18 февраль куни Қашқадарёнинг Касби туманига 11 йил давомида ҳокимлик қилган Фурқат Шарипов ишдан олинди. Озодлик манбаларига кўра, Фурқат Шарипов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ноқонуний равишда ер сотганликда айбланмоқда.
2003 йилдан буён Касби туманини бошқариб келган Фурқат Шарипов ҳокимлик курсини топширди.
Озодлик манбасига кўра, Фурқат Шарипов ноқонуний равишда ер сотганлик айблови билан ишдан бўшатилган.
“Баъзилар Фурқат Шариповни қочиб кетган деяпти. Баъзилар уни МХХ ҳибсга олганини айтаяпти”, дея хабар йўллади касбилик Озодлик манбаси.
Касби туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Фурқат Шарипов ўз аризасига кўра 18 февраль куни ишдан олинган.
“Шарипов сешанба куни ариза ёзди. Кеча Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ишдан олингани эълон қилинди”, деди туман ҳокимлигидаги ўзини таништирмаган мулозими.
Мулозимнинг айтишича, Фурқат Шариповнинг ўрнига Зафар Турсунов вақтинча ҳокимлик лавозимига тайинланган.
“Янги ҳоким ҳали тасдиқлангани йўқ. Ҳозирча Зафар Турсунов вақтинча ҳоким вазифасини бажараяпти”, деди ҳокимлик мулозими.
Мулозим Фурқат Шариповнинг "ер сотганлик айби билан МХХ томонидан ҳибсга олингани" ҳақидаги хабарни на тасдиқлади ва на инкор қилди.
Фурқат Шарипов 2003 йилда Халил Соатовнинг ўрнига тайинланган эди.
Кейинги пайтда Ўзбекистонда вилоят ва туман ҳокимлари сафларини “тозалаш” тадбири кетаяпти.
Ушбу “тозалаш” натижасида ҳокимлик лавозимидан айрилган шахслар, асосан, “Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” ва “Пора олиш” айбловлари билан ҳибсга олинаяпти.
Жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокими биринчи мовини Нарсафар Бобоев пора олганликда гумонланиб ҳибс қилинди.
18 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокими Иброҳим Ҳакимбоев, унинг ўринбосари ва туман бош архитектори ҳам пора билан боғлиқ айблов орқали ҳибс олингани хабар қилинди.
Ўтган йилнинг 19 декабрь куни Сурҳондарё вилоят ҳокими Нормўмин Чориев президент Каримовнинг кескин танқидидан сўнг ишдан олинди.
Шунингдек, декабрь ойида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев ҳибсга қилинди.
18 август куни Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Дилмурод Абдиев ҳам Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан ҳибсга олиниб, Жиноят кодексининг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
24 июл куни ҳибсга олинган Зарафшон шаҳар ҳокими Илҳом Эшмирзаев ҳам ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, катта миқдордаги давлат маблағини ўзлаштирганликда айбланди.