Швециянинг TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистонда пора берганини фош этувчи ҳужжатли фильм муаллифларига Европанинг нуфузли медиа мукофоти берилди. Швеция жамоатчилик телевидениесининг “TeliaSonera – Ўзбек иши” номли репортажида Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинган. Озодлик билан суҳбатлашган швед журналисти Фредерик Лорин мукофотнинг берилиши кўтарилган муаммонинг нафақат Швеция, бутун Европа жамоатчилиги учун долзарб эканидан даракдир, дейди.
Швеция жамоатчилик телевидениесининг “Вазифа: текшириш” рукни остида тайёрланган “TeliaSonera – Ўзбек иши” телерепортажи муаллифлари Минтақавий телеканаллар Европа уюшмаси – Circom ташкилотининг энг зўр журналистик суриштирув номинацияси бўйича мукофотига сазовор бўлди.
Circom уюшмасининг 31-йиллик мукфотларни топшириш маросими 8 май куни Испаниянинг Галисия шаҳрида ўтказилди. Жюри аъзолари бир овоздан “TeliaSonera – Ўзбек иши” номли ҳужжатли филмни асосий мукофотга лойиқ деб топди.
Ўтган йилнинг сентябрида эфирга берилган “TeliaSonera – Ўзбек иши” филмида катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли бўлган телеком ширкати Ўзбекистон бозорига кириш учун бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинади.
“TeliaSonera – Ўзбек иши” филми муаллифларидан бири ва Circom гранприси совриндори Фредерик Лориннинг Озодликка айтишича, жюри аъзолари журналистик суриштируви ишонарли ҳужжатларга асосланганини алоҳида қайд этишган.
- Филм Европада энг зўр телерепортаж сифатида тан олинишидан биз жуда мамнунмиз, албатта. Circom мукофоти жюри ҳайъати бу қарорни бир овоздан қабул қилганларини айтишди. Улар TeliaSonera ўзбек диктаторининг қизи Гулнора Каримовага пора берганини фош қилувчи репортаж жуда муҳим эканини алоҳида қайд этишди. Филмда келтирилган фактлар жуда яхши ҳужжатлаштирилгани ва яхши ҳикоя қилинганини ҳам эътироф қилишди. Биз ишимизни тақдирлаган жюридан миннатдормиз, лекин айни пайтда бу воқеани ёритганимиздан ҳам мамнунмиз, чунки биз учун жамоатчиликни бу воқеадан хабардор қилиш ўта муҳим масала эди. Бу воқеа иложи борича кенг жамоатчилик эътиборини тортиши лозим, деб биламиз,- дейди швед журналисти.
- Бу мукофот Европадаги барча жамоатчилик телеканаллари орасида ўйналади. Яъни бу Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам бу воқеага эътирбор тортилади деганидир ва бу жуда ҳам ижобий ҳолдир. Чунки филмда жуда муҳим муаммо кўтарилган, бу ўзбек диктатори билан олди-берди қилмаслик лозимлигига бир мисолдир,- дейди “TeliaSonera – Ўзбек иши” филми муаллифи Фредерик Лорин.
“Вазифа: текшириш” журналистик суриштирув рукни доирасида тайёрланган “TeliaSonera – Ўзбек иши” филми 2012 сентябр ойида эълон қилган эди. 2012 йилнинг декабрида эса Фредерик Лорин бошчилигидаги бир гуруҳ журналистлар филмнинг иккинчи қисми - “TeliaSonera – Диктаторнинг қизи” номли ҳужжатли филмни эфирга берди.
Бу филмларда катта қисми Швеция ҳукуматига тегишли TeliaSonera Takilant воситачи ширкати орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани ҳақида гап боради.
Ҳужжатли филмларда илгари сурилган айбловлар Швеция прокуратурасининг TeliaSonera ширкати устидан тергов бошлашига, ҳамда ширкат президенти Ларс Нюбергнинг истеъфоси ва бошқарув ҳайъати таркибининг тўла алмаштирилишига сабаб бўлди.
Швеция прокуратурасидан ташқари, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам мазкур иш билан боғлиқ жиноий иш доирасида Гулнора Каримовага яқин шахслар устидан тергов бошлаган.
Circom уюшмасининг журналистик суриштирув номинацияси бўйича мукофотига швед журналистларидан ташқари Европанинг яна 19 мамлакатидан 155 телеканал даъвогарлик қилди.