Мустақиллик арафасида Ўзбекистондаги энг йирик "Бунëдкор" стадионини қабул қилиб олган президент Ислом Каримов¸ Яратгандан "шунга ўхшаш ютуқлар"дан яна кўпига етказишни сўради.
Маза қилди Юртбоши. Самимий суюнди. Самимияти сўзларидан билинди.
“Халқимизга ярашсин. Яна¸ яна шунга ўхшаган ютуқларга Яратганимиз ўзи етказсин”.
“Омин!”, дедик биз ҳам чин кўнгилдан.
“Бунёдкор” стадиони чиндан ҳам кўркам қурилибди. Ҳавас қиладиган қурилибди.
Стадионлари кўпайсин Ўзбекистоннинг! Спортчилари кўпайсин!
“Ахборот”нинг 29 август сонини томоша қилар экан, шундай тилак билдирдим мен – бир томошабин.
- Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини, жамоатчилигимизни, бутун-бутун бугун ҳаëтга кираëтган авлодимизни мана шундай ютуқларимиз билан, деди ва фикрини тугатмай ривожлантириб юборди.
Агар келтирилган гап тугалланган фикр сифатида якунланганда эди, у мантиқан “табриклайман” деган сўз билан битган бўлардики, буни бир томошабин сифатида ўзим тушуниб олдим.
Хусусан, стадионни фойдаланишга топширишга тайёрлаш учун сўнгги кунлардаги ҳашарда қатнашган корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларига, врачлар ва ўқитувчиларга раҳмат айтди.
Ҳар ҳолда, шундай ўйлашдан иззат нафсим таскин олди.
“Телевизор” эшиттириши шу ёрқин нуқтада тугаган бўларди. Лекин мен янги дамланган кўк чойни бир-икки шопириб қайтаргунимча “Ахборот”нинг олиб борувчиси “Парламент юқори палатаси кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди” деб эълон қилиб қолди.
Бу ҳақдаги сюжетни тайёрлаган мухбир эса,
“Кенгаш аъзолари Олий Мажлис Сенатининг бўлажак ялпи мажлисида муҳокама қилинадиган сиëсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаëтнинг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ҳамда либераллаштиришга, мамлакатимизда деморкатик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини, шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили давлат дастурини амалга оширишга қаратилган қонунларнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар”.
Бас шундай экан, яъни кун тартибида “сиëсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаëтнинг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ҳамда либераллаштиришга, мамлакатимизда деморкатик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш” масаласи турар экан, боз устига “демократик ислоҳотлар ўтказиш” эмас, балки уларни “чуқурлаштириш” масаласи турар экан, (демак, демократик ислоҳотлар амалга оширилиб бўлган) унда нима учун 2012 йил августидаги ҳаёт мен томошабинга 1976 йилги ҳаётни эслатаверади?
Ўшанда, бундан 36 йил муқаддам, мен – институтнинг 2-курси талабаси ҳафталаб Хадрадаги циркка қатнагандим.
Бинони ўша давр совет-партия раҳбариятига тантанали топшириш учун полга тўкилган бўёқни шиша синиғи билан тозалагандим.
Қурилиш чиқиндисини чангга беланиб қопларга қоплаган, қопларни машинага ортган, ойналарни ювган, мебел ташиган, қўлимни қонатган, шимимни йиртган эдим.
Текинга қилган эдим-эдик курсдошларим билан бу ишларни.
Орадан 36 йил ўтиб худди ўшандай ишни тошкентлик врач ҳам қилди бошқа юзлаб ҳамшаҳарлари билан бирга “Бунёдкор” стадионида.
“Кеча бориб стадионни тозаладик, ойналарни артдик, чангларни артдик. Зиналарнинг клейларини кўчирдик. Хуллас эрталаб саккиз яримдан бешгача шу ерда бўлдик. Ҳар куни 20та одам олиб кетишаяпти поликлиникадан. Овқатланганимиз йўқ”.
Бу гап “Ахборот”да кетибди, деб ўйламанг, бу гап “Озодлик”да 28 август куни кетувди.
Мен бир нарсани тушунолмай гарангман: мени – бундан 36 йил аввалги ҳали мўйлови қотмаган болачани цирк қурилишида текинга ишлатган Коммунистик Ўзбекистон билан бугунги врачни “Бунёдкор” қурилишида бир пиёла совуқ чой ҳам бермай ишлатган Демократик Ўзбекистондан нима фарқи бор?
75-нинг кузи, 76-нинг кузи, 77-нинг кузи, 78-нинг кузи, 79-нинг кузида Тошкентнинг кузги боғи қандай бўлишини кўрган эмасман.
Ўша йиллари кўзим Мирзачўлнинг чексиз далаларини кўрди; қўлларим айбсиз-айбли пахтани терди; чаноқ кесган қўлларимдан оққан қон айбсиз-айбли оппоқ пахтани қип-қизил қилди; туни билан устида сичқонлар базм қурган ўрисча аччиқ нон едим; ачиган караму қуртлаган макарон омухтаси - бўтқа ичдим; солярканинг таъми қандай бўлишини ўшандаги чойдан билдим.
Ўлмадим. Юрибман мана.
Фақат бир нарса менга – бир томошабинга пайтавамга тушган қуртдай тинчлик бермайди.
Бундан 20 йил олдин айтишувдики, мени коммунистлар эксплуатация қилдилар, энди демократия бўлади, энди укаларинг цирк тозаламайди, ярамас пахтадан яккаҳокимликни тортиб оламиз, бундан буён талаба ўқийди, тўқимачи тўқийди, файласуф гап сўқийди, ҳайдовчи ҳайдайди, сайловчи сайлайди (буёғини қофия топиб ўзингиз чексиз давом эттираверсангиз бўлаверади – муҳими моҳиятдан чалғимайсиз) дегандилар.
Қани ўша ваъдалар?
Куни кеча “Бунёдкор” стадионини текинга тозалаб берган врач опа 3 сентябр куни касалларини ташлаб Мирзачўлга кетади. Касалларининг дуолари ижобат бўлса 15 кунда, бўлмаса 1 ойда қайтади Тошкентга.
Врач опанинг қўллари айбсиз-айбли пахтани теради; чаноқ кесган қўлларидан оққан қон айбсиз-айбли оппоқ пахтани қип-қизил қилди.
Ўлмайди опа ҳам. Юровради.
Хўш, нима ўзгарди?
Ўтган аср 70-йиллари билан 21-аср 10-йиллари боши орасида қандай фарқ бор?
Коммунистик Ўзбекистон билан “Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш” устида ишлаётган Ўзбекистон ўртасида қандай фарқ бор?
Мен шу савол жавобини изладим “Ахборот”нинг 29 август сонини томоша қиларкан.
Бу савол жавобини билганлар бўлса, илтимос, хабар қилиб қўйинглар?
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди