Толибон Кобулни эгаллаб олганидан кейин Афғонистондан қочган президент Ашраф Ғани Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳукумати томонидан қабул қилинди. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, БАА Ашраф Ғани ва унинг оила аъзоларини "инсонпарварлик нуқтаи назаридан" Дубай қабул қилган.
Ашраф Ғани Афғонистонни 15 август куни тарк этган эди. Ўша куниёқ Кобул толибонга бирор қаршиликсиз таслим бўлган эди. Ғани кейинчалик Facebook'да Толибон ғалаба қозонганини айтиб, "қон тўкилмаслиги" учун кетганини таъкидлаган.
Чоршанбагача Афғонистон президентининг қаердалиги номаълум эди. Унинг Тожикистон, Ўзбекистон ёки Қатарга кетган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тасдиқланмаган.
Афғонистоннинг қулашида Ашраф Ғани қанчалик айбдор?
Толиблар Кобулга бостириб кирганида мамлакатдан қочиб кетган Афғонистон президенти Ашраф Ғани қўпол ва зиддиятли шахс эди. Унинг раҳбарлик услуби қатор муҳим ва нуфузли одамларни бездириб, Афғонистон хавфсизлик кучларининг тор-мор этилишига сабаб бўлди.
Толибон ҳаракатининг минглаб жангарилари Кобулни қуршаб олган, пойтахтни ваҳима ва қўрқув чулғаган, аҳоли эса шаҳарнинг қон билан ишғол этилишига ва жангари исломчи гуруҳ ҳокимияти остидаги зулмкор ҳаётга қайтишга ҳозирлик кўрмоқда.
Кўчалардаги саросима ва Кобул аэропортининг одамлар билан тўлиб-тошиши манзарасида баланд мартабали ҳукумат мулозимлари ва сиёсий етакчилар ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш хусусида “Толибон” кучлари билан оғир музокараларга киришган.
Бироқ президент Ашраф Ғанидан дом-дарак йўқ.
Вазирлари зўр бериб у билан боғланишга уринишади, аммо президент офиси қўнғироқларга жавоб бермайди. Мураккаб даврни бошидан кечираётган Афғонистон етакчиси бир неча соат бурун, энг яқин аъёнлари билан бирга Кобул марказида жойлашган президент саройини яширинча тарк этиб, учоқда номаълум мамлакатга – ўз юртидаги талотўплардан узоққа учиб кетганди.
Бундан атиги бир неча кун олдин мамлакатдан кетмасликка ваъда берган Ғани 15 август куни, мамлакат учун айни синов фурсати етган маҳалда қочиб кетди. Хоинларча қочди.
Қочишни режалагани ҳақида ҳатто ўз ҳукуматининг энг муҳим аъзоларини, жумладан, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Бисмиллоҳ Хон Муҳаммадийни ҳам воқиф қилмади.
“Улар бизнинг қўл-оёғимизни боғлаб, мамлакатни сотишди”, деб ёзди Муҳаммадий, саросимага тушган расмийлар бош қўмондон мамлакатдан қочганидан хабар топишганида.
“Ғани ва унинг тўдасига лаънатлар бўлсин”, деди Муҳаммадий қочоқ давлат раҳбарининг у билан бирга қочиб кетган икки энг яқин вакили – миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Ҳамидуллоҳ Муҳиб ва президент маъмурияти бошлиғи Фозил Фазлийни назарда тутиб.
Ғанининг эски рақиби ва ҳукуматдаги иккинчи юқори мартабали мулозим бўлмиш Абдулла Абдулла “Аллоҳ уни қилмишлари учун жавоб беришга мажбур қилади”, деб айтди.
Қочиб кетганидан сўнг бир неча соат ўтиб, Ғани Афғонистонни тарк этиш сабабини очиқлади – гўёки “қон тўкилишига йўл қўймаслик” учун шундай қилган эмиш. Айрим хабарларда у номаълум учинчи мамлакатга ўтиб кетишдан олдин дастлаб Тожикистонга ёки Ўзбекистонга (иккала давлат ҳам бу маълумотни рад этди) учиб борганини ёзишди. Мана, 18 август якунланяпти ҳамки унинг қаердалиги номаълумлигича қолаётир.
Ғанининг Кобул қаршилик кўрсатмасдан Толибон кучлари ихтиёрига ўтган паллада қочиши унинг етти йиллик нотинч ва зиддиятли бошқарув даври ниҳоясига етгани белгиси эди.
Таҳлилчилар фикрича, 72 ёшли Ғанининг кескин ва авторитар бошқарув услуби муҳим ва нуфузли одамларни бездириб, Афғонистон хавфсизлик кучларининг тор-мор бўлишига ва ҳукуматнинг қулашига олиб келди.
Толибон ҳаракати хориж қўшинлари мамлакатдан олиб чиқиб кетила бошлаган 1 майданоқ шиддатли ҳужумларни бошлаган эди. Гуруҳ жангарилари бир ҳафтадан кўпроқ вақт ичида Афғонистоннинг кўплаб шаҳарларини босиб олди, ҳукумат кучлари эса минг-минглаб аскарлар билан уларга таслим бўлди ёки чекинди.
“Унинг ихтилоф келтириб чиқарувчи ва нохалқчил раҳбарлиги урушни бошқариш ва режалашга халал берди”, дейди Кобулдаги “Афғон таҳлил тармоғи” мустақил таҳлил маркази тадқиқотчиси Али Одилий.
