23 октябр куни Владимир вилоятининг Петушинский туманида Россияда қочқинлик сўровчи мақомида бўлган Ҳамидулло Акбаров ўғирлаб кетилди. Ўғирлаш гувоҳи бўлган ва қочқин ўғирлаб кетилаётган машина ортидан қувиб бораётган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев маҳаллий йўл полициячилари томонидан тўхтатиб қолинди ва бўлимга олиб кетилди. Айни пайтда, Акбаров ишига алоқаси бор бир гуруҳ наманганлик муҳожирларнинг Страсбург суди қарори билан Ўзбекистонга бериб юборилиши тўхтатилди.
Ўзбекистонлик муҳожир қамоқхона эшиги олдидан олиб кетилди
23 октябрь куни эрталабки соат 10-ларда Владимир вилоятида жойлашган 2-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиқарилган наманганлик меҳнат муҳожири Ҳамидулло Акбаров номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди.
“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Баҳром Ҳамроев ҳодиса гувоҳи бўлгани ва Акбаров мажбурлаб тиқиб кетилган машина ортидан қувиб, узоққа бора олмаганини Озодликка гапириб берди:
- Қора машина, номери “Т07ОМ33” “Хёндай Соната”да шу йигитни қамоқхона эшигидан чиққанда, тиқиб олиб кетишди. Мен уларнинг кетидан Москва тараф машина билан бордим. Келаётганимда бир нечта ГАИ ходимлари тўртта машинада тўхтатиб, “Нима учун чироғингизни ёқмадингиз?”, деб баҳона қилиб, мажбурлаб Петушинский ОВДга протокол тузишга олиб кетишди. Бу ерда юқоридан буйруқ бўлгани аниқ, чунки мен на жиноятчи. Ачинарлиси, мен билан келган Қирғизистон граждани бўлган йигитни узоқ текширишяпти. Уларнинг мақсади – Ҳамидулло Акбаровнинг каёққа олиб кетилганини билдирмаслик,- дейди ҳуқуқ фаоли.
Баҳром Ҳамроевга кўра, Подмосковьенинг Ногинск туманида тикувчилик қилиб кун кечириб юрган Ҳамидулло Акбаров икки йил олдин Внуково аэропортида ушланган беш наманганлик йигитга яқинлиги борлиги сабаб Ўзбекистон махфий идоралари томонидан халқаро қидирувга берилган.
Маълум бўлишича, Ҳамидулло Акбаров Россия қонунчилиги томонидан тан олинмаётган Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159- моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз) ва 244-2 моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосида қидирувга берилган.
“Бундай ўғирлашлар Россияда оммавий тус олди”, - дея давом этади “Мемориал” ташкилоти аъзоси Баҳром Ҳамроев:
- Бу стандарт ҳолатга айланди. Брянскдан ўғирлаб кетишди, Саратовдан ўғирлашди, Самарадан, Нижний Новгороддан Ўзбекистон махфий хизматлари ўғирлаб кетяпти. Ўз халқини хонавайрон қиляпти булар! Ўз ёшларини қатағон қилиш билан шуғулланаяпти. Ахир, биз Ўзбекистон ҳукуматини севмасак биз жиноятчи бўлмаймизку?!- дейди суҳбатдош.
Баҳром Ҳамроев Ҳамидулло Акбаровнинг рафиқаси уч нафар боласи билан Подмосковьеда қолганини эслатди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“МХХ самолетда 8 кишини олиб кетяпти”
Бу суҳбатдан бир неча соат ўтиб, 23 октябрь куни кечки пайт Баҳром Ҳамроев унга ўғирлаб кетилган Ҳамидулло Акбаровнинг ўзи қўнғироқ қилиб, Тошкентга учаётган самолётда ўтирганини маълум қилганини айтди:
- Оқшом мен Петушинский район ОВДсидан чиқиб Москвага келганимдан кейин, телефон қилиб қолишди. “Ҳамидулломан”, деди. Мен уни овозини танийман, Внуково аэропортида, самолётда ўтирган экан. 22:08 менга телефон қилиб, “5-10 минутдан кейин биз учиб кетамиз, ака! Мендан ташқари бир ўзбек аёл ва олтита эркак йигитларни мен билан бирга СНБ ходимлари олиб кетяпти”, деди. Мен “Қайси ҳужжат билан кетяпсиз?”, деб сўрадим. “Возврашчение на Родину!”, деди. Мана, “Ватанга қайтиш” сертификати элчихона тарафидан қай ҳолатда берилди??? Ахир уни фақат Ўзбекистон элчихонаси беради!дейди Ҳамидулло Акбаров билан бирга учоқда яна 7 нафар ўзбекистонлик олиб кетилганини билдирган ҳуқуқ ҳимоячиси.
