Аммо, белгиланган жиноий жазо тури ҳақида ҳозирга қадар аниқ маълумот берилгани йўқ.
2012 йилнинг январ ойидан Ўзбекистонда жорий этилган таксичилик фаолиятига оид янги тартиб ишга тушди ва уни иккинчи бор бузган шахсга жиноий жазо қўлланадиган бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг "Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 2012 йил аввалида Ўзбекистонда фаолият юритаётган такси автомобиллари махсус терминал ёки касса аппарати билан таъминланган бўлиши лозим.
Такси ҳайдовчисида лицензия олгани ҳақидаги гувоҳнома ҳамда тиббий варақа бўлиши шарт. Ҳайдовчининг ёши эса 21 ёшдан кичик бўлмаслиги лозим.
Яна бир муҳим талаб - Тошкент шаҳрида қатновчи таксиларнинг ранги қаймоқранг, Ўзбекистоннинг вилоятларида қатнаётган таксиларнинг эса сариқ рангда бўлиши ҳақидадир.
Шу кунларда Ўзбекистонга қарашли ярим расмий вебсайтлар мутасадди идораларга таяниб юқорида саналган тартибни бузган такси ҳайдовчиларига белгиланган жазо чоралари сафида жиноий жазо ҳам борлиги ҳақида хабар қилмоқда.
Жумладан, Olam.uz нашрининг ёзишича, тартибни иккинчи бор бузган жисмоний шахс эса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Аммо, ҳозирча жиноий жазо тури ҳақида аниқ маълумот берилгани йўқ.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган бир неча таксичилик ширкатлари раҳбарияти аъзолари ҳам Озодлик билан суҳбатда ҳозирга қадар жиноий жазо тури ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтдилар.
Аввалига берилган хабарларда эса тартибни илк бор бузган такси ҳайдовчиларига маъмурий жазо қўлланиши, иккинчи бор бузган жисмоний шахсларнинг эса автомобиллари мусодара қилиниши айтилган эди.
Жарима кўринишида бўлган маъмурий жазо ҳажми Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 176 моддаси, 3-бандига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробари (тақрибан 480-2400 АҚШ доллари)га қадар миқдордадир.
Тартибни бузган юридик шахсларга белгиланган маъмурий жазо энг кам иш ҳаққининг 50 баробаридан 150 баробарига қадар қилиб белгиланган.
Шу кунларда Тошкент шаҳрида тарттиббузарларни аниқлашга қаратилган рейдлар бошланиб улгургани хабар қилинмоқда.
Gazeta.uz нашри берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат ва улар ихтиёрида бўлган 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.
Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида 35 минг нафаргача нолегал таксичи-киракашлар борлиги тахмин қилинади.