Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар сўмга сотилиши ҳақида эълон берилгач, Тошкентдаги автосалонларда яна ажиотаж бошланди. Жумладан, "Роҳат" салонидан машина олишни истаган юзлаб одам туни билан ухламай, навбатда турди. Бироқ, салон эгалари яна GMнинг харидоргир ва арзон эмас, қиммат машиналарига шартнома таклиф қилмоқда.
Тошкентдаги йирик автосалонларда GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни ўзбек сўмида харид қилиш учун шартнома берилиши ҳақидаги эълондан сўнг Тошкентдаги аксарият автомобиль дўконлари олдида яна ур-йиқит, тўполонлар бошланди.
Озодликнинг Тошкентдаги манбаси Учтепа тумани Алгоритм мавзесидаги автомобиль салони олдида юз берган ҳолатни суратга олиб жўнатар экан, милиция ходимлари одамларни тартибга чақиришга мажбур қолганини айтди:
- Бугун эрталаб автосалон олдидан ўтиб кетаётиб қарасам, ур-сур, тўполон. Одамлар навбатларини адаштириб қўйган шекилли, ҳамма дўконга киришга ҳаракат қилаётган экан. Беш-олти милиционер дўкон олдини тўсиб олган ва одамларни навбатга туришга чақирарди. Тахминан, 200 киши бор эди, - деди тошкентлик манба.
Тошкентнинг Сирғали массивидаги автосалонда бўлган Озодлик манбаси ур-йиқит ва тўполондан ёзиб олинган овозни тақдим этди:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бироқ, арзон ва харидоргир автомобилларга бу йилги шартномалар ҳам савдога чиқмай туриб, тугаб қолгани Озодликка маълум бўлди.
Тошкентдаги “Роҳат” автосалонининг ўзини таништирмаган сотувчисига кўра, арзон машиналарга шартнома лимити тугаган:
- Matiz машиналари охирги шартномани 10 июлда берганмиз. Nexia Donc ва Sparkларга бу йилнинг февралида бериб бўлган эдик. Сўмда ҳозир фақат Cobalt, Malibu ва учинчи позициядаги Orlando бор, - деди автосалон сотувчиси.
Тошкентдаги автомобиль савдоси ва машиналарга техник хизмат кўрсатиш маркази ходими Аҳрор Озодлик билан суҳбатда автосалонларда ҳозир фақат шартномалар берилаётгани, автомобилнинг ўзи эса келаси йилда берилишини айтди.
- Кечадан бошлаб автосалонларда шартнома бериляпти. Spark, Nexia, Damas ҳамма машина бор. Шартнома 2015 йилнинг фондидан бериляпти. Ҳаммаси келаси январдан ёки февралидан бериладиган машиналар, дейди Аҳрор.
"Роҳат" автосалони ходимига кўра, автомобил олишни хоҳлаган мижозлар машина нархининг 85 фоизини аввалдан тўлаб, шартнома имзолаганидан кейин 6-8 ой давомида янги машина олади.
- Паспорт ва солиқдан қарзингиз йўқлиги ҳақида справка билан келасиз. Шартнома имзолайсиз ва уч иш куни давомида банкка пул тўлайсиз. Шундан кейин сиз навбатга қўйиласиз. Машинангиз 6 ойдан 12 ойгача бўлган муддатда келади. Келганидан кейин ўзимиз телефон қиламиз, - деди автосалон ходими.
GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни сотиб олиш учун тўловларни амалга оширишдаги айни манзара мамлкатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилди.
Озодликнинг Термиздаги манбаси "Ҳамкорбанк"ка қоплаб пул келтириб, навбат кутиб турган сурхондарёликларнинг расмларини олиб жўнатди:
Ўзбекистонда ҳар йили август ойида автомобилларни келгуси йилда сотиб олиш учун тўловлар амалга оширилади.
Мутахассисларнинг айтишларича, бу тадбир нақд пул тақчиллиги шароитида одамлардан нақд пулни йиғиб олиш ва қора бозорда АҚШ доллари қийматини тушириш учун амалга оширилади.
Ўтган йил ҳам август ойида машина тўловлари жараёнида ур-йиқит ва тўполонлар кузатилган эди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг аксарият қисми экспорт қилиниши боис, ўзбекистонликлар олдиндан автомобил қийматининг 85 фоизини тўлашга ва бир йил мобайнида кутишга мажбур.
Айни пайтда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган автомобилларининг Россия ва Украинадаги нархлари ўзбекистонликларга сотилаëтганидан қарийб бир ярим-икки баравар арзон эканлиги кузатилади.
Йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга экани айтиладиган GM Uzbekistan қўшма корхонасида Nexia, Cobalt, Lacetti, Malibu, Gentra, Matiz, Spark ва Damas автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.