Баҳром Ҳамроев сўзларича, Ҳамидулло Акбаров 2012 йилнинг декабрида Москва тергов изоляторида ўзини осиб ўлдирган наманганлик 19 яшар муҳожир Абдусамад Фазлиддиновнинг яқин қариндошидир. Марҳум Абдусамад Калининграддан ишлаб қайтаётганда 2012 йилнинг 15 ноябрида Москванинг “Внуково” аэропортида маҳаллий полиция ходимлари томонидан ушлаб қолинган эди.
У билан бирга Наманганга учиб кетаётган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси - 23 ёшли Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 20 ёшли Низомов Авазбек, 32 ёшли Жалолбоев Олим ва 29 ёшли Жалолбоев Ҳакимлар ҳам самолётдан тушиб қолдирилган эди. Озодлик анчадан бери кузатиб бораётган бу йигитлар Ўзбекистонда Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти фаолиятига алоқадорликда ва “ваҳҳобийлик” оқимига алоқадорликда айбланиб халқаро қидирувга берилгани маълум.
Бироқ, Баҳром Ҳамроев 1,5 йил қамоқда ўтириб чиққан Ҳамидулло Акбаров Владимир колониясида диний экстремизм учун эмас, балки “қалбаки пулларни тарқатиш” айблови билан ўтирган. У ойликка олган сохта пуллар билан супермаркетда харид қилганида қўлга тушган экан.
Страсбург суди: “Авазбек Низомов Ўзбекистонга берилмасин!”
Ҳамидулло Акбаровнинг ўғирлаб кетилишидан икки кун олдин “Мемориал” маркази Европа Инсон ҳуқуқлари бўйича судининг яна бир наманганлик йигит – Авазбек Низомов иши юзасидан қарори кучга кирганини хабар қилди.
“Мемориал” адвокати Роза Магомедова Озодлик Радиосига 20 ёшли Авазбек Низомов билан бирга икки йилдан бери аввал экстрадиция, кейин депортация баҳонасида қамоқда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари - 23 ёшли Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 32 ёшли Жалолбоев Олим ва 29 ёшли Жалолбоев Ҳакимлар Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги ва уларга Россияда вақтинчалик қочқинлик мақоми берилиши кераклиги тўғрисида суд қарори борлигини маълум қилди. Ҳимоячи наманганлик бу йигитлар 2 йил давомида Ўзбекистонга бериб юборилиши хавфи остида яшаганини эслатди.
- Улар барчаси “Северний”даги марказда сақланмоқда, хавфсизлиги учун шу маъқул. Аммо Европа судида биз ютиб чиқдик: эндиликда йигитлар қочқинлик мақомига топширса бўлади. Лекин мен уларнинг хавфсизлигини қандай таъминлай олишни билмаяпман. Улар олдида энди қочқинлик мақомини олиши, Бабушкин ва Москва шаҳар судининг депортация қилиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш вазифаси турибди. Аммо улар ҳам ўғирланиб кетиши хавфи сақланиб қолмоқда, деди “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази ҳимоячиси Роза Магомедова.
2014 йилнинг 28 феврал куни эрталаб Калининграднинг Гвардейский туманидаги 7-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиққан Жалолбоевлар дан яна бири - Латиф ўғирлаб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.