Ўзбекистонда бензин нархи яна оширилди

2014 йил 10 январдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб бензин ва дизел ёнилғи нархи 16 - 20 фоизгача оширилди.

Вазирлар маҳкамасининг ёнилғи нархини 10 январь куни ошириш қарори бир кун аввал – 9 январь куни қабул қилинган.

Шу пайтгача 1 литри 1670 сўмда сотилган Аи-80 маркали бензиннинг янги нархи 20 фоизга оширилиб, 2005 сўм қилиб белгиланди.

Янги тарифга кўра, Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 маркали бензин 2210 сўмга, Аи-95 маркали бензин нархи 2435 сўмга чиқди. Дизел ёнилғисини АЁҚШларда топиш деярли имконсиз бўлишига қарамасдан, унинг янги нархи 1975 сўм ва ЭКО дизел нархи 2050 қилиб белгиланди.

Янги тарифлар борасидаги маълумот барча АЁҚШ раҳбарларига бугун топширилган ва шу тариқа унинг нусхаси Озодлик радиосига ҳам етиб келди.

10 январ кунидан бошлаб ёнилғи учун белгиланган янги нарх

2014 йил 1 январдан Ўзбекистонда 1 литр бензин нархи 25 сўмга қимматлаган эди.

Эндиликда ёнилғи нархининг 20 фоизгача оширилишини иқтисодчилар фавқулодда қимматлашув демоқдалар.

Тошкентдаги АЁҚШлардан бирида ишловчи катта операторнинг Озодликка айтишича, ҳукумат АЁҚШлар олдида саросиманинг олдини олиш мақсадида бензин нархини ошириш режасини сўнгги соатларгача сир сақлаган ва ҳатто айрим шохобчаларда бензин нархи оширилмаслиги ҳақида эълонлар осилган.

Сўнгги пайтда Ўзбекистон бўйлаб бензин тақчиллиги кузатилмоқда. Тошкент, Самарқанд, Урганч, Андижон шаҳарларида ёнилғи қуйиш станцияларида юзлаб автомобиллардан иборат тирбанд навбатлар юзага келган.

Мамлакатдаги бензин тақчиллиги қисман Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятининг сустлашгани билан изоҳланмоқда.

Ўтган йилнинг 20 октябрь куни куни молиявий фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган мазкур завод раҳбариятининг бир гуруҳ ходимлари қамоқда қолмоқда.

2012 йилнинг 8 июнида ҳам ушбу завод ходимларидан 30га яқин мулозими ҳибсга олинган эди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги тафтишлар боис 2013 йил ноябрь ойи бошида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати раҳбарининг биринчи ўринбосари 58 яшар Шавкат Мажидов тўсатдан ишдан олинди.

Гулнора Каримова Twitterдаги саҳифаси орқали Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи онаси Татяна Каримова бошчилигидаги қариндошлари, жумладан, холасининг ўғли Акбарали Абдуллаев томонидан назорат қилиниши ва у ерда бошбошдоқлик авж олгани ҳақида бир неча бор ёзди.

Порахўрлик, солиқларни яширганлик ва мулкни ўзлаштиришда айбланиб, 10 октябрь куни ҳибсга олинган 29 яшар Акбарали Абдуллаев ўтган ойда озод қилиниб, ҳозирда "уй қамоғи"да сақланаётгани хабар қилинди.

Иқтисодчиларга кўра, Ўзбекистондаги энергетик инқироз хомашё етишмаслиги, ёнилғини хориждан импорт қилиш ўрнига валютанинг тежалаётгани ва умуман соҳанинг давлат назоратида қолаётгани билан боғлиқ бир қатор омилларнинг жамламасидан вужудга келган.