Ўзбекистон боғчалари 20 кунлик кучайтирилган режимда қўриқланмоқда

Ўзбекистоннинг барча мактаб ва болалар боғчаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. 20 апрелдан 15 майгача барча бошланғич ўқув муассасалари ва болалар боғчалари раҳбарларига куну тун навбатчиликлар ташкил этиш тайинланди. Кўпгина холларда боғча опалар тунги навбатчиликка қолишга мажбурланмоқда. Расмийлар кучайтирилган режим сабабини очиқламаётир.


Тошкентдаги боғча мудираларидан бирининг Озодликка айтишича, тунги навбатчиликлар шаҳар халқ таълими бошқармасининг оғзаки буйруғига асосан ташкиллаштириляпти.

– Яна усиления. 15 майгача ҳар куни боғча қоровулидан ташқари камида бир одам боғчада навбатчиликка қолиши кераклигини айтишди. Туманимиз халқ таълими бўлимида кеча махсус мажлис қилиб, бизга шуни қаттиқ тайинлашди, - дейди Тошкентдаги болалар боғчаларидан бирининг мудираси.

Телефон орқали боғланганимиз Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги болалар боғчасида ҳам худди шу вазият.

Боғча опалар тунда ҳам қолиб навбатчилик қилмоқда. – Биз ҳам тунги навбатчилик қиляпмиз. Усиления дейишди, боғчаларга бегона одамлар кириб кетяпти, ҳеч ким қарамаяпти экан. Ҳозир навбатлашиб тунги дежурствога қоляпмиз, - дейди Самарқанддаги болалар боғачаларидан бирининг тарбиячиси.

Айрим боғча опалар тунда навбатчиликка қолгани учун эрларидан гап эшитаётганини айтишади.

- Оиламизда жанжалга сабаб бўляпти, эрларимиз эътироз билдираяпти. Эркакларни навбатчиликка қолдирсин, деб. Биз аёллар нима ҳам қилаолардик. Биз тарбиячимиз, қоровул эмаску, - дейди тошкентлик боғча опалардан бири.

Бундан ташқари, боғча тарбиячиларининг тунги навбатчиликка қолаётгани ўқув-тарбия жараёнига ҳам салбий таъсир этиши тайин.

Лекин, Тошкентдаги бошқа боғча мудираларидан бири навбатчиликка фақат эркак техник ходимлар қолаётганини айтди.

- Сантехник, электриклар қоляпти. 15 майгача экан, туриб беришади. Кечқурун 8дан эрталаб 8гача туришади. Кундуз кунда қиладиган ишини кечқурунга қўйдикда, - дейди тошкентлик боғча мудираси.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидагилар бошланғич таълим муассасаларида нима сабабдан тунги навбатчиликлар ташкил этилаётганига жўяли сабабни келтиришмади.

- Хавфсизлик, бизда биласизку, болалар хавфсизлиги биринчи ўринда. Бошқа сабаб йўқ бу ерда, - деди халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати мутасаддиларидан бири.

Айни пайтда ота-оналар ҳам боғчаларга чақиртирилиб, болаларига нотаниш одам билан кетмаслик кераклигини қаттиқ тушунтиришлари кераклиги ҳақида тавсиялар берилмоқда.

Бундан аввал Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларида ёш болалар ўғирланаётгани, уларнинг ички аъзолари чет элга сотиш учун кесиб олинаётгани ҳақида ваҳималар тарқаганди.

Ўтган ҳафтада Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида бедарак йўқолган 6 ёшли қизнинг жасади топилди.

Ўтган йилнинг октябрида Чирчиқда Шохруз исмли беш ёшли бола йўқолди. Уни бола ўғрилари олиб кетган, деган гап-сўзлар тарқалди.

Ўтган йилнинг июл ойида Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида икки ёшли Сўғдиёна Салимова исмли қизча ҳам йўқолиб қолган эди.

Лекин, Халқ таълими вазирлигидагилар бола ўғирлаш ҳолатларининг боғчаларда тунги навбатчилик ташкил қилинишига алоқаси йўқлигини айтишди.

- Ҳеч қанақа фавқулодда холат йўқ бу ерда. Қолаверса, навбатчиликлар биринчи марта ташкиллаштирилаётгани йўқ, - деди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг матбуот ҳизмати масъулларидан бири.

Ўтган йилнинг октябр ойида ҳам Тошкент шаҳридаги барча мактаб ва болалар боғчаларида кузги-қишки мавсумни "беталафот ўтказиш учун" махсус штаблар ташкил қилинган, ҳар куни қоровулдан ташқари уч ёки тўрт ходим туни билан штабда қолиб, иситиш қувурларини назорат қилиб туриши тайинланганди.