“Қора рўйхат”даги журналистлар уюшмаси қайддан ўтишга ҳужжат тайёрлади

Журналист Малоҳат Эшонқулова

Ўзбекистон мустақил журналистлари уюшмаси (ЎМЖУ) га Миллий телерадиокомпания собиқ журналисти Малоҳат Эшонқулова етакчилик қилмоқчи.

Эшонқулованинг Озодликка айтишича, янги ташкилот расмий Журналистлар уюшмаси эътиборсиз қолдириб келаётган вазифаларни ўз зиммасига олмоқчи.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, “Ўзбекистон мустақил журналистлари уюшмасига давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситаларида ишламаётган, ишга олиниши умуман тақиқланган, қора рўйхатга тушган журналистлар бирлашади".

Маълумки, мамлакатда Ўзбекистон Журналистлари Ижодий Уюшмаси мавжуд. Бироқ, бу ташкилот Малоҳат Эшонқулованинг фикрича, у ва унга ўхшаган мустақил журналистларни тан олмайди.

- Расмий журналистлар уюшмаси бизга ўхшаган қора рўйхатга тушган журналистларни ҳеч қачон ўз сафларига аъзл қилиб олмайди, уларни ҳимоя қилмайди, деди Эшонқулова.

Тузилаётган уюшманинг мақсад-вазифалари тўғрисидаги саволга жавобан суҳбатдошимиз мана бундай деди:

- Мақсадимиз ҳамкасбларимизнинг, айниқса мустақил журналистларнинг ҳуқуқ ва бурчларини ҳимоя қилишдир.

Эшонқулованинг айтишича, ҳозирча, мамлакат бўйлаб 20 га яқин журналист тузилаётган уюшмага бирлашиш истагини билдирган.

Ташкилот ҳозирча шаклланиш жараёнида, расмий рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатлар тайёрланди.

Эшонқулова уюшманинг расмий қайддан ўтказилишига умид қилмоқда.

- Рўйхатдан ўтказишларига умидвормиз. Биз ҳукуматга мухолиф ташкилот эмасмиз. Биз мустақил журналистлар уюшмасимиз, холос.

Малоҳат Эшонқулова суҳбат давомида билдирган фикрлардан келиб чиқиб, унга мана бу саволни ҳам бердик:

- Ўзбекистонда матбуотнинг, журналистларнинг аҳволини яхши эмас, деяпсиз. Улар ҳимоясиз, улар хоҳлаган нарсасини ёза олмайди, деяпсиз. Мана шундай шароитда Сиз бошлаган иш бир пиёла сувда довул пайдо қилишдай бесамар иш эмасми?

- Ноумид шайтон. Бўрон эсиб турган пайтда шам ёқиш фойдасиз, барибир ўчириб қўяди, деб қўл қовуштириб ўтира олмаймиз
, деди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистонда шу пайтгача журналистларнинг расмий ташкилоти - Ўзбекистон Журналистлари Ижодий Уюшмасига муқобил ташкилот тузилгани маълум эмас.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналист Малоҳат Эшонқулова ҳамкасби Саодат Омонова билан биргаликда телевидениедаги қонунбузарликларга чек қўйилишини талаб қилиб, 2010 йил, 6 декабрида Тошкентнинг марказий майдонида норозилик акцияси ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эди.

Кейинги йилларда Малоҳат Эшонқулова АҚШда тузилган “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистондаги вакили сифатида фаолият кўрсатиб келди.