Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:22

Ўқитувчи дарс пайти футбол ўйнаган ўқувчиларни урди, маҳалла муаллимнинг ёнини олди (ВИДЕО)


Ўқитувчи дарс пайти футбол ўйнаган ўқувчиларни урди, маҳалла муаллимнинг ёнини олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:14 0:00

Видеони олган ўқувчи қизнинг Озодликка айтишича, воқеа 25 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги 3-мактабнинг 11-синфида содир бўлган, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси ўқувчиларни келмагани учун калтаклаган.

"Сиз айтаётган ўқитувчи ҳам жуда тарбияли, яхши бола. Озгина тарбияга чақирган бўлса керак, мактаб нима учун мактаб, ёшларни тарбиялаб, вояга етказиш учун, мукаммал инсон қилиб етказиш учун очилган жойку?!"

Бу гапни Фарғона шаҳрининг "Соҳибқирон" маҳалласи фуқаролар йиғини масъул котиби Шамсихон Мираҳмедова маҳалла ҳудудидаги 3- ўрта мактабда содир бўлган воқеа юзасидан фикр билдираётиб айтди.

Озодликка воқеага бевосита гувоҳ бўлган ўқувчи томонидан 26 ноябрь куни юборилган видеотасвирда ўқитувчи дарс пайтида ўқувчини синфдошлари олдида ураётгани акс этган.

Маҳалла вакили мактабда бўлган воқеани мактаб ҳудудида туриб шарҳлаётган бир пайтда мактаб директори билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Бир дақиқалик видеоëзувда синф хонасида ўқувчилар ўтиргани, ўқитувчи ўқувчини турғизиб бошига шапалоқ тушираётгани кўринади.

"Икки ҳафтани гапиряпман, ўтган ҳафта ва ундан олдингиси", дер экан муаллим ўқувчини бошига тарсаки туширади.

Озодлик Фарғона шаҳридаги 3-сон мактаб директорига кун давомида қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Видеони олган ўқувчи қизнинг Озодликка айтишича, воқеа 25 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги 3-мактабнинг 11-синфида содир бўлган, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси унинг синфдошларини дарсга келмагани учун калтаклаган.

- Кеча учинчи соат Физика дарси эди. Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчимиз дарсни бўлиб кириб, болаларни турғизиб ура бошлади, дарсга келмагани учун. Доим уради, шунинг учун видеога олиб, сизларга жўнатдим. Ўзи ҳам кўпинча дарс ўтмайди, мактабга келмайди, биз ҳам уни уришимиз керакми?, - дейди жазоланиши хавфи боис исми очиқланмаслигини истаган ўқувчи.

Озодлик мухбири видеода калтак еган болани топиб, унинг ўзи билан бўлган воқеа ҳақида гаплашди:

Дарсига кирмаганим учун урди. Дарси қизиқарсиз бизга.

- Кечаги ҳолатда дарсига кирмаганим учун урди. Дарси қизиқарсиз бизга. Шанба куни дарси бўлаётган пайтда мактабда уч синфдошим билан футбол ўйнадик, ўшанда раздевалка томонда учаламизни урди. Урганига жаҳл қилиб уйга кетиворсам, шу ҳолатни эслаб кеча яна урди, - деди исми очиқланмаслигини истаган ўқувчи.

​3-сон мактаб ўқитувчиларидан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ ўқувчилар мунтазам дарс қолдиргани муаллимнинг сабр косасини тўлдирган бўлиши мумкин:

- Тартибга чақириш учун қилган бўлса керак-да. Лекин, ёмон ўқитувчи эмас. Ўқувчиларни ургани ҳақда шу пайтгача шикоят бўлмаган, - деди мактаб раҳбарларидан бири.

Мактабни 11- синфи ўқувчиларидан бирининг Озодликка даъво қилишича, видеоси чиқиб кетган мураббий бундан олдин ҳам уларни калтаклаб келган, лекин улар мактаб раҳбариятига шикоят қилмаганлар:

- Фақат шу ўқитувчи уради ва доим уради. Йил бошида ҳаммамизни йиғиб, ораларингда чақимчи-ҳезалаклар бўлса айтинглар, урмайман. Агар ўзларингизни эркакман десаларинг урганимда чақиб бермайсизлар, деб айтганди. Синфимизда фақат битта болани урмайди, дадаси катта жойда ишласа керак, қолган ҳаммани уради ва фақат шу ўқитувчи уради. Кечаги ҳолатда ураверганидан кейин қизлар видеога олиб, тарқативоришибди, биз ҳеч кимга шикоят қилмаганмиз.

Озодлик ўқувчиларни калтаклагани иддао қилинаётган ўқитувчининг уяли телефонига боғланди.

Суҳбат бошида шахсини тасдиқлаган эркак Озодлик саволини эшитгач бошқа жойга қўнғироқ қилдингиз, деб телефонни қўйиб қўйди.

Кейин унга қайта боғланиб бўлмади.

Озодлик Фарғона шаҳридаги 3-сон мактаб директорига кун давомида қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Мактаб биносида ташкил этилган сайлов участкасида ўтирган Фарғона шаҳрининг "Соҳибқирон" маҳалласи фуқаролар йиғини масъул котиби Шамсихон Мираҳмедова ўқувчилар олган видеони мактаб раҳбарияти муҳокама қилаётганини айтди.

Мираҳмедова ўз маҳалласида жойлашган 3-сон мактаби Фарғонадаги энг намунали мактаблардан эканини қўшимча қилди:

Сиз айтаётган ўқитувчи ҳам жуда тарбияли, яхши бола. Озгина тарбияга чақирган бўлса керак, мактаб нима учун мактаб, ёшларни тарбиялаб, вояга етказиш учун, мукаммал инсон қилиб етказиш учун очилган жойку?!

- Ҳозир тепада шу масала муҳокама бўляпти, афтидан. Мактаб ҳақида гапирсам,ҳамма боласини шу мактабга бергиси келади, тартиб-интизом кучли бу ерда. У мактаб ҳақида ёмон гап эшитмаганман. Сиз айтаётган ўқитувчи ҳам жуда тарбияли, яхши бола. Озгина тарбияга чақирган бўлса керак, мактаб нима учун мактаб, ёшларни тарбиялаб, вояга етказиш учун, мукаммал инсон қилиб етказиш учун очилган жойку?!

Ўзбекистоннинг мактаб ва коллежлари ҳамда болалар боғчаларида ўқувчи ва тарбияланувчиларни ўқитувчилар калтаклагани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Сурхондарё вилоят маркази Термиз шаҳридаги Ихтисослаштирилган олимпия резервлари мактаб-интернатининг самбо бўйича мураббийси ўқувчиларни ургани учун 14 ноябрда ишдан бўшатилгани ҳақда Озодлик хабар берган.

Шу йил май ойида эса Озодлик ўқитувчи аёл дарс пайти ўқувчиларни доска олдида қаторасига териб, юзига тарсаки тушираётгани акс этган видеони эълон қилган эди.​

Шу йилнинг феврал ойида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа амалга татбиқ қилиш бошланганини билдирган эди.

Вазирлик расмий сайтида айтилишича, “Мактабларда зўравонликнинг олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси”, деб номланган лойиҳада асосий эътибор ўқув даргоҳида ижобий психологик муҳитни шакллантириш, хусусан, ўқувчилар ўртасида буллингнинг олдини олишга қаратилиши, шу билан бирга, лойиҳанинг "ўқитувчиларга ҳам стресс ва ишдан “совиш” ҳолатларининг олдини олишда ёрдам бериши" айтилган.

XS
SM
MD
LG