"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган Наманганлик 27 яшар Раҳматилло ана шу маслаҳатни етказиб қўйишимизни илтимос қилди.
Зилзила юз бергани Оллоҳнинг одамларга ишоратидир
дейди Риштондан қўнғироқ қилган Раҳматилла ака.
- Риштон туманида зилзила бўлгани оқибатида анчагина қурилишларга, одамларнинг уйларига, айрим муассасаларга, касалхоналарга ҳатто зарар етди. Аслида зилзила ўчоғи Қирғизистон ҳудудида экан. Лекин “У ëқда бўлдию нимага Риштон туманига кўпроқ талофат етказди?” деган саволлар чиқаяпти. Нимага деганда Риштон тумани, бу гапларни илгари ҳам айтганмиз, 15-20 йилдан буëн секин-секин Риштон туманимиз зах бўлиб кетди. Қаердан келди энди Оллоҳ билади. Балки билган одамлар ҳам бордир. Ўзи фойда олаëтганлиги учун балки индамай юргандир, халққа зарар етган бўлса ҳам. Шунинг таъсирида озгина зилзила бўлса ҳам одамларнинг уйларига зарар етади. Деворлар ëрилади, айрим уйлар йиқилиб кетади. Мана кечаги зилзилада ҳам бир нечта одамлар нобуд бўлибди, бир қанча уйлар йиқилиб кетибди. Туман касалхонаси ҳам шунинг натижасида зарар кўрибди. Баъзи бир одамларни босиб қолибди. Шунинг учун хўжайинлар, раҳбарлар ҳеч нарсадан бехабардай ўтиравермасдан Риштон тумани нимага бунақа бўлганлигига ëрдам беришларингизни сўраймиз.
Озодлик: Зилзила оқибатлари қанақа?
- Кўплаб уйларга зарар етган. Касалхона ҳам зарар кўрган. Ҳар хил одамлар гап тарқатиб юрибди. Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди буни. “Яна қайтарилар экан. Унақа экан, бунақа экан” дегна гаплар бўлаяпти. Бемаъни гап энди бу гаплар. Уни фақатгина Оллоҳ билади, Оллоҳнинг қўлидан келиши мумкин холос. Ҳар хил гаплар борки, хўжайинлар ҳар хил найрангни қилишаяпти, ўшаларга “огоҳ бўлгин” дегна мазмунда кўрсатиб қўйган бўлиши мумкин Оллоҳ ўзининг қудратини. Шунақа ишларга айрим алдовчилар, найрангбозлар, ëлғон гапирувчилар сал ўзларига келиб олсалар янаям яхши бўлади. Оллоҳни ўйлаб сал иш қилишса, янаям яхши бўлади, дейди риштонлик суҳбатдош.
Мен Ўзбекистон халқ ҳаракатини қўллайман
дейди Хоразмдан қўнғироқ қилган ва олий маълумотли бўла туриб мардикорлик қилаëтган йигит.
- Мен Хоразмданман. Исмим Бек. Ўзбекистонда кетатган сиëсатлар, Малоҳат ва Саодат опаларнинг очлик эълон қилганлари бу нарсаларнинг охири бормикан? Қўлимиздан келадиган нарса мана яқинда Берлинда Ўзбекистон халқ ҳаракати деган ташкилот тузилибди. Биз бу ташкилотнинг аъзоси бўлмасак ҳам ўша ташкилотни бир қўллаб-қувватлайликми. Мен буни интернет орқали билдим, эшитдим. Ўзим университетни тугатганман. Малоҳат ва Саодат опанинг очлик эълон қилгани, наҳотки улар 20 йилдан бери кетаëтган сиëсатни билмаса? Чириб бўлган ëввойи дарахтдан мева кутаëтгандай гап бу. Кўзи кўрмайдиган, қулоғи эшитмайдиган одам еяëтган нонидан қанақа вазият эканини билса бўлади. Кўриниб турган нарсада. Ўзбекистон халқ ҳаракати кучга кирган нарса, ҳамма қўрқади исм-фамилиясини айтишга. Буни тўғри тушуниш керак. Интервью бераман деб Ўзбекистондаги махлуқ қиëфасидаги одамлардан азият чекишни ҳеч ким истамайди. Шунинг учун сизлар ҳам тўғри тушунинглар. Исмини айтмасдан туриб Ўзбекистонда демократия қуриш мумкинми, деди. Албатта мумкин. Нима учун мумкин эмас? Шахсан мен ўзим ҳам шу нарсани кутаяпман, дейди хоразмлик суҳбатдош йигит.
Чориев ҳукумат билан баҳслашсин
дейди Наманганнинг Уйчи туманида деҳқончилик қиладиган 27 яшар Раҳматилло.
- Мен Наманганнинг Уйчи туманиданман. Ëшим 27да. Деҳқончилик қиламиз. Аввалги куни битта ака телефон қилдиларку отлари Баҳодир Чориевми. Ўша кишига мурожаатим бор эди. Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳни баҳсга чорладилар. Айтмоқчиманки, баҳсга чорлаб нима кераги бор? Ахир иккалалари ҳам мухолифатнинг бошлиғи бўлсалар. Ундан кўра баҳс қиладиган одамлар борку бошқа. Баҳодир ака халққа кулгу бўлиб нима кераги бор? Ундан кўра бошқа баҳс қиладиган одамлар борку. Ўшалар билан баҳслашсанглар яхши бўлармиди демоқчиман.
Озодлик: Масалан кимлар?
