Хорижда бўлган бухороликлар паспорт олиш учун МХХ суҳбатидан ўтмоқда

Қашқадарë вилояти Чироқчи туманида одамлар паспорт столининг олдида навбат кутишмоқда.

Бухоро вилояти Қоракўл тумани ИИБ хориждан келган фуқароларга паспорт беришдан олдин уларни миллий хавфсизлик хизматига суҳбатга юбормоқда. МХХ ходимлари эса фуқароларнинг телефонларигача текшириб, хорижда кимлар билан учрашганию диний оқимларга алоқаси бор-йўқлигини суриштиряпти.

Бундан беш йил муқаддам Россиядаги меҳнат муҳожирлигидан қайтган, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида истиқомат қилувчи Адҳамбек (исми ўзгартирилган – Таҳр.) Озодликка ёзган мактубида паспорт олиш учун ҳам МХХ туман бўлими, ҳам ИИБ да 70 ортиқ саволга жавоб берганини ёзади:

“Паспорт олиш учун яна янги тартиб жорий этилибди. МХХ идорасига бориб, суҳбатдан ўтиш керак бўлади, бўлмаса ҳужжат қабул қилмаяпти паспортга! Бу фақат четга чиқиб келганлар учун. МХХ роса саволга тутди ҳамда телефонимни титкилашди. Саволларнинг аксарияти ислом дини йўналишида бўлди. Ундан кейин ИИБга келиб яна шунақа мавзуда бланка тўлдирдим, яна шу каби саволлар, ҳолбуки Россияга бориб келганимга 5 йил бўлди. Ахир бу инсон эркинлигига таҳдид эмасми? Конституцияга зид эмасми? Умуман, аҳмоқона нарсаку бу, террорчи бўлганида ҳам қайси ақлли одам айтади мен шунақаман деб?” деб ёзади Адҳамбек.

Исми сир қолишини сўраган қоракўллик бошқа манбанинг айтишича, хорижга чиқиб келган ҳамма муҳожирлар шундай суҳбатга тортиляпти:

- Мен паспорт алмаштиргани бордим, ҳужжатларни қабул қилишдан олдин мени МХХга бориб суҳбатдан ўтиб кел деди. Бордим. Асосан, диний мавзуда 70 дан ортиқ савол берди. Саволлар асосан диний мавзуда, ким билан бўлгансиз, намоз ўқиганмисиз, ким даъват қилган, телефон номери борми, қанақа оқимларга қўшилгансиз каби бўлди. МХХ ходими савол-жавоб давомида телефонимни олиб қўйиб роса титкилади. Суҳбатдан сўнг компютердаги базага киритиб қўяркан, ва шу асосда паспорт столи сизга паспорт бераркан, - деди қоракўллик манба.

Манбанинг айтишича, ёши ва жинсидан қатъий назар муҳожирликда бўлган барча одамлар ана шундай суҳбатдан ўтгандан ва ички ишлар бўлими томонидан тузилган саволномага жавоб берганидан сўнг паспорт олиши мумкин.

Ички ишлар бўлимларида тўлдириладиган "саволнома"

Қоракўл тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бундай талаб МХХ томонидан қўйилганини тасдиқлади:

“Биздан ҳам талаб қилишяпти. Хорижда бўлганлар аввал МХХнинг суҳбатидан ўтиб келишлари шарт. Улар “добро” бергандан кейин биз ҳужжатларни қабул қиламиз”, деди ички ишлар мулозими.

"Саволнома" ёки тушунтириш хатидаги саволларга жавоб бериш Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 238 - "ёлғон гувоҳлик бериш" ва 240 - "жиноят процессини юритиш қатнашчиларининг ўз зиммасидаги вазифани бажаришдан бўйин товлаши" моддалари билан таништиришдан бошланади.

Озодлик манбаларининг айтишларича, Жиноят Кодексининг бу моддаларини эслатиш саволларга жавоб бераётган ҳар қандай одамни ҳам эсанкиратиб қўяди.

Озодлик олган маълумотга кўра, Бухоро вилоятининг бошқа туманларида ҳам шундай тартиб жорий қилинган. Бироқ, бошқа вилоятларда хориждан қайтган меҳнат муҳожирларини паспорт олишдан олдин оммавий МХХга суҳбатга чақириш ҳолати кузатилмайди.

Кузатувчиларга кўра, меҳнат муҳожирлари оқими жуда катта бўлган вилоят ва туманларга шундай тартиб жорий қилинган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда хорижда ишлаб қайтганларни рўйхатга олиш ва ички ишлар томонидан тузилган “Саволнома”га жавоб олиш тартиби жорий йилнинг баҳоридан бошланган эди.

Ички ишлар бўлимларида тўлдириладиган "саволнома"

Ички ишлар бошқармалари қошидаги Ҳуқуқбузарликни олдини олиш¸ шунингдек¸ Жиноят-қидирув бўлими инспектор ва ходимлари назоратида ўтказилаëтган бу профилактика жараëнига оид батафсил ҳисобот ҳар ой Миллий хавфсизлик хизматига тақдим этилмоқда.

Бироқ бу “саволнома”лар жавоблари МХХни қониқтирмаган шекилли, энди меҳнат муҳожирларининг ҳар бири паспорт олишдан олдин МХХга хос суҳбатга таклиф қилиняпти.

Озодликнинг ички ишлар тизимидаги манбаларига кўра, узоқ муддат хорижда, хусусан Россия ва Қозоғистонда ишлаб юрган ўзбекистонликлар тақиқланган диний оқимларга қўшилиб кетмаслиги ва қўшилганларини аниқлаш учун шундай тадбир қўлланилмоқда.

Ўзбекистонликларга кўра, бундай профилактик тадбирлар илгари ҳам бўлган, аммо МХХ даражасида суҳбатга оммавий чақирилиши илк бор кузатилмоқда.

Айни пайтда¸ 2014 йилдан бошлаб Ўзбекистонда бир йилдан кўпроқ вақт бўлмаганлар ватанга қайтиши билан аэропортларда ҳам махсус суҳбатдан ўтказилмоқда.

Бу суҳбатларда ҳам¸ гувоҳларнинг айтишларича, асосан¸ милиция бўлинмаларидаги “Саволнома”лар асосида сўроқ-жавоб ўтказилмоқда.