“Ўзбекэнерго” 3000 ишчисидан қарзини узди

Тошкент иссиқлик электр станцияси.

"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясига қарашли Қибрайдаги Тошкент иссиқлик электр станцияси ва Ширин шаҳридаги Сирдарё иссиқлик электр станцияларининг 3000дан зиёд ишчиси бир неча ойдан бери тўланмаётган меҳнат ҳақларини тўла олишди.


ТошИЭСи ишчилари: Озодликка рахмат!

3 декабр куни Озодлик электрон почтасига Тошкент Иссиқлик электр станцияси (ТошИЭС¸ аввалги ТошГРЭС) ишчиларига ойлик маошлари тўла берилгани ҳақидаги хабар келди.

Ўзини ТошИЭСи ишчиларидан бирининг укаси деб таништирган манбадан олинган мактубда ёзилишича, Озодлик станция ишчиларига уч ойдан буён ҳақлари берилмаётгани ҳақида мақола эълон қилганидан сўнг ишчиларга ойлик маошлари тўла берилган.

“Акам ва маҳалладаги ишчилар хурсанд бўлишди ва сизларга рахмат айтиб қўйишимни сўрашди. Тошкент иссиқлик электр станцияси ишчилари 3 ойлик маошларини олишди” дея мактуб йўллади қибрайлик йигит.

ТошИЭСининг режалаштириш бўлими ходимларидан бири ўзини таништирмаган ҳолда айтишича, бугунги кунда ишчиларнинг ойлик маошлари тўла берилган.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F70056869&show_artwork=true

“Биз ойлик бўйича қарздорликни қоплаш учун банкдан кредит олдик. Энди бошқа иложимиз бўлмади. Кредит учун маълум фоиз тўлаймиз. Лекин ишчиларимизни ўйлаб, шу қарорга келдик. Асосийси ишчиларимизнинг ижтимоий-иқтисодий шароити нормал бўлиши биз учун муҳим”, деди ТошИЭСи масъули.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ТошИЭСи ишчиси, исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдошга кўра, ўтган ҳафта у ишлайдиган бўлим ишчиларига сентябр ва октябр ойи маошлари берилган. Лекин маош нақд пул кўринишида берилмаган.

“Ойликларимизни беришди. Лекин ҳамма пулимизни пластик карточкага ўтказиб беришди. Авваллари ойлигимизнинг 50 ёки 40 фоизини нақд пулда беришарди. Бу сафар 100 фоиз пластикка ўтказишди”, деди корхона ишчиси.

23 октябр куни ТошИЭСи ишчилари 3 ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаётганидан шикоят қилиб, Озодликка мурожаат қилган эди.

27 ноябр куни эса Сирдарё ИЭС ишчилари ҳам Озодликка мурожаат қилиб, 4 ойдан буён ойлик берилмаётгани ҳақида ёзди.

Сирдарё ИЭСи ишчилари ҳам ойлик олишди

Марказий Осиёдаги энг йирик иншоот ҳисобланган – Сирдарё иссиқлик электр станцияси (Сирдарё ИЭС, аввалги Сирдарё ГРЭС) ишчилари ҳам 4 ойдан буён ололмаётган меҳнат ҳақларини ўтган ҳафта олишди.

Бу ҳақда 4 декабр куни Сирдарё ИЭС ҳисоблаш бўлимининг исмини ошкор қилмаган масъули Озодликка маълум қилди.

“Ишчиларга ойликлари тўла берилди. Ойлик учун кредит олдик. Бугунги кунда ойликдан қарзимиз йўқ. Ойликлар бўйича барча қарзларни тўла ёпдик”, деди Сирдарё ИЭСи масъули микрофонсиз суҳбатда.

ТошИЭС ва Сирдарё ИЭС мулозимлари ойлик маошларининг кечикишини иккита станцияда ҳам модернизация қилиш жараёни кетаётгани ва бу жараёнга ИЭС бюджетининг катта қисми сарфланаётгани билан изоҳлашган эди.

Сирдарё ИЭС –Марказий Осиёдаги энг катта станция

“Ўзбекэнерго” расмий сайтида ёзилишича, Сирдарё ИЭС - Марказий Осиёдаги энг йирик электр станцияси ҳисобланади.

Қуввати 3000 МВт бўлган мазкур станциянинг қурилиши 1966 йилда бошланиб, 1981 йилда якунланган.

"Сирдарё ИЭС 2001 йилда очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилган ва низом капитали 13 700 650 000 сўмни ташкил қилади", дейилган "Ўзбекэнерго" сайтида.

Айни пайтда, Ўзбекистон энергетика тизимида умумий қуввати қарийб 12,4 минг МВтни ташкил этувчи 45 та электростанция фаолият кўрсатмоқда.

ТошИЭС қуввати жиҳатда Ўзбекистонда учинчи ўринда

“Сирдарё ИЭС” ва “Толимаржон ИЭС”ларидан кейин учинчи ўринда турувчи ТошИЭСнинг биринчи блоки 1963 йилда фойдаланишга топширилган.

ТошИЭС Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси ва саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлайди.
UzDaily сайти маълумотига кўра, ҳозирда ТошИЭС қуввати 1,86 минг МВтни ташкил қилади.

ТошИЭСни модернизация қилиш лойиҳаси дастлаб 2008 йилда имзоланган. Бироқ лойиҳа ўз вақтида молияланмагани боис¸ 2010 йилда у тўхтатилиб, 2011 йилнинг декабрида қайта имзоланган.

"Ўзбекэнерго" расмий сайтида ёзилишича, ТошИЭСда модернизация 2015 йилда якунланиб, қуввати 370 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши режалаштирилган.

Янги лойиҳа ишга туширилса ТошИЭС электр ишлаб чиқаришда йилига 175 кубометр табиий газни тежаш қувватига эришиши кутилаяпти.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Ўзбекэнерго” 3000 ишчисидан қарзини узди