Хоразмлик ўқувчилар мактабга икки боғ ўтин билан бораяпти

Хоразмлик ўқувчилар навбати билан мактабга икки боғ ғўзапоя олиб келаяпти.

Хоразм вилоятидаги табиий газдан узиб ташланган мактабларни иситиш учун печка ўрнатиш мақсадида ўқувчиларга 20 минг сўмдан “солиқ” солинди. Печкада ёқиладиган кўмир ва ўтин ҳам ўқувчилар зиммасига юкланди. Ўқувчилар навбати билан мактабга икки боғдан ғўзапоя олиб келишга мажбурланмоқда.

Печка учун 20 минг сўм

Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги 5-сонли мактабни иситиш учун ўқувчилар ҳисобидан печка ўрнатиляпти.

Бу ҳақда Озодликка WhatsApp орқали шовотлик муштарий хабар йўллади.

“Шовот туманидаги 5-сонли мактабда иситиш ускуналари ишламай ётибди. Синф хоналарини иситиш учун печка ўрнатилаяпти. Печкани синф хоналарининг бурчагига ўрнатаяптилар. Буларнинг барчаси ўқувчиларнинг пулларига қилинаяпти”, дея хабар йўллади исмини ёзмаган шовотлик муштарий.

Хоразм мактабларига шу кўринишдаги печкалар ўрнатилмоқда.

​Озодлик мухбири ушбу хабар ортидан Шовот туманидаги қишлоқ мактаблари билан боғланиб, уларнинг барчасида печкалар ўрнатилаётганини аниқлади.

Маълум бўлишича, бу жараён нафақат Шовотда балки Хоразмнинг барча туманларидаги қишлоқ мактабларида ҳам бормоқда ва пул мутлақо ўқувчилардан ундирилмоқда.

- Мактабимизда газ йўқ. Мактаб директори, ўқитувчилар, синф раҳбарлари ҳар бир ўқувчи 20 минг сўмдан олиб келса, печь қурамиз, деб пул олишаяпти, - дейди бир фарзанди мактабда ўқиётган янгибозорлик аёл исмини очиқламаслик шарти билан.

Шовот туманидаги мактаблардан бирининг директор ўринбосари исмини очиқламаслик ва овозини ёзмаслик шарти билан айтишича, мактабларга мутасадди ташкилотлардан оғзаки берилган буйруқ асосида иситиш печкалари учун ўқувчилардан пул йиғилмоқда.

Ҳар бир ўқувчига икки боғ ғўзапоя “солиғи”

Ҳазорасп туманида яшовчи, исмини очиқламасликни сўраган муштарийнинг икки фарзанди мактабда ўқийди. Унинг айтишича, мактабларга ўрнатилган печкаларга ёқиладиган кўмир ҳам ўқувчилар ҳисобидан олинмоқда.

“Кўмирни ҳам ўқувчилардан йиғилган пулга олаяпти. 200 минг сўм экан печканинг ўртача нархи. Бир синфда 20 ўқувчи бўлса, бир печкани, масалан, 10 ўқувчининг пулига олади, қолган ўқувчиларнинг пулига кўмир олиб қўяди. Қишдан чиққунча озгинадан ëқиб, бир амаллаймиз, дейишибди ўқитувчилар”, дейди ҳазорасплик муштарий.

Шунингдек суҳбатдошларимизга кўра, ўқувчилар мактабга ўтин олиб боришга ҳам мажбурланмоқда.

- Ҳар кун икки боғ ғўзапоя олиб келади, деб ўқувчиларга шундай мажбурий нима қўйиб турибди бизнинг мактабимизда. Ҳар бир ўқувчига синф раҳбари “Икки боғ ўтин олиб келасизлар. Ўтинни ëқиб, кейин кўмир ëқамиз”, деб шу шартни ҳам қўйибди, 20 минг сўмнинг ëнига. Ҳар ўқувчига икки боғ ғўзапоя. Масалан, бир синфда 30 ўқувчи бўлса, навбати келганда яна икки боғ ғўзапоя олиб боради, - дейди янгибозорлик аёл.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, агар ўқувчи ғўзапоя топа олмаса, пул бериши лозим. Ҳозирда Хоразмда бир боғ ғўзапоянинг нархи 800-1000 сўм атрофида.

Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, печка ўтган йили табиий газдан узиб ташланган қишлоқлардаги мактабларга ўрнатилмоқда.

Аммо, бошқарманинг исмини очиқламаётганимиз мулозими иситиш печкалари ўқувчилар ҳисобидан ўрнатилаётганини инкор қилди.

- Шу пайтгача газдан узилган мактабларнинг 40 фоизига печка ўрнатилган. Бу мактабларнинг барчаси кўмирга мослаштирилди. Печка ва кўмир учун маблағ таълим таъминотидан олинаяпти, - деди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Ўтган йили Хоразмнинг турли туманларидаги 70 мингта хонадон газ қувурлари қирқилиб, табиий газдан бутунлай узиб ташланди.