Хайрулла Ҳамидов Озодликка раддия берди

Хайрулла Ҳамидов.

28 март куни Озодлик электрон почта қутисига ўзбекистонлик диний воиз¸ спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидовга нисбат берилган шахс томонидан ўқилган аудио раддия етиб келди.
Бу аудио раддияни Озодликка ким¸ нима мақсад билан юборгани таҳририятга маълум эмас.

Хайрулланинг тавбаси

Озодлик мухбири Хайрулла Ҳамидовнинг рафиқаси Дилноза билан боғланиб, бу аудио ëзувдан парча эшиттирди ва Дилноза бу овоз Хайрулла Ҳамидовники эканини тасдиқлади.

Дилноза бундан 45 кун олдин Навоийдаги 47-жазо муассасасига борганида Хайрулла Ҳамидов бу аудиоëзувни унга берганини айтди.

- Ҳа, эшитдим. Уни қаердан олдинглар? Қайтишни айтаяптиларда бу ерда.

Озодлик: Ўша мақолада ҳам шулар ëзилганми?

- Ҳа, мана шу ëзилган.

Озодлик: Овози ўша-а? Яъни танидингиз-а турмуш ўртоғингизни?

- Ҳа, танидим, танидим.

Озодлик: Яъни биров у кишининг номидан ўйин қилиб нима қилмаган-а?

- Йўқ. Сизларга қанақа қилиб етиб борди, тўғриси менда борда бу нарса. Мен ҳали ҳеч кимга бермаганманда буни.

Озодлик: Сизга қанақа қилиб етиб келди у?

- Мен ўзим олиб чиққанман.

Озодлик: Қачон олиб чиққан эдингиз?

- Анча бўлган.

Озодлик: Қачон?

- Икки ой бўлаяпти.

Озодлик: Уни нима деб бергандилар сизга? Мана шуни етказинг дебми?

- Етказинг, деб берган. Бизлар қўрқиб чиқармаган эдик. Мана 45 кун бўлди бориб келганимга. Ўшанда бериб юборган эдилар, дейди Хайрулла Ҳамидовнинг турмуш ўртоғи Дилноза.

Бундан ташқари Дилноза бу аудиоëзув қамоқхона ичида маҳкумлар орасида тарқатиладиган “Вақт” газетасида “Қайтиш” деган сарлавҳа билан чоп қилинганини маълум қилди.

- Ëздилар, газеталарга ҳам чиқди “Қайтиш” деб. Қамоқхонанинг ичида “Вақт” деган газета чиқаркану. Ўша зонанинг ичидаги “Вақт” деган газетага “Қайтиш” деб катта мақола ëзганлар. Уни бизлар олиб келиб бир-иккита одамга бердик тегишли жойларга нима қилинглар деб. Энди билмайман нима бўлди.

Озодлик: Нима ҳақда ëзган? Тавба қиламан, деб ëзганми ўша мақоласида?

- Ҳа, тавба қиламан деб ëзганлар. Хоҳласанглар, одам жўнатсанглар, сизларга ҳам берамиз, дейди Хайрулла Ҳамидовнинг турмуш ўртоғи Дилноза.

Қамоқхона студияси маҳсулоти

Махсус студияда ҳар хил драматик оҳангдаги мусиқа билан ëзилган бу мақола-раддияда Хайрулла Ҳамидов ўзининг тегишли диний илмга эга бўлмай туриб, одамларга диний билим бериш даъвоси хато экани, аммо Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари унга бу хатосини яхшилик билан тушунтириб, тергов жараëнида ўзига хайрихоҳлик билан ëндашиб, “катта хатоси” учун “кичик жазо” беришганини мақтайди.

Х. Ҳамидовнинг Жазони ижро этиш бошқармаси нашри - Вақт газетасида эълон қилинган "Қайтиш" номли тазарру мақоласи.

Хайрулла Ҳамидов 2010 йил 21 январи ўз уйида тинтув ўтказган ҳуқуқ ходимларидан тортиб, ҳозирга қадар кўришгани барча тергов-суриштирув ва адлия ходимлари ўзига нисбатан фақат қонун доирасида, овозларини ҳам кўтармасдан, сизлаб муносабатда бўлишганини айтади.

Раддия-мақолада Хайрулла Ҳамидов , ўзининг адашганини, динни яхши биламан деган хато даъвога берилганини, омманинг руҳий кечинмаларидан бехабар, айтганларининг сиëсий оқибатларини билмаганига эътироф этади.

Раддия-мақолани ўқиëтган шахс, ўзининг оиласи, яқинлари ва дўстларини қийин ҳолда ташлаб кетгандан-да кўра, ўзининг билимсиз бўлиб бошқаларга билим бермоқчи бўлганидан пушаймон эканини таъкидлайди.

"Озодлик мен ҳақимда ëлғон тарқатмоқда"

Хайрулла Ҳамидов раддия давомида Озодлик радиосида шеърлари учун беш кунлик изоляторга ташлангани ҳақида берилган хабарни рад этади ва ўзининг Навоий вилоятидаги 47-жазони ўташ муассасасида қийноқ ва тазйиқлардан озод ҳолда яшаëтганини иддао қилади.

Айни пайтда Ҳамидов бу қўшиқнинг Навоий қамоқхонасида ëзилганини тасдиқлайди. Аммо Озодлик радиосининг Ҳамидов раддия билдирган мақоласида унинг беш кунга изоляторга ташлангани ҳақида маълумот йўқ.

