Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:39

Ангренлик она қизини урган ўқитувчи устидан орадан 10 ой ўтиб ИИБга арз қилмоқчи


8 ёшли Сўғдиёна елим идиш зарбасидан шикастланган.
8 ёшли Сўғдиёна елим идиш зарбасидан шикастланган.

Тошкент вилоят, Ангрен шаҳри, Қизилтоғ қўрғонидаги (собиқ Красногорск посёлкаси) 44- ўрта мактабда муаллим 8 ёшли ўқувчига елим идиш отиб, пешонасини жароҳатлаган.

Шу йилнинг январида бўлган бу воқеа ҳақида ўқувчи қизнинг онаси 15 октябрь куни Озодликка арз қилди. Онанинг гапини унинг қизини даволаган врач тасдиқлади.

Жабрланган қизнинг онаси мактаб раҳбарияти ва маҳалланинг босими ҳамда муаллим яқинларининг "қизингизни ўзимиз даволатамиз, шу гап маҳалладан чиқмасин" деган ваъдалари таъсирида Ички ишлар бўлимига шикоят қилмаганини билдирди.​

Озодлик 8 ёшли Сўғдиёнанинг бошига елим идиш ирғитиб жароҳатлагани гумонланаётган муаллимнинг ўзидан изоҳ ололмади.

Муаллимнинг ўғли шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлади, лекин онаси буни атайлаб қилмаганини, қизни даволатиш сарф-ҳаражатларини шахсан ўзи кўтарганини айтаркан, Сўғдиёнанинг онасини шантаж қилаётганликда айблади.

Ангреннинг Қизилтоғ қўрғонида яшовчи Наргиза Османованинг иддаосича, 2-синфда ўқийдиган қизи Сўғдиёна дарс пайтида Ўзбекистон мадҳиясини айтмагани учун ўқитувчиси унга елим идиш ирғитиб, бошини жароҳатлаган.

Воқеа шу йилнинг январ ойида бўлган.

- Қизим нозикроқ-да, 200 граммлик пластмасс идишдаги клейни "сен менинг жонимга тегиб кетдинг", деб ирғитган. Клей Диана (Сўғдиёна)нинг елкасига тегиб, тушиб кетган. Ўқувчилардан бири клейни ердан олиб муаллимга олиб бориб беради. Кейин икки-уч метр нарида турган қизимга мўлжаллаб яна отади, пешонаси билан бурнининг ўртасидаги чуқурликка, икки кўзининг орасига тегиб, ўша ери йиртилиб кетган. Буни Диананинг синфдошлари бир-биридан алоҳида тасдиқлаган ўшанда, - дейди Османова.

Сўғдиёнанинг онаси елим идиш зарбидан қизи бошидан шикастланганини айтди.
Сўғдиёнанинг онаси елим идиш зарбидан қизи бошидан шикастланганини айтди.

Наргиза Османованинг айтишича, Сўғдиёнани ўша куни туман шифохонасига олиб боришганида врачлар қиз мияси чайқалганини унга айтишган.

Сўғдиёна Османовани қараётган шифокор хулосасига кўра, қизда мия чайқалиши бўлган.
Сўғдиёна Османовани қараётган шифокор хулосасига кўра, қизда мия чайқалиши бўлган.

Османова тиббий хулоса ҳужжатларининг нусхасини Озодликка тақдим қилди. Бу ҳужжатларни имзолаган врач (исми айтилишини истамади) 16 октябрь куни Озодликка бундай деди:

- Бошида олиб келишганида чайқалиш, ЧМТ (черепно-мозговая травма - таҳр.) бўлган.

Онасининг иддао қилишича, Сўдиёнада январда олган жароҳати асоратлари ҳануз қолган:

- Диана қусиб, "бошим оғрияпти", девурди-да. Ҳозир ҳам шуни асоратлари қолган қизимда.

Сўғдиёнани қараётган шифокор онанинг иддаоларини рад қилди:

- Охирги марта шу йил ёз ойларида олиб келганида ошқозони оғриган. Қиз қусганига мия чайқалиши асорати деб ўйлашган, қусиш ошқозондаги проблема билан боғлиқ, деб айтганман.

Лекин Наргиза Османова қизини қараган врачнинг сўзларига ишонмаётганини, қизи мустақил шифокор кўригига муҳтож эканини айтаркан, бундай деди:

- Чунки булар шифокорларни ҳам "қизда мия чайқалиши асорати йўқ", дейишга кўндирган, деб ўйлаяпман.