Ғани мамлакат хавфсизлик хизмати раҳбариятини бир неча марта тарқатиб юборган ва алмаштирган. У, шунингдек, қатор обрўли шахсларни, жумладан, вилоятларда, айниқса, Афғонистон шимолида ҳокимиятни тутиб турган собиқ дала қўмондонларини ҳукумат таркибидан сиқиб чиқарган.
“Сўнгги ҳафталарда шимолий вилоятларнинг толибларга қаршилик кўрсата олмагани қисман Ғанининг муҳим шахсларни бошқарувдан узоқлаштиргани ва маҳаллий ҳокимият тузилмаларини заифлаштиргани натижасидир”, деб урғулайди Лондондаги “Chatham House” таҳлил маркази илмий ходими Ҳамид Ҳакимий.
Иқтидор ва қулаши
Собиқ молия вазири Ашраф Ғани 2014 йилда – сохтакорлик ва овоз бериш натижалари бузиб кўрсатилишига доир сон-саноқсиз айбловлар соясида хира тортган президентлик сайловида ғалаба қозониб, ҳокимиятга келган эди.
Шарқдаги Логар вилоятида туғилган этник паштун Афғонистонда олий сиёсий лавозимни эгаллаш учун зарур малакадан бебаҳра эмасди аслида. У Жаҳон банкида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ишлаган, ҳатто қашшоқ давлатларнинг муаммоларини қандай ҳал қилиш ҳақида китоб ҳам ёзганди.
Бироқ Ғанига кенг халқ оммасининг дастаги етишмади, қолаверса, АҚШда узоқ вақт қувғинда юриши туфайли оддий афғонлар билан алоқасини йўқотган одам эди у.
У ўзини Ғарбда таҳсил олган бир гала ёрдамчи ва маслаҳатчилар билан қуршаб олиб, ички манфаатдор томонларнинг муҳим муаммоларидан иҳоталанди.
Ғанини яна этник фаворитчиликда ва мамлакатдаги этник гуруҳлар ўртасидаги кескинликни рағбатлантиришда ҳам айблашади.
Ҳакимий қочоқ президентни “классик афғон популисти” деб атайди. “Унинг саёз популизми қисман, ўзи бошқаришни хоҳлаётган жамиятни академик ва антропологик тушунишига қаттиқ ишонганидан кибрга берилгани ҳосиласидир. У, шунингдек, қизиққон президент эди: раъйига қарши фактларни тақдим этишганида ёки ундан ҳам ёмони, уни танқид қилишганида тилини жиловлашни ва ахлоқ-одоб сақлашни уддалай олмасди”, дейди таҳлилчи.
Бир пайтлар Ғани билан бирга ишлаган, собиқ ҳукумат маслаҳатчиси Ториқ Фарҳодий президентни муросага боришни ёки ҳокимиятни бошқага беришни хоҳламайдиган “хавфли” етакчи, дея таърифлайди.
“Унинг сиёсий одимлари фақат ўз ҳокимиятини асрашга қаратилганди. Айни жараёнда у кўплаб манфаатдор томонлар – анъанавий етакчилар ёки технократларни ўзидан узоқлаштирди”, дейди Фарҳодий.
“Тинчликка эришиш имконини ўғирлади"
Ғани ўзи 2014 йилги сайловдаги рақиби Абдулла билан бирга имзолаган ҳокимият бўлиниши ҳақидаги битим шартларига риоя қилишдан бош тортдики, бу бошқариш қийин бўлган миллий бирлик ҳукумати тузилишига олиб келди, яъни ҳукуматнинг ўзи ўта тарқоқ бўлиб, беҳуда мунозараларга ўралашиб қолди.
Ашраф Ғани 2019 йилги президент сайловида яна ғалаба қозонди – бу сайлов ҳам сайловчиларнинг жуда кам қисми иштирокида ва сохтакорликда айблашлар билан кечди. Хорижий давлатлар ва мамлакат ичкарисидаги мўътабар кишилар ундан толиблар билан тинчлик музокаралари фойдасига сайловни кечиктириб туришни қаттиқ илтимос қилишди. Бироқ Ғани кўнмади.
2018 йилда Қўшма Штатлар афғон ҳукумати иштирокисиз, Толибон кучлари билан тўғридан-тўғри музокара бошлаган эди. Ўн саккиз ойдан сўнг томонлар ажнабий қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишига замин ҳозирлаган икки томонлама шартномага имзо чекишди.
Ушбу битимда томонлардан бири ўлароқ қайд этилмагани Ашраф Ғани ҳукуматининг обрўсига путур етказди. Шунингдек, ҳужжат унинг маъмуриятига Толибоннинг беш минг нафар жангчисини озод этиш мажбуриятини юкларди. Аввалига Ғани тутқундаги жангарилар ёппасига қўйиб юборилишига эътироз билдирди, кейин эса истар-истамай рози бўлди, аммо асирларни шу қадар имиллаб бўшатдики, тинчлик музокаралари бир неча ойга чўзилиб кетди.
2020 йил сентябрда, ички афғон тинчлик музокаралари бошланганидан сўнг мунаққидлари Ғанини иқтидорда қолиш мақсадида сулҳ жараёнини бир неча бор тўхтатиб қўйишда ва издан чиқаришда айбладилар.
Ва, мана, орадан қарийб бир йил ўтиб, Ғани Афғонистонда тинчлик қарор топишига эмас, балки Толибон Кобулда ҳокимиятни эгаллаши манзарасида 20 йиллик демократик бошқарув хотима топганига гувоҳ бўлмоқда.
“Ғани Афғонистон халқининг тинчликка эришиш имкониятини ўғирлаган президент сифатида ёдда қолади”, дейди Фарҳодий.