Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов колонияга этап қилинди

“Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқов Товоқсойдаги қамоқхонага этап қилинди. Одам савдосида айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси шу йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг ҳукми билан 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.


2013 йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/3-сонли муассаса (Товоқсой)га этап қилинди.

“Озодлик”ка ҳуқуқ фаолининг жамоат ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилишича, сўнгги 1,5 ой давомида Тошкентдаги тергов изоляторида номаълум сабабларга кўра ушлаб турилган ҳуқуқ ҳимоячисининг соғлиғи қониқарли, аммо унинг узоқ муддат изоляторда ушлаб турилгани қонунга зиддир.

Бухоролик Гулшан Каримованинг аризаси билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш) билан айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси шу йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг ҳукми билан 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

"Эзгулик" жамияти бу айбловни "сиёсий буюртма" деб қораламоқда.

“Эзгулик” жамиятига кўра, Бобомурод Раззоқов устидан жиноят иши Гулшан Каримова деган аёлнинг шикоят аризаси асосида очилган.

Бу даъво аризасига кўра, гўё Бобомурод Раззоқов Гулшан Каримовани Дилфуза Равшанова исмли аёлга мажбурлаб бериб юборган, у эса Гулшан Каримовани эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

“Эзгулик” жамияти бунга қадар ёйинлаган баёнотида одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация экани таъкидлаган.

“Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроилжон Ризаев фикрича, Бобомурод Раззоқовнинг қамалиши ортида сиёсий буюртма турибди:

- Бобомурод Раззоқовнинг қамалишини Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳуқуқ ҳимоячилари, эркин сўз айтгувчиларга нисбатан ҳукумат олиб бораётган курашнинг давоми сифатида қабул қилиш керак. Мана куни-кеча хоразмлик ҳуқуқ фаоли Сергей Наумов ҳибсга олинди. Булар ҳаммаси янаги йил бўладиган парламент сайловларигача жуда ҳам кам қолган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларни, умуман эркин фикрловчи одамларни тозалашга киришилганидан дарак беради, деди ҳуқуқ фаоли Исроилжон Ризаев.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда ташкилот Бобомурод Раззоқовнинг тақдиридан жуда хавотирда эканлигини айтди:

- Бир неча куни олдин Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Акмал Саидов Женевада ўтказилган БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси ишчи гуруҳининг 16-сессиясида Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлар йўқлиги ҳақида гапирган эди. Бобомурод Раззоқовнинг тўқима айблар билан қамалиши эса жаноб Саидов айтган гапларини пучга чиқаради. Биз Ўзбекистон ҳукуматидан Бобомурод Раззоқовнинг иши қайта кўриб чиқилишини, у ишончли адвокатлар билан таъминланиб қамоқдан озод қилинишини талаб қиламиз, деди ҲРУ ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Шу йилнинг 10 июнида Бухоро вилояти ИИБ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Раззоқов ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар, хусусан, Ҳюман Райтс Уотч сингари ташкилотлари талабларига қарамай озодликка чиқарилмади.