Инфарктга чалингани иддао қилинган хабардан 5 кун ўтиб Каримов ТВ да кўринди

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ахборот дастури лавҳасини Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов хасталигига доир хабарларга расмий раддия, деб қабул қилиш мумкин.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов чоршанба куни Оқсаройда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилган. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги тарқатган тарқатган бу хабарни расмий Остона тасдиқлади.


"Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 27 март куни Оқсаройда Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилди", дейилади расмий хабарда.

ЎзА хабарида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов фотосурати илова қилинган.

Ўзбекистон президенти фотосурати илова қилинган мақолани кейинги кунларда Интернет нашрларда пайдо бўлаётган Ислом Каримовнинг хасталигига доир хабарларга расмий раддия, деб қабул қилиш мумкин.

"Қозоғистон ташқи ишлар вазири Президент Нурсултон Назарбоев номидан Ўзбекистон Президенти ва халқига эзгу тилаклар ва чуқур ҳурмат-эҳтиром изҳор этди", дейилади яна расмий хабарда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаров жаноб Идрисовнинг чоршанба куни президент Каримов қабулида бўлгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

- Бугун Оқсаройда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Идросов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Икки тмонлама алоқаларни ривожлантириш масалалари мухокама этилди. Шунингдек, Марказий Осиёдаги мавжуд таҳдидларга қарши туришда интеграция мавзуси кўтарилди,- деди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили.

ЎзА хабарини Ўзбекистон президенти хасталигига доир хабарларга расмий раддия, деб қабул қилиш мумкин.

Умаровга кўра, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентдаги учрашув олдидан президент Ислом Каримовнинг юрак ҳуружига учрагани ҳақида 26 март куни Интернетда пайдо бўлган иддаолардан хабардор бўлган.

- Бу ҳақда Интернетдаги хабарларни ўқигандик. Лекин, Каримовнинг соғлиги ҳақда ҳеч нарса айта олмайман. Мен Ўзбекистонга борганим йўқ. Тошкентда учрашув бўлган экан, ҳаммаси жойда афтидан,- деди Илёсов.

Ўтган ҳафта мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Президент Каримов 19 март куни юрак хуружини бошдан кечиргани ҳақида хабар тарқатган эди. Ўзбекистон мухолифати бу хабар бир нечта бир-биридан мустақил манбалар томонидан тасдиқланганини айтган.

Ўзбекистон телевидениеси орқали Ислом Каримов намойиш этилганидан сўнг микрофон тутган Озодлик мухбирига жавобан ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ ўз иддаосидан қайтмаслигини айтди.

- Каримов 10 йилдан бери биостимуляторлар билан яшаб келаётган шахс. Бу ҳам бизнинг соғлом манбаларимиздан олинган маълумот. Агар бугун оёққа турган бўлса, бу бизнинг хабар ёлғонлигини англатмайди, деди Муҳаммад Солиҳ.

Сешанба куни президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам Twitter микроблог саҳифасида отасининг юрак хуружига йўлиққанига оид мухолифат манбалари тарқатган хабарни рад этди. Каримова ўз раддиясини отаси Навруз байрамида 20 дақиқа рақсга тушгани билан асослади.