Тошкентда яна бир "валютчик" банкир ҳибсга олинди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани "Халқ банки" раиси Лазиз Рустамов валютафурушликда айбланиб, ҳибсга олинди. Рустамов банкка тегишли шохобчаларда АҚШ долларини ноқонуний равишда валютафурушлар гуруҳи орқали сотишни йўлга қўйганликда айбланмоқда.



"Халқ банки" бош идорасининг ўзини таништирмаган масъули Озодликка берган маълумотига кўра, “Халқ банки”нинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими бошқарув раиси Лазиз Рустамов билан бирга унинг "валютчик" шериклари ҳам ҳибсга олинган.

Суҳбатдошимиз Рустамовнинг шериклари неча киши бўлгани ва уларнинг қачон ҳибсга олинганини аниқлаштирмади.

Унинг айтишича, Тошкент шаҳар прокуратураси Валюта, солиқ жиноятларига қарши кураш Департаментининг куч ишлатар органлари билан ҳамкорлигидаги ҳаракати натижасида Лазиз Рустамовнинг хориж валютасининг ноқонуний олди-сотдисини йўлга қўйгани фош қилинган.

"Рустамов ва унинг жиноий шериклари доллар сотишнинг ноқонуний каналини йўлга қўйган. Шу канал орқали бир неча юз минг доллар даромад кўрган. У "валютчик"лар гуруҳи ёрдамида долларни фуқароларга бермай, фақат ўз манфаатларига мос тарзда сотувга қўйдирган", деди "Халқ банки" бош идораси масъули.

Тошкент шаҳар прокуратурасига яқин манбанинг Озодликка айтишича, Лазиз Рустамовнинг "валютчик" шериклари, асосан, аёллардан иборат бўлган.

"Рустамов Мирзо Улуғбек туманидаги "Халқ банки"нинг валюта сотиш шохобчаларида қанча доллар борлиги ва қачон сотувга чиқарилиши ҳақида "валютчик"ларни хабардор қилган. "Валютчик" аёллар ўз танишларини пулга ёллаб, доллар сотувга чиқариладиган вақтда шохобчалар олдида сунъий навбат ташкил қилишган. "Валютчик" аёллар ёзма равишда рўйхат тузиб, навбат йўлга қўйишган ва ичкарига фақат Рустамов одамларини киритган. Кейин бу гуруҳ Тошкент бозорларида долларни "қора бозор" курсида пуллаб келган", деди манбамиз.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расмий нашри бўлган "Ҳуқуқ" газетаси маълумотига кўра, агар Рустамовнинг "валютчик"лар гуруҳи "валюта айирбошлаш шахобчалари олдида “бегона” одамлар пайдо бўлганини кўрса, дарҳол барзанги йигитлар ва жанжалкаш аёллар ишга киришиб, турли баҳоналар билан жанжал чиқариш, керак бўлса, куч ишлатиб бўлса ҳам қўрқитиш орқали уларни навбатга киритмаслик чораларини кўриб келишган".

"Ҳуқуқ" газетасининг яна ёзишича, Рустамов ва унинг шерикларига тегишли 35,2 миллион сўм, 6100 АҚШ доллари ва 3 та “Нексия” машинаси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Лазиз Рустамов ва унинг "валютчик" шериклари билан боғлиқ ҳолат сўнгги икки ой ичидаги айни кўринишдаги иккинчи воқеадир.

Жорий йил бошида Тошкент шаҳридаги “Ипотека-банк”нинг собиқ раҳбарлари валютани ноқонуний сотишда айбдор деб топилиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тошкент прокурори ўринбосари Мирағлом Мирзаевнинг маҳаллий матбуотга берган интервьюсига кўра, “Ипотека-банк” бошқаруви раиси Отабек Жўраев ўз ўринбосари Музаффар Эрматов билан ҳамкорликда валютани ноқонуний сотиш жараёнини йўлга қўйиб, 1 миллион доллар миқдорида ноқонуний даромад топган.

Ўзбекистонда ўтган йилнинг 1 февралидан бошлаб жисмоний шахсларга нақд хорижий валюта айирбошлаш тақиқланди. Ўзбекистон резидентлари валюта алмаштиришни фақат банклар орқали нақд бўлмаган ҳолда амалга оширишлари керак бўлади.