- Ҳукуматнинг одамлари билан баҳслашсалар яхши бўлади, Муҳаммад Солиҳ билан баҳслашгандан кўра.
Озодлик: Демак, сиз Баҳодир Чориевнинг таклифини жиддий олмайсиз-а? Шунақа тушундимми?
- Ҳа, баҳслашишларини хоҳламайман мен. Чунки кераги йўқ нарса бўлса керак. Халқнинг ишончини йўқотиб ҳам ўзларига, ҳам Муҳаммад Солиҳга минус бўлади бу нарса, дейди уйчилик суҳбатдош.
Эслатиб ўтамиз, аввалги дастурларимиздан бирида “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари, АҚШда истиқомат қилувчи Баҳодир Чориев Эркин микрофонга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон халқ ҳаракати муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳни баҳсга чақириш ниятида эканини маълум қилган эди.
Мен Каримовга рақибман
Озодликнинг бу борадаги сўровига “мен Каримовга рақибман”, деб жавоб берди “Эрк” демократик партияси лидери, Ўзбекистон халқ ҳаракати муассислар кенгаши раиси Муҳаммад Солиҳ.
- Нима дердик. Энди орзуга айб йўқ. Бу йигит биз билан баҳслашишни орзу қилибди. Унга изоҳ бериш менинг ишим эмас. Аммо шуни айтишим керакки, бу укамиз ўтган йил Туркияга келиб мен билан кўришишни истади. Мен рад қилдим. Кўриниб турибдики, бу рад қилганимнинг сабабини ҳалигача тушунмаганга ўхшайди. Тушунмаса, мен бир-иккита сўз билан айтиб қўяй. Бу ерда турли хил одамларни восита қилиб мен билан кўришишни истади. Мен рад қилдим. Рад қилганимнинг сабаби инсоний бир нарсага ëки бошқа бир инжиқликларга боғлиқ эмас. Мен бу одамнинг кимлигини билганим учун ва қайси мақсадда ўзининг мухолиф деб аталган ҳаракатини тузгани ва унинг мақсадларини билганим учун рад қилдим. Бу одам бемалол Ўзбекистонга бориб келиб юрган ва у ерда мажлислар ўтказиб, ҳукумат одамлари билан учрашиб, ўзининг ҳаракатининг бўлимларини тузиб юрган одам. Бунинг ҳеч қанақа мухолифатга алоқаси йўқ ва сиëсатга ҳам алоқаси йўқ. Фақат сиëсий конюктуранинг бугунги режимга яратиб берган ўйинчоқ фигураларидан биттаси.
Биринчидан, бу одам менинг тенгим эмас.
Иккинчидан, унинг сиëсатга ҳеч қанақа алоқаси йўқ.
Учинчидан, чиқиб менинг у билан гаплашишим кулгили бўлар эди ва бу кулгили аҳволга тушишни албатта мен истамайман. У менинг тенгим эмас. Каримов менинг рақибим. Мен Каримовга 1991 йилда рақиб бўлганман ва бугун ҳам ўша мақомимни муҳофаза қилиб келаяпман, яхшими ëмонми, ҳар ҳолда. Каримов асосан бизга қарши курашаяпти бугунгача. Каримов ҳам менимча бизнинг ташкилотдан бошқа ташкилотни рақиб ўлароқ танигани йўқ. Шунинг учун ҳар ким ўзининг ўрнини билса яхши бўлади менимча, дейди “Эрк” демократик партияси лидери, “Ўзбекистон халқ ҳаракати” муассислар кенгаши раиси Муҳаммад Солиҳ.
Кўзи ожизлар Тошкентда ашула айтяпти
Кўзи ожиз фуқароларнинг тиланчилик эмас балки тузукроқ иш билан банд бўлишини истаган ногирон Дилшодбек Пўлатов ўз фикрлари Озодликдан янграшини истади.
- Андижондан Дилшодбек Пўлатовман. Мен кўзи ожизлар ҳаиқда бир эшиттириш берсанглар деган эдим. Иккинчи гуруҳ ногирониман. 97 минг пенсия оламан. Етмайди. Иш йўқ. Кўзи ожизларга иш йўқ. Тиланчилик қилишаяпти кўзи ожизлар. Соппа-соғларга ҳам иш йўғу, иккита дипломи борлар кира қилиб юрибди. Бизда нарх қиммат бўлиб кетаяпти. Мана светдан, газдан қарз бўлиб қоламиз. Ун қиммат, ëғ қиммат. Битта одамга 250-350-400 граммдан ëғ бераяпти магазинда талонда. Кўзи ожизларнинг пенсиясини кўтариш керак ë бир иш билан таъминлаш керак. Кейин Россияда ëки Қозоғистонда кўзи ожизлар ҳаëти қанақа, уларнинг шароити қанақа шунақа бир эшиттиришлар олиб борсанглар деб сўрамоқчи эдим. Шунга ҳеч йўқ пенсияни кўтариш керакмикан. Мана ҳозир кичкина у-бу нарса сотадиган битта магазин очадиган бўлсангиз, уни давлат рўйхатидан ўтказиш керак экан. Унинг налоги бир ойга уч йил олдин 56 минг эди. 56 минг сўм бир ойда фойда қиласизми ëки йўқми. Одамларда пул йўқ унақа. Шуни гапирмоқчи эдим. Бизда кўпчилик Тошкентга бориб, ўзимизнинг Андижонда кўчаларда, бозорларда ашула айтиб юрибди, дейди андижонлик иккинчи гуруҳ ногирони Дилшодбек Пўлатов.
********************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!