Санкт Петербургдаги қурилишлардан бирида баландликдан тушиб кетган 20 яшар сурхондарёлик меҳнат муҳожири нобуд бўлди. Қурувчи йигитнинг яқинлари унинг жасадини олиб кетиш муаммо бўлаётгани ва бунга мутассадилар эътиборини тортиш мақсадида Озодликка мурожаат қилди.
Петербургнинг Дибенко метро бекати яқинидаги кўп қаватли бино қурилишида ишлаётган ўзбек муҳожири 15-қаватдан тушиб кетиб, ҳодиса жойида ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Озодликка марҳумнинг амакиси Эргашали Қаноатов гапириб берди.
- Ислом Абдуллаев, Петербургда Дибенко метроси ёнида. У шу йилнинг феврал оийда келган пайти паспорти йўқолди. Юраверди, лекин шу яқинда – 5 кун олдин – кечаси иш бўлган. Соат ўн икки – бирлар орасида 15 қаватли бинонинг лестницасиданми, лифтиданми тушиб кетган. Жоийда ўлган,- дейди нобуд бўлган йигитнинг амакиси.
Эргаш ака жияни қурилишда малакасиз меҳнат билан шуғулланиб келганини айтади. Қурилишида иш бир неча сменага бўлинган бўлиб, Ислом кечки сменада эди, дейди у.
Эргаш ака ҳозирда жиянининг жасадини Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлганини ҳам айтади.
- У ўзи Сурхондарёнинг Ангоридан, ёши 20да бўлган, 1994 йилда туғилган. Уни эспертиза қилишган, моргга олиб кетишган. Унинг паспорт-документлари йўқлиги учун уни чиқаришмаяпти. Бошқа томондан пул масаласи... Бугун чиқарамиз деяпти. Иш берувчи “Ёрдам Бераман” деяпти, билмадим. Тобутга ҳам, экспертизага ҳам, бошқасига ҳам 3-4 минг доллар керак. У оилада катта ўғил эди, ота-онаси ажрашиб кетиб, иккита синглиси онаси билан кетган, бу отаси билан қолган. Кейин Россияга ишга келди ва шу бўлди... У ерда қишлоғимиздан ҳам боллар бор, ҳаракат қилишяпти,- дейди Саратовдан қўнғироқ қилаётганини айтган Эргаш ака.
Сурхондарёлик муҳожир Озодлик орқали мурожаат қилиб, ёш йигитларнинг нобуд бўлаётганига кўп гувоҳ бўлаётганини айтади. У ҳеч бўлмаса, нобуд бўлган мигранларнинг ўлигини Ўзбекистонга юбориш учун муайян тартиб ўрнатилиши керак деган фикрда.
- Шундай ўлим кўп бўляпти-да. Уларни олиб чиқиб кетиш қийин масала бўляпти. Бизнинг қишлоғимиздан иккинчи ўлган бола шу. Мен ишлаётган жойда ҳам Москвада гувоҳи бўлган эдим. Мен ўйлайман, бунга элчихона аралашиши керакку! Масалан, шу ерда Ўзбекистонинг фуқаролари келиб ишлаяпти, Ўзбекистонга қанча сармоя киритаяпти, оиласини боқяпти,- дейди Эргаш ака.
Озодлик сўнгги йилларда Россияда энг оғир ва хавфли ишларда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони ҳам кўпайиб бораётганини қайд этиб бормоқда.
Мутахассислар буни, энг аввало, иш берувчининг ёлланган ишчилар хавфсизлигини таъминламасдан ишлатаётгани, муҳожирларнинг эса махсус тайёргарликсиз ва етарли малакага эга бўлмасдан мураккаб ишларни бажаришга киришаётни билан боғламоқда.
Жорий йилнинг 18 сентябрида Магадан вилояти пойтахтидаги Пролетарская кўчасида олиб борилаётган канализация қувурларини қазиш пайтида иккита ўзбекистонлик меҳнат муҳожири кўчки тагида қолди.
Санкт-Петербург шаҳрининг Фонтанка дарёси бўйида қурилган кўп қаватли бинода ишлаётган Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган эди. У 26 июнь куни бинонинг учинчи қаватидан йиқилиб ўлган.
20 июнь куни Петербургнинг Қаҳрамонлар кўчаси билан Ленинский ҳиёбони туташган жойда қурилаётган бинонинг 15 қаватидан қулаган 33 яшар Ўзбекистон фуқароси ўша жойда жон ўлган.
1 июль куни Пенза шаҳридаги тиббий препаратлар ишлаб чиқарувчи корхонада чуқур ковлаётган иккита ўзбекистонлик ишчини тупроқ босиб қолди. Ҳодиса жойида бўлганлар ўпирилган ер остидан муҳожирлардан бирини тирик чиқариб олган, 22 яшар яна бири эса нобуд бўлган.