Бишкек суди Россия сиёсатшуносини "хавфли шахс" сифатида тан олди

Александр Князев Қирғизистон ҳукуматини ўч олишда айблади.

Бишкек шаҳар туманлараро суди россиялик сиёсатшунос Александр Князевни Қирғизистонга киритмаслик ҳақида қарор чиқарган Миллий хавфсизлик хизмати ҳаракатини асосли деб баҳолади. Бундан олти ой олдин Қирғизистонда яшовчи россиялик сиёсатшунос қозоқ-қирғиз чегарасида ушлаб қолинган ва Бишкекка киритилмаган эди.
Олти ой муқаддам Қозоғистондан асосий яшаш жойи бўлган Бишкекка хизмат сафаридан қайтаётган россиялик сиёсатшунос Александр Князев қирғиз чегарачилари томонидан ушлаб қолинган ва Қирғизистонга киритилмай ортга қайтарилган эди.

Қирғизистон Чегара хизмати бундай чора миллий хавфсизлик хизмати илтимоси билан кўрилганини маълум қилган. Миллий хавфсизлик хизмати эса бундай қарор нима сабабдан қабул қилинганини ошкор этмаган эди.

Шундан сўнг сиёсатшунос Александр Князев Бишкек шаҳар туманлараро судига Миллий хавфсизлик хизмати қарорига норозилик билдириб мурожаат қилган. Бишкек шаҳар туманлараро суди мазкур аризани кўриб чиқиб, 30 октябрда Александр Князевни Қирғизистонга киритмаслик ҳақида тўғри қарор қабул қилинган деган хулосага келди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати суднинг бундай қароридан қониқиш ҳосил қилганини билдирди:

-Александр Князевнинг мақолаларида Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар бор. Бундан ташқари, у ўз асарларида мамлакат имиджини пастга урадиган, қирғизистонликларнинг ор-номуси, миллий ғурурини ҳақоратловчи гапларни ёзган. Шу ва бошқа сабалар туфайли Миллий хавфсизлик органи уни Қирғизистонга киришини таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлган, -деди Озодлик радиосига бу борада гапирган Миллий хавфсизлик хизм атининг ўз исми айтилишини истамаган расмийси.

2013 йилнинг 1 майида Қирғизистонга киритилмаганидан бери Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида яшаётган Александр Князев Қирғизистон судининг бундай қарори ўзи учун кутилмаган воқеа бўлмаганини айтди:

-Мен бундан бошқа қарор чиқарилишини кутмаган ҳам эдим. Чунки мен олдиндан Қирғизистонда суд ва қонун йўқлигини биламан. Бу ҳолат нафақат менинг ишимда, балки 2010 йилнинг июнида содир этилган Ўш қирғинини тергов қилиш жараёнида ҳам аниқ кузатилган. Қирғизистонда масала қонун асосида эмас, ҳокимият тепасидаги шахсларнинг хохиш ва хархашасига қараб ҳал этилади. Мен буни билган ҳолда нега судга мурожаат қилдим? Чунки мен қонунга амал қилувучи одам қаторида бу жараёндан ўтишим керак эди. Мен бу қарорни Бишкек шаҳар суди, ундан кейин Олий суд ҳам ўзгартирмаслигига ишонаман. Бу билан мен дунё ҳамжамиятини диққатини Қирғизистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари нақадар соҳта эканига қартмоқчиман холос.

Сиёсатшуноснинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятга ҳукумрон шахслар нуқтаи назаридан фарқланиб турадиган ўзгача муносабат билдирилган мақолалар ёзгани учун ундан ўч олмоқда.

Россия ҳукумати, Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси Бишкек туманлараро судининг Александр Князев масаласида чиқарган қарорига ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Сиёсатшунос Бакит Бакетаев қирғиз матбуотида Князев масаласида чиқарилган суд қарорини “айбсизлик презумпцияси”нинг қўпол тарзда бузилиши сифатида баҳолади.

“Агар у айбдор бўлса, аввал унинг айбдор эканини исботлаб бериш зарур, шундан сўнггина чора кўриш керак”, деб билдирган сиёсатшунос “Кабарлар” агентлигига берган суҳбатида.

Бакит Бакетаевнинг фикрича, Александр Князевнинг мақолаларида билдирилган таҳлиллар фактларга асосланган ва далиланган. “Ҳукумат бунинг учун ўч олиши эмас, унинг таҳлилларини чуқур ўрганиб, тегишли хулосалар, керак бўлса чоралар кўриши керак”, деб ҳисоблайди сиёсатшунос.