Қизнинг онаси бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида Ички ишлар бўлимига шикоят қилмай, бу ҳақда ҳозир гапираётгани сабабини Озодликка шундай изоҳлади:

- Ўша пайтда мактаб директори, замдиректор, маҳалла комитетлари уйимга келиб, "нотўғри қилибди ўқитувчи, лекин хатони тўғрилаймиз, илтимос, бу гап Красногорскдан чиқмасин" дейишган. Мактаб директори қизимни ўзини машинасида Тошкентдаги ҳусусий клиникага олиб бориб кўрсатган. Астойдил кечирим сўрагани учун бу ҳақда айтмаганман ўшанда. Қизим сурункали муолажага мухтожлиги сабабли ўқитувчининг ўғли қўлини кўксига қўйиб, "ҳамма ҳаражатини кўтараман, фақат шикоят қилманг", деб ялинган. Ўзбекчилик-да. Бошида дориларини олиб беришди, апрель ойида докторга олиб боришга тўғри келганида ҳаммаси тўнини тескари қилиб тураверди. Икки ҳафта олдин қизим, яна қусиб, "бошим оғрияпти", деди. Бошидан жароҳат олишидан олдин қизим бош оғриғи нима бўлишини билмасди, уйига бордим, эшикдан қайтарворишди.

Сўғдиёна Османова мактабнинг аълочи ўқувчиларидан биридир.
Сўғдиёна Османова мактабнинг аълочи ўқувчиларидан биридир.

Озодлик 8 ёшли Сўғдиёнанинг бошига елим идиш ирғитилиб, жароҳатлагани юзасидан муаллимнинг ўзидан ҳам, 44-сон мактаб раҳбариятидан ҳам изоҳ ололмади.

Муаллимнинг ўғли Абдурауф Тиллабоев шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлади, лекин онаси буни атайлаб қилмаганини айтди:

- Воқеа бўлган ҳақиқатан ҳам. Онам 25 йиллик ўқитувчи. Бошланғич синфда дарс беради. Клей бор, кичкина клей. Бир ўқувчи тўполон қилган, тўполон қилганида "жим ўтир", деб шу клейни отганида у ўқувчига эмас, бу қизга тегиб кетган, беҳосдан. Сабаби, бизнинг оиламизда икки-уч йилнинг ичида кўп йўқотишлар бўлди, уч киши оламдан ўтиб қолди. Онамга бу оғир ботган, асаблари чарчаган. Ўқувчиларнинг ҳолини ўзингиз тушунасиз.

Абдурауф Тиллабоев онасининг айбини ювиш учун Сўғдиёна Османовани ўз чўнтагидан пул тўлаб даволатганини ҳам айтди:

- Онаси "қизимни қаратиб беринглар", деди. Докторга олиб бордик, қизини қаратдик. Дориларини олиб бердик. Шундан сўнг онаси келиб "ҳеч қанақа даъвойим йўқ" ўқитувчига, деб ёзиб кетди. Ўшанда "муаммо бўлса айтинг" деганман. Уйига йогуртлар олиб бориб бердим, банан деди, банан ҳам олиб бориб бердим. "Кукла "Барби" ўйнайман" деди, уни ҳам олиб бориб бердим. Онамни бир марта қилган хатоси учун шуни қилдим. Яқинда 29 сентябрь куни уйимизга бостириб келиб тўполон қилган, онамга ҳар-хил гапларни айтиб, "кечқурунгача дориларни олиб бориб берсанг бердинг, бўлмаса порталга шикоят қиламан", деб шантаж қилган. Онам ҳозир шифохонада ётибди.

Наргиза Усмонова даъвойим йўқ деб тилхат ёзиб берганини тасдиқлади.
Наргиза Усмонова даъвойим йўқ деб тилхат ёзиб берганини тасдиқлади.

Наргиза Османова "даъвойим йўқ" деб тилхат ёзиб берганини ҳам, 29 сентябрь куни муалллимнинг уйига борганини ҳам тасдиқлади.

- Ўша пайтда ёзиб берганман, чунки қизга қараймиз дейишган. Уйига ҳам бордим, ҳақиқатан. Уйига боришга ҳаққим бор, чунки улар ваъда берган қизни даволатамиз, деб. Чунки ҳамма нарса қиммат ҳозир, қиз етим, отаси 2016 йилда ўлган. Лекин, борганимда қизи онам уйда йўқ, деб эшикни ёпиб қўйди.

8 ёшли Сўғдиёна Османованинг ҳозирги сурати.
8 ёшли Сўғдиёна Османованинг ҳозирги сурати.

Наргиза Османова ўн ой олдинги воқеа ҳақида ўз вақтида ички ишларга шикоят қилмаганидан афсусда экани, энди бу ҳақда туман Ички ишлар бўлимига арз қилишини айтди.

Муаллиманинг ўғли Абдурауф Тиллабоев ҳам Наргиза Османова шантаж қилаётгани юзасидан унинг устидан Ички ишлар бўлимига шикоят қилиш ниятини билдирди.

Сўғдиёна Османова
Сўғдиёна Османова

Алоқадор

XS
SM
MD
LG