганини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG