Подмосковьенинг Пушкино шаҳрида футбол фанатини ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик Жаҳонгир Аҳмедов ўтган кечаси Москвага қайтиб келди ва полиция ходимлари томонидан ҳибс этилди. Баъзи хабарларга кўра, ўзбекистонлик муҳожир Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Россия пойтахтига келтирилган.
Жаҳонгир Аҳмедов Москвага қайтариб олиб келинди
Москва вилоятининг Пушкино шаҳридаги бозорчада маҳаллий фуқаро 22 яшар Леонид Сафьянниковни беҳостан ўлдирганликда айбланаётган Жаҳонгир Аҳмедов 16 май куни Домодедово аэропорти орқали Москвага қайтиб келди.Уни аэропортда кутиб турган полиция ходимлари ҳибсга олди, дея маълум қилди Россия ИИВси расмийси Андрей Пилипчук.
- Ўзбек диаспораси, айбланувчининг қариндошлари ва Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда Россия полициячиларига Жаҳонгирнинг қаерда эканини оператив тарзда аниқлашга ва Россияга қайтиб келишга имкон яратди. Ҳозирда у тегишли тергов ишларини юритиш учун Москвага олиб келинди,- деди Андрей Пилипчук.
Тергов қўмитасидан олинган маълумотга кўра, Аҳмедовни қўлга олишда Москва вилояти бўйича ички ишлар вазирлиги ва тергов қўмитаси ходимлари жалб қилинган. Бироқ, у ерда Аҳмедов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан келтирилгани тўғрисида пайдо бўлган хабарларни изоҳлашмади.
Терговчилар тафтишнинг дастлабки икки куни давомида ўнлаб одам сўроқ қилингани, маҳаллий бозор видеоархивидан Аҳмедов транспорт воситаси акс этган видеоёзув мусодара қилингани, Жаҳонгирнинг яқинлари сўроққа тутилиб улардан етарли маълумотлар олинганини маълум қилишди.
Бундан олдинроқ терговчилар Жаҳонгир Аҳмедовнинг Россияга қайтиб келишига унинг Россия ва Ўзбекистонда яшовчи яқинлари кўндирганини айтаётган эди.
Москва вилоятининг полиция бошқармаси ходимларидан бири Интерфакс мухбирларига Жаҳонгир Аҳмедовни Ўзбекистонда ҳибсга олишга ўзбекистонлик ҳамкасблари кўмаклашганини хабар қилган.
Озодликнинг Москва вилояти бўйича Тергов қўмитасидан олган маълумотига кўра, 13 май куни кечки соат 19:30 ларда “Пушкино” темир йўл бекати ёнидаги бозорчада “BMW” машинасини нотўғри парковка қилган 23 яшар Леонид Сафьянников ва “ВАЗ-2104” машинасидаги икки нафар муҳожир ўртасида жанжал чиққан.
Тўрт йил давомида бокс билан шуғулланиб келган Сафьянников машинасидан чиқиб ўзбекларга ташланган, бироқ ўзи зарбадан боши билан асфальтга йиқилган ва ҳушидан кетган. Энсаси билан ерга урилиб қаттиқ зарба еган Леонид Сафьянников Пушкино марказий шифохонасида жон берган.
Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111-моддаси 4-қисми (ўлимга сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш), 166-моддаси 1-қисми (ўғирлаш ниятисиз автомобилни эгаллаб олиш) ва 167-моддаси 1-қисми (бировнинг мулкига шикаст етказиш) асосида жиноий иш очилгани маълум.
“У ўз хоҳиши билан келмаган!”
Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборов Озодлик билан суҳбатда беҳосдан ўлдиришда гумонланаётган фарғоналик муҳожир ўз хоҳиши билан келмагани, унинг онаси ва хотини полиция бўлимида 1,5 сутка гаровда ушлаб турилганини иддао қилди.Ҳаракат фаоли Россия оммавий ахборот воситаларида Жаҳонгирни Ўзбекистондан келтиришда аллақандай “ўзбеклар диаспораси” вакиллари ёрдамлашгани тўғрисида хабарларни ҳам ёлғон деб атади.
- Бу ерда ўзбеклар диаспораси кафолат бериб чиқибди уни олиб келишда, деган гап пайдо бўлибди. “Ким чиқди гарантия бериб?”, саволимизга жавоб беришмаяпти. Гўё ўзбеклар жамоаси ўзи илтимос қилиб уни олиб келиб топширишда иштирок этган. Биз сўраяпмиз “Кимлар ўша диаспора вакиллари? Нима учун онаси ва хотинини қамаган вақтда уларни қўйиб юборишни талаб қилишмади, биз кафолат берамиз” демади. Бизга шуниси ҳам алам қиляпти. Мана биз диаспора етиб келдик, биз чиқамиз кафолат билан, керак бўлса адвокат берамиз, дея ишонтирди Махсуд Абдужабборов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Ёшлар” ҳаракати раиси Пушкино шаҳрида иккинчи кундирки маҳаллий полиция, миграция хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг “экстремизм” бўлими ходимлари томонидан “зачистка” бошланганини хабар қилди.
