Ўтган ойда ўзбек кинорежиссёри Аюб Шаҳобиддиновнинг "Паризод" филми Россиядаги энг йирик кинофестиваллардан бири ҳисобланган “Киношок-2012” Гран-приси соҳиби бўлди.
Бу филм фестивалнинг “Энг яхши тўла метражли филм” номинациясида ғолиб, деб топилди.
Бу филм сўнгги йилларда ўзбек киночилари эришган жуда оз муваффақиятлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонда бугун кино-видеомахсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган ташкилотлар сони 700га етган. “Ўзбеккино” миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда йилига 50 дан зиëд бадиий филм суратга олиниб, экранларга чиқарилмоқда.
Бироқ бу филмларнинг аксарияти мазмунан саёз ва маиший темаларда эканлиги айтилади.
Ўзбек киноси ва театр санъатининг етук арбобларидан бири Баҳодир Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда ўтган йили Ўзбекистонда суратга олинган 50 та филмдан бор йўғи 3 тасини кино деб аташга лойиқ деб билишини айтган эди.
Бироқ шунга қарамасдан маиший мавзуларга ўч ўзбек киносеварлари бу филмларни севиб томоша қилишади.
Хўш, ўзбек киночилари томошабин дидига қанчалик мос филмлар яратмоқда?
Ўзбек киноларидан кўнглингиз тўладими?
Ўзбек филмлари қанча кўп бўлса шунча яхшими ёки оз бўлсину соз бўлсинми?
Бугунги баҳсимизда ўзбек киносининг ашаддий мухлиси ва унинг танқидчилари иштирок этади.
Демак ўзбек киноси мухлиси, тошкентлик талаба Музаффар, 22 ёшда.
Танқидчилар эса Ўзбекистонда туғилган ва ҳозир Москвада яшаётган 30 ёшли Никита, қирғизистонлик 32 ёшли Дилхуш ва хоразмлик 44 ёшли Суҳроб Вафоев.
Никита: Ўзбекистонда яхши кино олиш ривожланмаган. Бутун киноларни ҳозир эртак қилиб юборишган. Маъноси битта. Кино бошланиши билан унинг нима билан тугашини билиб олиш мумкин. Агар кино одамнинг бир дил оғриғини экранга олиб чиқса уни кино деб атаса бўлади.
Дилхуш: Ҳар битта филмда бир хил сценарий, ўша камбағал, ўша бой, ўша севишганлар...
Музаффар: Мен бу фикрларга қўшилмайман. Мен Тошкентда яшайман, қайси янги кино чиқса ҳаммасига тушаман. Яхши кино ҳам, ёмон кино ҳам бўлади, бу бўлиши мумкин. Лекин савия жиҳатдан жуда яхши филмлар. Масалан, яқинда "Жигарбандим" деган кинони кўрдим. Зўр кино, одамни йиғлатадиган кино...
Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди