Ворух - Оқсой жанжалида одамлар калтакланган, машиналар ёндирилган

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Оқсой қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух анклави аҳолиси ўртасида юз берган жанжал пайтида 4 қирғизистонлик оғир тан жароҳати олгани, 1 омборхона ва 1 автомашина ёқиб юборилгани ва ўнга яқин автомашинага зиён келтирилгани маълум қилинди.
Қирғиз расмийларига кўра, 27 апрел куни икки давлат фуқаролари ўртасида юзага келган зиддиятнинг олди ўша куниёқ бартараф этилган. Бугунги кунда Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазият барқарор экани айтилаяпти. Бироқ ҳар икки томондан чегара кучайтирлган тарзда қўриқланмоқда. 30 апрел куни воқеа жойига Қирғизистон ҳукумат комиссияси етиб келган ва жанжал сабабларини ўрганишни бошлаган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткен вилоятидаги мухбири Жениш Айдаров 29 апрел куни воқеа юзасидан Воруҳ анклави милицияси раҳбари боткенлик ҳамкасби билан учрашганини айтди. Журналистнинг маълум қилишича, Тожикистон томони қирғизистонликларга келтирилган моддий зиённи тўлаб бериш масъулиятини ўз зиммасига олган.

-Маълумотларга қараганда, қирғизистонликларга тегишли бўлган ўнга яқин автомашина ва бир омборхона ёндириб юборилган. Бундан ташқари бир қанча одамлар енгил тан жароҳати олган. Тўрт одам эса оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Тожикистон томони келтирилган зиённи тўлаб беришни ўз зиммасига олган, -деди Жениш Айдаров.

Бироқ Қирғизистоннинг Ақтатир қишлоқ округи раҳбари Мақсат Иметов воқеа пайтида тожикистонликлар номи айтилган қишлоқдаги бир қатор уйларни тошбўрон қилгани ва бир бош йилқини ўғирлаб кетганини иддао қилмоқда.
-Қишлоқ милицияси раҳбари ҳар икки томондан йиғилган оламондан вазиятни кескинлаштирмасликни илтимос қилди. Бироқ ёшлар тошбўронни бошлаб юборди. Тожикистонликларга Воруҳдаги қўшни қишлоқ раиси Собир Сафаров раҳбарлик қилиб юрди, -деди Мақсат Иметов.

27 апрел куни кечга яқин Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида низо чиққани ҳақида хабар берган эди.

Тўқўн Мамитовнинг айтишича,тожик ва қирғиз фуқаролари ўртасида жанжал чиқишига Ворух анклави атрофида Қирғизистон томонидан қурилаётган Оқсой-Тамдик автомобил йўли сабаб бўлган.

Тожикистон томони аввалданоқ бу йўл қурилишига қарши чиққан эди. Тожикистон расмийларининг билдиришича, мазкур автомобил йўли баҳсли ҳисобланган чегара ҳудудида қурилмоқда.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззаковнинг айтишича, бир неча кундан сўнг бу масалада тожик расмийлари билан музокаралар ўтказилади ва йўл қурилиши давом эттирилади.

-Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокими билан ишчи учрашуви ўтказишни режалаяпмиз. Учрашув 3 ёки 4 май куни ўтказилади. Учрашувда келтирилган моддий зиённи тўлаш, вазиятни барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинади. Тожикистон томони билан келишган ҳолда йўл қурилишини ҳам давом эттирамиз, -деди Жениш Раззаков.