“СОВА” Ахборот-таҳлил маркази ходимлари Россияда ксенофобия ва миллатчилик вазияти юзасидан навбатдаги тадқиқот натижаларини эълон қилди. “Ўнг радикал ўз қанотларини ёзди. Ксенофобия ва радикал миллатчилик ҳамда 2013 йилда унга қарши кураш” деб номланган ҳужжат муаллифлари Россияда ўтган йил давомида мигрантларга қилинган ҳужумлар сони кескин ошганини қайд этди.
“СОВА” Ахборот-таҳлил маркази ходимлари Россияда ксенофобия ва миллатчилик вазияти юзасидан навбатдаги тадқиқот натижаларини эълон қилди. “Ўнг радикал ўз қанотларини ёзди. Ксенофобия ва радикал миллатчилик ҳамда 2013 йилда унга қарши кураш” деб номланган ҳужжат муаллифлари Россияда ўтган йил давомида мигрантларга қилинган ҳужумлар сони кескин ошганини қайд этди.
13 февраль куни Москвада “СОВА” Ахборот-таҳлилий маркази ўнг радикал ҳаракатлар, муҳожирларга қарши кампаниялар ва миллатчилик муаммоларига оид таҳлилига бағишланган тадқиқот натижалари эълон қилинди.
Маърузада Россияда 2013 йил давомида “нолегал мигрантлар зачисткалари”, “этник жиноятчилик”ка қарши кураш, мусулмон жамоалари ва масжидлар қурилишига қарши ҳаракатлар, ирқчилик, ксенофобия ва миллатчилик шиорлари остида қилинган ҳужумлар сони олдингига нисбатан кескин ошгани қайд этилди.
Ҳужжат муаллифларидан бири, “СОВА” Инсон ҳуқуқлари маркази директори Александр Верховский Озодлик билан суҳбатда мигрантларга қарши бундай акциялар нафақат Москва ва Санкт-Петербург, балки Россиянинг бошқа минтақаларига ҳам ёйилганини таъкидлади:
- Бизнинг нуқтаи назаримиздан, 2013 йилда дарҳақиқат бу масалада вазият ёмонлашди. Шубҳасиз, полиция саъй-ҳаракатлари натижасида сўнгги йилларда сўниб борган ирқчилик кайфияти ўтган йили яна авж олиб кетди. Биз қанча қотиликлар бўлганини тахминан биламиз. Менимча, аслида қурбонлар сони олдинги 2012 йилга нисбатан анча кўп.
Бошқа томондан, ўнг радикал гуруҳлар ноқонуний мигрантларни аниқлашга турли рейдларни ўтказишни одат тусига киритди. Уларни номи ҳам турлича бўлиши мумкин, масалан “Рус зачисткаси” Петербургда, “Шчит Москвы”, “Светлая Русь” Москвада ва ҳоказо. Бундай ҳаракатлар аслида Россиянинг кўплаб бошқа шаҳарларида олдин ҳам ўтказиб келинган. Аммо, айнан 2013 йилда мигрантларга қарши ов кенг қулоч ёйди. Энг ачинарлиси, бу рейдлар кўпинча полиция ва ФМС ходимлари ёрдамида ўтказилмоқда. Биз мана шундай яримқонуний зўравонликнинг ўта хавфли эканидан огоҳлантираяпмиз, деди Александр Верховский.
Ҳуқуқ фаоли телевидение ва нашриётда кенг ёритилаётган рейдлар, ҳукумат вакилларининг хайрихоҳлиги миллатчиларга жиддий далда бермоқда, дейди.
Александр Верховский докладда келтирилган рақамлар фақат кенг оммага тарқагани туфайли қайд этилган ҳодисаларни акс этгани, аслида миллатчилик ва ксенофобия кайфиятида содир этилган жиноятлар сони анча кўплигини ҳам қўшимча қилди:
- Биз аниқ биламизки, ўтган йили ксенофобия руҳида 20 та қотиллик содир этилди, ваҳоланки бундан бир йил улар сони 19 та эди. Бунгача бу қотилликлар камайиб бораётган эди. Биз бу ҳужумларда 200 киши жабрлангани тўғрисида маълумот олдик, аслида бу кўрсаткич анча юқори. Айни пайтда, миллий адоват юзасидан қилинган ҳужумлар учун жавобгарликка тортилганлар сони ҳам камаймоқда. Бироқ, шунчаки ирқчилик ғояларини тарқатганлар учун жавобгарликка тортилганлар сони ҳам кўпайди. Демак, полиция ўзига осонроқ ишни танлаб олган: пичоқ билан ташланганни ушлагандан кўра, миллатчилик руҳидаги видеороликни Ютубга жойлаштирганни қамаш осонроқ, дейди миллатчилик ва ирқчиликнинг урчишида ҳуқуқ-тартибот органларининг таъсири камайиб бораётганини гапиради “СОВА” раҳбари.
Ҳужжатдан маълум бўлишича, неонацистлар ва миллатчилар ҳужумига асосан Марказий Осиё фуқаролари, хусусан ўзбеклар учрамоқда.
Маъруза муаллифлари Россияда миллатчи гуруҳлари сони ҳам кескин кўпайиб бораётгани қайдга олинганини маълум қилмоқда. Ўнг радикал миллатчилар асосан кичик тўдаларга бирлашаётган бўлса, Россия сиёсий саҳнасида “Русские” каби йирик гуруҳлар ҳам тузилаётгани айтилди.
Суҳбатдош собиқ президент Медведев қабул қилган қонунга мувофиқ Россияда Рогозиннинг “Родина”, Бабуриннинг “Россия умумҳалқ иттифоқи”, “педофилияга қарши курашчи” номини олган Тесак лақабли неонацист Максим Марцинкевичнинг “Реструкт” ҳаракатлари ҳатто партия сифатида қайддан ўтишга уриниб кўрган.
Суҳбатимиз сўнггида “СОВА” маркази директори Александр Верховский жамиятда миллатчилик ва мигрантофобиядан озиқланаётган гуруҳларнинг кучайиб бораётгани Кремлга мигрантларга қарши курашишда қўл келаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
- Бир қарашда, ҳукумат радикал гуруҳларга қарши бир маромда қаттиқ муносабат билдирмоқда. Тушунарлики, ҳаммани қамаб ташлашнинг иложи йўқ. Аммо ҳукумат бошқа ҳаракатларни ҳам амалга оширяпти-ку! Масалан, ўтган йилги муҳожирларга қарши кампания нафақат Москвада ўтказилди. У ўнг радикалларга анча қўл келди. Биринчидан, жамиятда ксенофобия кайфияти кескин ошиб кетди, иккинчидан эса, бу ҳаракатларда фаоллик кўрсатган миллатчилар куч-қувватига ишонч бағишлади, деди “СОВА” Инсон ҳуқуқлари маркази директори Александр Верховский.
“СОВА” Инсон ҳуқуқлари маркази 2011 йил давомида олиб борган кузатувларига кўра, ксенофобия ва миллий адоват асосида Россиянинг 34 минтақасида 20 киши ўлдирилган, яна 130 киши тан жароҳати олган.
Миллатчилар қўлидан 2010 йилда 42 киши ўлдирилган ва 401 киши жароҳатланган бўлса, 2008 йилда –116 кишининг ўлдирилгани ва 499 киши яралангани қайдга олинган.