Қоронғу шифохоналар рентген учун беморни марказга йўлламоқда

Ўзбекистоннинг аксар туманларидаги шифохоналар ва тез тиббий ёрдам марказлари электр токидаги узилишлар боис, беморларни вилоят марказларидаги муассасаларга йўллаётгани ҳақида Озодликка шикоятлар келмоқда. Маълум бўлишича, аксар қишлоқ ва туманларда кечки соат 4 дан тонги соат 7-8 га қадар электр токи берилмагани боис, шифохона ва туғруқхоналар оғир шароитда ишламоқда.



Сўнгги бир неча кун ичида Озодликка Наманган, Самарқанд, Жиззах вилоятларидан келган шикоятларда элекр токи таъминотидаги узилишлар боис шифохоналардаги аҳвол оғирлашиб бораётгани тилга олинди.

Ана шундай шикоятлардан бирида бундай дейилади (матн ўзгартиришсиз қолдирилди):

"... men namangandan bolaman ismim ... (sir bolib qolsin) uyimiz shaxarda lekn rayondan farqi qolmadi chunki gaz svet umuman yo'q biz ku mayli chidaymiz lekin kasalxonadagilarchi men sentiralniy raddom tugruqxona oldida yashayman kuniga svet ochadi u yerdagi xotinla nima qiladi bilmadim nechtada nechta xotinla aparasta vaqtida svet yoqligida bilmadim nima axvolga tushyapti qayerga muroja qilsa boladi. biron chorasi bormi odamni qadri 1 tiyin emas yarim tiyinlik xam qolmadi ...", деб ёзди Намангандан мактуб йўллаган муштарий.

Қашқадарё вилоятидан келган мактубда эса Қарши шаҳридаги шифохонада электр токи узилган пайтларда ишлатилиши кўзда тутилган генератор бузилиб қолгани боис, дарди оғир беморлар рентген ва бошқа муолажалар учун вилоят марказий шифохонасига йўллангани айтилди.

Озодлик бу мазмундаги шикоятларда номи тилга олинган шифохоналарга боғланиб, маъмуриятдан изоҳ олишга уринди.

Наманган шаҳридаги туғрухонанинг ўзини таништирмаган ходими бу йил аввалгиларига нисбатан чироқ ўчиши ҳоллари кўпайганини эътироф этди.

"Ҳозир ҳамма жойда ўчяптику свет. Бизда движоклар тайёр туради. Свет ўчишига улаймиз. Унақа свет бўлмай қолди, деган гап йўқ бизда. Операцияларнинг ҳаммасини кундузи қиламиз. Лекин энди срочний бўлиб қолса, марказийга жўнатамиз. У ерда экстренний бўлим бор, у ерда ҳар доим свет бор", деди шаҳар туғруқхонасининг ўзини таништирмаган ходими.

Шаҳардаги бир неча поликлиника ходимларидан ҳам қарийб айни мазмундаги жавоб олинди.

Самарқанд шаҳридаги муштарийлардан бири киноя қилиб ёзган "Ҳомиладор аёллар туғруқхонага керосин олиб борсинми?!" мазмунидаги саволга шаҳар туғруқхоналари ходимлари кескин норози оҳангда эътироз билдирди.

"Бунақа гапни қаердан оласизлар?! Тўғри, свет ҳозир ҳамма жойда йўқ. Лекин, роддомларга давлат движоклар берган. Кечасию кундузи свет бор бизда. Туғадиган аёлларга бензин олиб кел, деган гап бўлмаган, бўлмайди ҳам! Кимлар бунақа иғвони тарқатиб юради?!" дея норози бўлди Самарқанд шаҳридаги туғруқхонанинг мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган ходими.

Аммо шаҳардаги шифохоналардан бирининг ўзини таништиришни истамаган ходими, баъзан электр генераторлари бузилиб қолиши, бундай ҳолларда қишлоқ шифохоналари қабулга борган оғир беморларни марказий шифохоналарга йўллашини айтди.

"Ўзи ҳозир ҳамма касалхонада бор движок. Энди қишлоқлардаги шифохоналарда бузилиб қолса, бизга олиб келади ёки район марказига олиб боради. Лекин оғир касаллар ўзи тўғри районга борадику, авария бўлса ҳам, пожар бўлса ҳам ўзи районнийга борадида тўғри", деди Самарқанд шаҳридаги шифохона ходими.

Қарши шаҳридаги шифохонада эса электр генератори бузилиб қолгани боис, ўтган ҳафта рентгенга йўлланма олган беморлар кун давомида навбат пойлагани ҳақида тингловчи берган маълумотни тасдиқлаган маъмурият вакили ҳозир муаммо ҳал қилинганини айтди.

"Ремонт қилишди движокни, ҳозир ҳаммаси яхши ишлаяпти. Аппарат эрталаб соат 8 дан 4 гача ишлайди. Дўхтир ўзи келиб ёқади движокни. Лекин ҳозир бизнинг касалхона линиясида свет бор, аппарат ҳам ишлаяпти. Шу шанба куни бузилиб қолдида движок, шунга аппарат ишламай қолди", деди шаҳар шифохонаси ходими.

Қашқадарё вилоятидаги қишлоқлардан бирида қишлоқ врачлик пунктида ишлаган шифокор электр токидаги узилиш қишлоқ шифохоналари ва тиббий пунктларидаги аҳволни жуда оғирлаштирганини айтади.

- Свет йўқ, движок деганини медпунктларга бермайди. Медпунктлар фақат кундузи қабул қилади одамларни. Эрталаб 9дан кечи 3гача, келишади йўлланма ёзиб берамиз ёки бизга учрашмасданам район больницасига кетишаверади. Унақа ток билан ишлайдиган аппаратлар ҳам йўқ ҳозир,- деди қашқадарёдаги қишлоқлардан бири ишлаётган врач.


Озодликка боғланинг!

Озодлик бу йил янада кучайган энергетик тақчилликка оид мурожаатлар, шикоятлар ва хабарларни ZIMISTON-UZ блогига жамлаб бормоқда.

Бизга боғланинг, хабарларингизни йўлланг! Биргаликда муаммо кўламини аниқлаш ва ечимини топишга уриниб кўрамиз!

Озодликка боғланиш имконлари:

тел: +420 221 123 437
факс: +420 2 2112 6604
email: uzbekweb@rferl.org, ozodlikmail@gmail.com
twitter:
Skype: issakovab
WhatsApp: +420 608 549 460