Швеция суди Обид қори суиқасдига алоқадор кўрилганларни яна оқлади

Швеция суди Обид қори Назаровга суиқасдда гумон қилинган Юрий Жуковскийга жиноий шерикликда айбланган икки ўзбек - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни яна оқлади. Маҳкамани кузатган швед журналистига кўра, Сундсвалл суди аввалги маҳкаманинг гумон қилинганларни оқлаш қарорини ўз кучида қолдирган.



Швед прокурори Кристер Петерссон киритган шикоят асосида 3 июн куни бошланиб, 14 июн куни тугаган Суднсвалл шаҳрининг аппеляция тартибидаги маҳкамаси ҳайъати таниқли уламо Обид қори Назаровга қарши суиқасдга алоқадор кўрилган икки ўзбекистонликни яна оқлади.

1 июл куни маҳаллий матбуотда эълон қилинган суд қарорида айтилишича, айбланган икки ўзбек - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларга қўйилган айбловларни исботловчи техник далиллар етарли эмас, деб топилган.

Östersund Posten газетасининг ёзишича, прокурор Кристер Петерссон иккинчи суднинг ҳам аввалгиси билан айни ҳукм чиқарганидан қониқмаганини билдирган.

Озодлик ҳозирча прокурорнинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлмади.

Аммо Östersund Posten прокурор Петерссондан: "Суд қароридан хавфсалам пир бўлди. Лекин бу маҳкама, ҳеч бўлмаганда, туман судидаги маҳкамадан яхшироқ ўтди ва мен уларнинг бундай қарор олиш сабабини қабул қиламан", деган иқтибосни келтирган.

Яъни, Обид қорига қилинган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинган икки ўзбекистонликнинг асосий жиноятчи кўрилган Юрий Жуковскийни таниши, унга кўмаклашгани, ҳатто, Обид қори Назаровни топишда яқиндан кўмаклашгани маълум ва буни тасдиқловчи техник далиллар ҳам етарли.

Бироқ - энг бошидан бери бу икковлон таъкидлаб келаётгани каби - уларнинг Юрий Жуковский жиноий ниятидан ҳақиқатда ҳам хабардор бўлмаганини тўлиқ исботловчи далиллар етарли эмас.

Шу боис ҳам Петерссон Östersund Posten газетаси мухбирининг бу борадаги саволига жавобан: "Муаммо шундаки, ҳозир бу одамларни шу ҳаракатларга чорлаган мақсад, уларнинг миясида яширин қолаётган фикрлар ва мотивларни исботлаш керак. Бу эса қийиндир", деб жавоб берган.

Швед газетасининг ёзишича, прокурор Петерссон Сундсвалл суди ҳукми устидан арз қилиш ниятини ҳозирча билдирмаган.

Обид қори Назаровнинг ўғли Довудхон Обидхон ўғли ҳам суднинг қароридан норози эканини айтди.

- Уларнинг озод қилиниш қарорини мен ҳам бугун маҳаллий матбуотдан эшитдим. Албатта, бу қарор биз учун ачинарли, кутилмаган ҳол. Уларнинг айбдор экани, билиб туриб шу жиноятга қўл урганига юз фоиз ишончимиз комил эди. Биз бу қарордан қониқмаймиз ва ҳақиқат учун, бу жиноятчиларни фош қилиш учун курашни, албатта, давом эттирамиз, - деди Довудхон.

Бунга қадар ҳам икковлон - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар 2012 йилнинг 26 апрел куни қуйи суд қарори билан оқланган ва суд залидан озод қилинган эди.

Қарордан норози бўлган прокурор Кристер Петерссон киритган шикоят асосида ўтказилган навбатдаги маҳкамага 828 саҳифалик айблов хулосаси берилган эди.

Озодлик билан суҳбатда прокурор айбланувчиларга қарши янги даллилар илгари сурганини айтган ва айбланувчиларга 8 йиллик қамоқ жазосини сўраган эди.

Эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар эса 2012 йилнинг 15 майида ҳибсга олинганидан буён айбловни бўйнига олмай келмоқдалар.

Ўтган йилнинг кузида Озодликка интервю берган Нодира Аминова Юрий Жуковскийни таниши, унга кўмаклашганини ҳам тан олган, аммо унинг асл ниятидан бехабар бўлганини айтган эди.

- Жуда соддадил инсон бўлиб кўринди у бизга. Жиноятчига сира ўхшамайди. Акамнинг ўртоғи сифатида уйимизда меҳмон қилдик. Лекин, нима қилаётгани ҳақида бизга ҳеч нарса гапирмасди. Бир неча кундан кейин шу хабарни Интернетда ўқиганимиздан сўнг шок бўлиб қолдик. Чунки биз унга ёрдам берганмиз, ниятини билмаганмиз¸- деган эди Нодира Аминова.

Швед прокурори илгари сурган айблов асосида Обидхон қорига ўқ узганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси, 1978 йил туғилган Юрий Жуковскийнинг қаерда экани ҳам ҳозирча кенг жамоатчиликка номаълум қолмоқда.

Ўтган йили 12 октябр куни унинг Россияда қўлга олингани ҳақида норасмий хабар пайдо бўлган ва прокурор Петерссон бу маълумотларни шарҳламаган ҳолда қатъий хулосани тилга олган эди.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати бу хабарни тасдиқламаган, аммо, инкор ҳам қилмаган эди.

Ҳозирча ҳар икки давлатнинг мутасадди идораларидан бу борада бирор аниқ маълумот олиш имконсиз қолмоқда.

Швед прокурори таниқли ўзбек имоми Обид қорига нисбатан суиқасдни унинг сиёсий ва диний фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблашини айтган.

Бироқ, Обид қорига уюштирилган суиқасд ортида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг махсус хизмати турибди¸ деган иддаони аниқ тасдиқлайдиган далил йўқлигини ҳам таъкидлаган.

54 яшар Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Яқинларидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ўшандан бери Назаров шифохонада беҳуш қолмоқда.