OzodNavigator: “Хорижда болаларга қандай тарбия берилади?

Германиянинг Франция ва Швейцария билан чегарасида жойлашган Europa Park аттракцион парки.

OzodNavigator дастурининг 28 май, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 19:05 да эфирга чиқадиган сонида хорижда бўлиб қайтган ва у ерда яшайдиган ўзбекистонликлар ёрдамида “Сиз яшайдиган мамлакатда болалар қандай хордиқ чиқаради?”деган савол жавобини қидирамиз.



Ўтган ҳафта Ўзбекистон мактабларида ўқув йили тугади. Ўзбекистон бўйлаб 9.765 та мактабдан 4,5 миллионга яқин ўқувчи ёзги таътилга чиқди. Коллеж ва академик лицейларнинг 1 миллиондан ортиқ талабаси ҳам имтиҳонларни топшириб бўлгач ёзги дам олишга чиқади.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясининг 31-моддасига кўра, уни имзолаган давлатлар “боланинг дам олиш ва бўш вақтини ўтказиш ҳуқуқини, ўзининг ёшига мос келадиган ўйинлар ва кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш, маданий ҳаётда эркин қатнашиш, санъат билан шуғулланиш ҳуқуқини эътироф этиши” лозимлиги қайд этилган.

Ўзбекистон бу конвенцияга 1992 йилда қўшилган ва 1994 йилда у мамлакатда кучга кирган.

Шунга қарамай Ўзбекистонда пахта етиштиришда 18 ёшга тўлмаган миллионлаб болалар меҳнатидан фойдаланилиши халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади. Бундан ташқари, мактаб ёшидаги болаларнинг ёзги таътил пайтида ёки бошқа вақтда ўқишдан қолиб, оила тирикчилигига ҳисса қўшиши учун бозорда ҳаммоллик, ёймачилик ва ёки бошқа меҳнат билан шуғулланиши Ўзбекистонда оддий ҳолга айланган.

28 май куни Наманганда очилаётган "Баркамол авлод" спорт мусобақаси очилиш маросимидаги бадиий чиқишни саҳналаштиришга 1400 дан ортиқ ўқувчи ва талаба қизлар жалб этилгани ва 30-35 даража иссиқда мажбуран қатнаштирилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

1 июнь куни халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланади ва OzodNavigator дастурининг навбатдаги сони болалар ҳақида бўлади.

Хорижда яшайдиган ва хорижда бўлиб қайтган ўзбекистонликлар ёрдамида “Сиз яшайдиган мамлакатда болалар қандай ҳордиқ чиқаради?” деган савол жавобини излаймиз.

OzodNavigator дастурининг 28 май, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 19:05да эфирга чиқадиган сонида ҳам, одатдагидек, Ўзбекистон эмас, хориждаги ўзбеклар тажрибаси ҳақида гаплашамиз.

Сиз яшайдиган мамлакатда болалар таътил пайтида вақтини қандай ўтказишади?

Болалар ҳордиқ чиқарадиган масканлар кўпми? У ерга бориш қимматга тушадими?

Болалар ақлан ва жисмонан ривожланиши учун давлат қандай шароитлар яратган?

Хорижда болалар ўз ҳуқуқларидан хабардорми? Мактабларда болаларга ҳуқуқлари ҳақида ўргатишадими?

Сиз яшайдиган мамлакатда ҳам болалар меҳнати билан боғлиқ муаммо борми? Давлат иқтисодини кўтаришда болалар меҳнатидан фойдаланиладими?

Хорижда ҳам болаларни турли тадбирларни ташкиллатириш учун мажбуран жалб қилишадими?


OzodNavigator дастурининг навбатдаги сонида шу ва шу каби бошқа саволларга Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбеклар ёрдамида жавоб излаймиз.

OzodNavigator дастурини www.ozodlik.org вэб саҳифамиз ҳамда Озодликнинг Facebook, Одноклассники ва Youtube-даги саҳифаларимизда жонли тингашингиз ва унда иштирок этишингиз мумкин.

OzodNavigator билан ozodskype, ozodlikonline ва ozodovoz Skype манзиллари орқали боғланинг.

Хориждаги тажрибангизга асосланган ҳикоянгизни шу мақола тагида ҳам шарҳ сифатида қолдирсангиз, албатта, OzodNavigator дастурида ўқиб эшиттирамиз.

OzodNavigator билан саёҳатга марҳамат!

P.S.: Ўтган ҳафта мухбирингиз ҳам таътилда эди. 13 ва 11 ёшли фарзандларим билан Германиянинг икки шаҳрида болаларнинг хордиқ чиқариши ва ривожланиши учун мўлжалланган икки масканда бўлдик.

Руст шаҳридаги Europa Park аттракцион боғида болаларим билан болалигимга қайтгандек бўлдим.

Европада болалар дам олишда



Зинсҳайм шаҳридаги Автомобил ва технология музейида бўлиб, нега дунёдаги энг зўр автомобилларни немислар ўлаб топади, деган савол жавобини тордим.

Зинсҳайм автомобил ва технология музейи