Пахтадан қайтган ўқитувчи энди уйма-уй пул йиғишга жўнатилди

Ўқитувчилар бирламчи вазифалари қолиб, маҳаллий ҳокимларнинг текин мардикорларига айланиб бормоқда

Қўқон шаҳридаги мактаблар ўқитувчилари уйма-уй юриб аҳолинининг газ, электр энергияси ва коммунал хизматлардан қарздорлигини аниқлаш ва ундиришга сафарбар этилди. Қўқонлик ўқитувчиларнинг Озодликка хабар беришича, шаҳар ҳокими бу борада мактаб директорларига оғзаки буйруқ берган.

Қўқон шаҳридаги мактаб ўқитувчиларидан бирининг Озодликка ёзишича, ўқитувчиларга пахта теримида қатнашишдан ташқари яна бир вазифа юкланди:

“Пахтага навбат билан чиқаришаётганди, энди эса бизни коммунал тўловлар қарздорлигини йиғишга мажбурлашаяпти. Айтишларича, қарздорликни йиққани ишчи кучи етишмаётган экан. Дарсларимиз ўлда-жўлда қолиб, энди кўчама-кўча санқиб юрибмиз. Ўқитувчилар қачон мардикорликдан халос бўлади?”, деб ёзади қўқонлик ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчиларнинг уйма-уй юриб, қарздорликни ҳисоб-китоб қилаётгани ҳақидаги хабарни Қўқон шаҳридаги Чорсу маҳалласида яшаётган 34 ёшли уй бекаси Манзурахон ҳам тасдиқлади:

- Иккита ўқитувчи келди уйимизга, газ, свет ҳисоблагичларини текшириб кўришди. Бизнинг қарзимиз йўқ экан. Айтишларича, уларга кўчаларни бўлиб беришган экан, деди Манзурахон.

Қўқон шаҳридаги 41- мактаб директори Елена Ляхова ўқитувчиларнинг коммунал тўловлар қарзодорлигини йиғишга сафарбар этилганини тасдиқлар экан, буни ҳокимиятга ёрдам бериш деб атади:

- Бизнинг мактабдан бу ишга икки нафар ўқитувчи биркитилган. Биз уларни дарсдан озод қилганмиз. Улар уйма-уй юришаяпти. Тўғри, принципда бу нотўғри нарса. Лекин шаҳарга ёрдам керак бўлса¸ нега биз йўқ дейишимиз керак? Аҳолининг қарздорлиги ҳаддан ташқари кўпайиб кетган, электросетда эса уйма-уй юргани одам етишмайди. Биздан илтимос қилишди ва биз йўқ демадик, деди мактаб директори Елена Ляхова.

Озодлик мухбири ўқитувчиларнинг қарздорликни ундириш ишларига сафарбар этилгани хусусида изоҳ сўраб Қўқон шаҳар ҳокимлиги билан боғланди. Телефон гўшагини кўтарган ҳокимлик мулозими саволимизни обдон эшитгач, гўшакни қўйиб қўйди.

Ўзбекистонда ўқитувчилар маҳаллий ҳокимиятларнинг текин мардикорлари бўлиб қолгани айтилади. Ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этиш, қарздорликни ундириш ўқитувчиларнинг оддий иш кунларига айланиб қолган.

Жорий ийлнинг баҳорида Ўзбекистон қатор вилоятларида қарияларнинг пенсияларини пластик карточкаларга ўтказишга коллеж ўқитувчилари сафарбар этилган эди.

2012 йилнинг ноябрида Самарқанд вилоятидаги 169 та коллежнинг ўқитувчилари пахта теримидан сўнг намунавий уй-жойлар қурилишига “ҳашар”га жалб қилинди.