Абдужабборов Жаҳонгир Ахмедовни ўзбек милицияси томонидан ушлаб, Москвага олиб келинганини ҳам инкор этди. Маълум бўлишича, яқинлари рус полициясида гаровда қолганини ва сохта айбловлар билан уларни қаматвориш таҳдидларини эшитган Жаҳонгир ўзи Фарғона-Москва йўналиши бўйича учоққа чипта сотиб олиб кечаси 16 май куни тунгги соат 1:00 да келган ва Домодедово аэропортининг ўзидаёқ Москва вилоят полициясига таслим бўлган.
Махсуд Абдужабборовнинг сўзларини тасдиқлаган Пушкино шаҳрида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлардан бири “икки кундан буён ҳеч қаерга чиқмаётганини” Озодликка гапириб берди.
- Проспект, станцияга борадиган йўлни, ҳамма жойни ФМС, ОМОНчилар босган. Станцияга фанатлар йиғилишган эди. Фанатлардан 50 тачасини олиб кетишибди тўполонлардан кейин. Ҳозир бироз босилиб қолди. Кеча кечқурун фанатлар соат 7 да келишган бозорга. Улар бир-иккита магазинни уришган дейдилар. Кўчага ҳеч кимни чиқишни қўймаяпти. Ҳозир мана уйда ётибман. Боллар ҳозир чиқиб келишди, озгина босилиб қолган, деди. Кеча лекин 4 аертолёт бор эди. Софрино деган жойдан военний частдан 10-ча мошинада ҳарбийларни ташлаган. Бу шаҳарда ўзбеклар камроғу, тожик халқи кўп. Бу ерда чунки катта-катта заводлар кўп. Тинч шаҳар эди, маҳаллийлар билан футбол ўйнардик... Бундан кейин шароит қандай бўлади, билмадим, дейди икки кундан буён шаҳарда “зачистка” кетаётганини тасдиқлаган Алишер исмли ўзбек муҳожири.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Пушкинода миллатчилар фаоллашди
Москва вилоят полиция бошқармасидан олган маълумотларга биноан, 15 май куни Пушкино шаҳрида нобуд бўлган Леонид Сафьянниковнинг дўстлари, “Спартак” футбол ишқибозлари томонидан уюштирилган оммавий норозилик акцияси бўлиб ўтди. Маҳаллий бозорчадаги пушкинолик 22 ёшли йигит ўлган жойга йиғилганлар миллатчилик шиорларини ҳайқирган, қотилларни топиб жазолашни, шаҳардан мигрантларни қувишни ва бозорчани ёпиб ташлашни талаб қилган.
Шаҳар кўчаларига чиқиб юриш қилган намойишчилар кўчада учраган савдо расталарини вайрон қилгани, бир неча кўринишидан рус бўлмаганларни калтаклагани айтилди.
Москва вилояти бўйича Ички ишлар бошқармаси расмий вакили Олег Талдонов 15 май куни Пушкино шаҳрида миллатчилар ва фанатлар томонидан содир этилган оммавий юриш пайтидаги погромларда 57 киши ушлангани, “майда безорилик” ва “жамоат жойида спиртли ичимлик ичиш” айби билан маъмурий жавобгарликка тортилганини билдирди.
“Барча ушланган фуқаролар кейинчалик қўйиб юборилди”, деди вилоят полицияси вакили.
Айни пайтда, Пушкинода рус бўлмаганларга нисбатан “зачисткалар”ни фаол олиб бораётган Миграция хизмати вакиласи Залина Корниловадан олинган маълумотга кўра, Жаҳонгир Аҳмедов Россияда қонунан қайдда турган ва патент асосида меҳнат қилиб келган.
ФМС раҳбарияти икки кун Пушкино шаҳри ва унинг атрофларида олиб борган текширувлар натижаларини ҳам очиқлади.
“Пайшанба куни УФМС идоралари томонидан 22 объект текширилди. У ерда хориж фуқаролари жамланган экан. 70 та миграция қонунчилиги қонунбузарликлари аниқланди. Бугун қабул қилинган Пушкино шаҳар суди қарори билан Россия Федерацияси ҳудудидан 70 зиёд ноқонуний меҳнат муҳожири чиқариб юборилади”, дейилади вилоят ФМС хабарномасида.
Шу билан бирга, Пушкино шаҳридаги оммавий тартибсизликлардан хавотир олаётганини билдирган Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси аъзоси Дмитрий Галочкин “Спартак” ишқибозларини провокацияларга учмасликка, ҳукумат “жиноятни содир этганлар сўзсиз адолатли судга топширилиши”ни назорат остига олганини айтиб:
- Кўп миллатли давлатда тоқат қилиш ва барча миллатларга толерантлик руҳида муносабатда бўлиш зарур, лекин шахсга нисбатан айниқса оғир жиноятларга қарши шафқатсиз курашмоқ керак, деди.