Қирғиз-тожик чегарасидаги тартибсизликда 60 одам жароҳатланди

Воқеа содир бўлган жой ҳаритаси.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 8 майга ўтар кечаси икки давлат фуқаролари содир этган тартибсизликлар пайтида таҳминан 60 одам жароҳат олди ва уларнинг камида 22 нафари оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Қирғизистон ҳудудида бир ёнилғи қуйиш шаҳобчаси, 3 контейнер, 2 дўкон ва 2 та юк автомашинаси ёқиб юборилди.
Қирғизистон Чегара хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, тартибсизликлар қирғиз-тожик чегарасининг Жака Ўрук деб аталувчи ҳудудида 7 май куни кеч соат саккизларга яқин бошланган ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари 8 май куни тунги соат учларга яқин мазкур ҳудудда назорат ўрнатишга муваффақ бўлган.

7 соат давом этган тартибсизликларда ҳар икки томондан 1500 одам иштирок этгани ва Қирғизистон фуқароларидан камида 14 киши жароҳат олгани айтилмоқда. Улардан 9 нафари Боткен вилоят касалхонасига ётқизилган. Бундан ташқари қирғиз расмийлари 12 милиция ходими тошбўронда қолиб жароҳатлангани, Боткен туман милицияси бошлиғининг ўринбосари Дуйшен Ниязкулов бошидан жароҳатланиб касалхонага ётқизилганини билдирмоқда.

-Кўктерак қишлоғининг турғуни тартибсизликлар бошланганида 16 калибрдаги ов милтиғи билан қўқисдан ўзини-ўзи отиб олган. Тошбўронда қолган милиция ходимларидан 12 нафари шифокорларга мурожаат қилган, -деди Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдраҳман Маматалиев.

Тожикистон томонининг билдиришича, Ворух анклавида яшовчи 8 тожикистонлик оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган, улардан бири қирғиз фуқаросининг ов милтиғидан отган ўқидан ярадор бўлган. Бундан ташқари бир нафар тожик милиционери ҳам ўқотар қуролдан оғир яралангани айтилмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати воқеа жойига етиб келган тожик ва қирғиз чегарачилари оламонни тўхтатиш учун осмонга қарата ўқ узишга мажбур бўлганини, бироқ низолашаётган томонларни тўхтатишга муваффақ бўла олмаганини билдирган.

Тартибсизликларда Қирғизистон ва Тожикистон бир-бирини айбламоқда.

“Озодлик” радиоси тожик хизматига маълумот берган Исфара расмийларидан бири Собир Сафаров маст аҳволда бўлган қирғиз ёшларидан иборат гуруҳ Ворух анклавида яшовчи фуқаронинг машинасини тошбўрон қилганидан сўнг тартибсизликлар бошланиб кетганини айтган.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдраҳман Маматалиев “Озодлик” радиоси қирғиз хизматига берган маълумотида эса воқеада тожик томонини айблади:

-Дастлабки маълумотларга қараганда, низо арзимас сабабдан келиб чиққан. Данияр Сулайманов номли фуқаромиз Тожикистоннинг Хўжааъло қишлоғидан машинасида келаётганида унинг машинасини бир аёл тўхтатади. Бу аёлни машинасига олиб, йўлда келаётса, уни тожик милиционери тўхтатади ва “Бу ерда нима қилиб юрибсан” қабилида сўроққа тутади. Шу аснода улар жанжаллашиб қолишган. Тожик милиционери телефон қилиб қўйган бўлса керак, йўлнинг муюлишида тўпланган бир гуруҳ тожик фуқаролари тошбўронни бошлаб юборади. Шундан сўнг қирғиз томонидан ҳам одамлар тўпланиб, тартибсизлик бошланиб кетган, -деди Абдраҳман Маматалиев.

8 май куни Қирғизистон парламенти қирғиз-тожик чегарасида содир этилган бу воқеа юзасидан ёпиқ эшиклар ортида тинглов ўтказди. Сўнгги маълумотларга қараганда, тингловда Қирғизистон ички ишлар вазири Абдулла Суранчиев Тожикистон томони ўт қўйиб юборилган 3 контейнер, 2 дўкон ва 2 юк автомашинаси учун товон пули тўлаб беришга рози эканини айтган. Шунингдек, ички ишлар вазири тожикистонликларни фитна уюштирганликда гумон қилмоқда.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев эса парламент муҳокамасида тартибсизликларга икки давлат ўртасидаги чегара чизиғининг аниқланмагани ортидан мазкур ҳудуднинг етарли даражада қўриқланмаётгани сабаб бўлганини билдирди.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари воқеа содир бўлган ҳудуддаги вазият назорат остида эканини билдирмоқда. Бироқ Боткенда бир гуруҳ қирғизистонликлар бўлиб ўтган воқеаларга норозилик сифатида Тожикистоннинг Исфара туманига элтувчи йўлларни ёпиб қўйгани хабар қилинди.

Сўнгги бир неча ой ичида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида ўнга яқин катта ва кичик низолар содир этилди. Шу йилнинг 11 январида қирғиз-тожик чегарасида икки давлат ҳарбийларининг ўзаро низолашуви оқибатида Қирғизистоннинг 5, Тожикистоннинг 3 чегарачиси ярадор бўлган эди.