Ўзининг қамоқхона маъмурияти рухсати билан оммавий маданий-оқартув ишларида фаол экани, махсус тадбирларга бошловчилик қилиб келаëтгани, ватан равнақи учун хизмат қилаëтган дастурлар ҳозирлаëтганини таъкидлаган Хайрулла Ҳамидов, озодликка ëруғ юз билан чиқишига яқин қолганига ишорат қилади.

Х. Ҳамидовнинг Жазони ижро этиш бошқармаси нашри - Вақт газетасида эълон қилинган "Қайтиш" номли тазарру мақоласи.

"Бу бечоралар бу чиқишимдан кейин яна чийиллаб қолишади, мақолани ўзи ëзмаган, тазйиқ остида ëзган, бизга нисбатан туҳмат қилаяпти" қабилида", деб туриб Хайрулла Ҳамидов бундай гаплардан чўчимаслиги ва уларга жавоб беражагини таъкидлайди.

"Бу ерда маҳбусларга инсон сифатида қарашади. Уларни жазолаш эмас, балки тарбиялашни истайдилар", деган мазмунда гапирган Хайрулла Ҳамидов қамоқхона маъмурлари шаънига мақтовлар ëғдиради.

Мақола-раддия сўнггида Хайрулла Ҳамидов ўз мухлисларини Озодлик радиосининг ўзи ҳақида тарқатаëтган "бўҳтон ва сафсата"ларига ишонмасликка чорлайди.

Ўзбек расмий матбуотида маҳбуслар иқрори

Ўзбек қамоқхоналарида маҳбуслардан иқрорнома олиб матбуотга чиқарилиши янгилик эмас. 1992 йилда Эрк партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси Мақсуд Бекжон ҳам қамоқда мақола ëзишга мажбур қилинган эди.

- У ерда нуқта битта – қамоқ. Бошқача бир изоҳ йўқ. У ерда ўтириб айтгани бирор-бир аҳамият касб этмайдику. Уни айтиш учун мутлақо қаттиқ қийнашган. Бунақа иқрорга жиддий бир нимада қараш керак эмас. Буларнинг иши шу. Қийнаб ўшандай бир нарсани чиқартиради. Укол қилади ë бошқа қилади, гапиртиради.

Озодлик: Овозда самимийлик борда. Ҳақиқатан ҳам одам шунақа фикрга келган бўлиши мумкинмасми?

- Самимийлик энди, у ерда қанақа самимийлик? Самимийлик у ерда чарчоқ бўлиши мумкиин. Одам тутқунликда ўтириб қанақа қилиб самимий бўлади? Эркин, озод, мустақил одам самимий бўлиши мумкин, дейди Мақсуд Бекжон.

Мақсуд Бекжоннинг республика матбуотида эълон қилинган бу “иқрорномаси”да мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ танқид қилинган эди.

Ҳозир Норвегияда сиëсий қочқин мақомида яшаëтган собиқ сиëсий маҳбус Мақсуд Бекжон, бундай “иқрорнома”ларни қамоқдаги тазйиқ меваси деб билади.

Тутқун одамнинг иқрорига ҳужжат сифатида қаралмайди

Халқаро ҳуқуқ меъëрларида тутқунликда қолаëтган одамнинг иқрори, ва у қўл қўйган ҳужжатлар ҳақиқий деб тан олинмайди. Тутқунликдан озод бўлган шахс бу иқрорномалардан бемалол воз кечиши мумкин.

Ўзбекистонлик адвокат Сергей Майоров “фуқаролар фақат эркин ҳолатдагина ўз фикрларини эркин ифода қила олади” деган фикрни билдирди.

Майоров тутқунликда имзоланган ҳужжатларни ноқонуний деб билувчи қонуний меъëрларнинг Ўзбекистон қонунчилигида йўқлигидан афсус билдирди.

Майоровга кўра, ўзбек тутқунлари ўз иқрорномаларини телекамера ва микрофонлар олдида айтишдан аввал бу матнларни ўз қўли билан ëзиб имзолаб қўйишади.

Айнан мана шу имзоланган “иқрорномалар” уларнинг “дело”сига тикиб қўйилади, дейди Майоров.

- Бу иқрорнома қамоқхона нозири олдида туриб ëзилган бўлса ҳам Ўзбекистонда бу қонуний ҳужжат ҳисобланади. Ўзбек адлия тизими Сталин репрессияларига доялик қилган СССР Бош Прокурори Вишинскийнинг “Иқрор - далиллар қироличаси” (Признание - царица доказательств) деган ақидаси асосида иш юритмоқда, дейди адвокат.

Қамоқхона воизи

Қизилтепа қамоқхонасида жазо ўтаëтган диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов бундан аввал ҳам қамоқхонада ëзилган шеър ва ваъзларини аудио ва видео шаклда жамоатчиликка тарқатган ва бу аудиоëзувлар Youtube.com порталига қўйилган эди.

"Маҳкум Хайрулла Ҳамидов Қизилтепа қамоқхонаси клубида режиссëрлик қилади, қамоқдаги маҳбусларни қайта тарбиялашга қаратилган тадбирлар уюштиради", деган эди бу шеърга муносабат билдирган Хайрулланинг онаси Муқаддас опа.

Бундан олдин Хайруллани қамоқхонада кўриб келган рафиқаси Озодлик билан суҳбатда, унинг қамоқ саҳнасида спектакллар қўйиб, маҳкумларни мутаассир қилаëтганини билдирган эди.

36 яшар Хайрулла Ҳамидов “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Қамалгунга қадар у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Хайрулла Ҳамидов 2010 йилнинг 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

2010 йил 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаган ва унинг озодликка чиқарилишини сўраб келмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Хайрулла Ҳамидов Озодликка раддия берди